Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ёш Муҳаммад улғайиб катта бўлганидан кейин яқиндагина онаси билан шу туяда келишганини эсларди. Умму Айман унинг кўзёшларини артиб борарди. Гўё ортларидан онаси келиб қоладигандек ёш Муҳаммад орқаларига ўгирилиб қўярди. Умму Айман уни бағрига олиб, бошини силаб-силаб қўйганини сира-сира эсдан чиқармади.
Уларни кутиб олишга Абдулмутталиб чиқди. Бўлган воқеадан бехабар бобо олдига югуриб келган набирасининг қайғули юзини кўриб ҳайратланди. “Нима бўлди, болам, онанг қани?” деб сўради. Гўдак жавоб бермай йиғлайверди. Абдулмутталиб таажжубланиб турганида Умму Айман йўлда нима бўлганини айтиб берди. Қария қаттиқ қайғуга тушди.
Нур юзли набирасини бағрига босиб, кўзларига термулди. “Жоним болам, энди ота-онанг ҳам, бобонг ҳам мен бўламан. Ғам чекма, доимо сенинг ёнингдаман”, деб кўнглини кўтарди.
Бобо берган сўзига оғишмай амал қилди. У чиндан ҳам бу набирасини бошқаларига қараганда бошқача яхши кўрар, ёнидан бир қадам жилдирмас, ҳеч кимга ишонмасди. Ҳар гал юзига қараганида гоҳ ўғли Абдуллоҳни, гоҳ келини Оминани эслаб, йиғлаб оларди. Одамлар ҳайбати ва салобатидан қўрқадиган Абдулмутталибнинг уйига фақатгина ёш Муҳаммад ижозатсиз кира оларди. Ҳали ёш бўлишига қарамай, баъзи нарсаларда бобо ундан маслаҳат сўрар ва гапига қулоқ тутарди. Олдига таом келтиришса, набираси келмагунча овқатга қўл чўзмасди.
Кунларнинг бирида ажойиб воқеа содир бўлди. Ёғин камлиги сабабли Маккада қурғоқчилик бўлиб турарди. Ўша йили ҳам шундай бўлди. Ҳамма қаттиқ ташвишланди, чорва моллари нобуд бўлишидан хавотирга тушишди. Чунки молларга озуқа қолмаганди. Одамлар Абдулмутталибнинг уйига кёлиб: “Каъбанинг Робби бўлган Аллоҳга дуо қилайлик, ёмғир ёғдирсин. Биз бир неча кундан бери дуо қиляпмиз, аммо ижобат бўлмаяпти”, дейишди.
Эртаси куни бутун қавм тўпланиб тоғ томондаги тепаликка чиқди. Кичкина Муҳаммад ҳам улар билан чиқди. Абдулмутталиб қўлини дуога очди: “Эй ушбу Каъбанинг Эгаси, Иброҳим алайҳиссаломнинг Рабби бўлган Аллоҳ, бизга раҳм эт, устимизга ёмғир ёғдиргин”, деди. Шу пайт ёнида турган набирасига кўзи тушиб айтди: “Мана бу етим набирамнинг ҳурматидан бизга ёмғир ато қилгин”. Боланинг ҳам қўлчалари дуога очилди. Осмон мусаффо, қуёш чарақлаб турар, бир дона ҳам булут кўринмасди. Аммо бирдан узоқдан булут кўзга ташланди. Абдулмутталиб ҳайратланиб самога қаради. Булут бир зумда Макка устига етиб келди. Чақмоқ чақиб, момақалдироқдан кейин ёмғир қуя бошлади. Одамлар уйларига боргунига қадар бутун уст-бошлари ҳўл бўлиб кетди.
Албатта бу воқеанинг ҳикматини ҳеч ким билмасди. Фақатгина Абдулмутталиб берилган бу неъмат нур юзли набираси сабабли эканини тушуниб турарди.
Вақт ўтар, ҳамиша набирасини етаклаб юрадиган Абдулмутталиб ҳам аста-секин қариб, кучдан қолиб борарди. Бир куни ёш Муҳаммад яна оғир синовга дуч келди. Онасидан айрилгач, бобоси Абдулмутталибга қаттиқ ўрганиб қолган эди. Энди шу меҳрибон бободан ҳам айрилиш арафасида эди. Ота-онам ҳам, бобом ҳам сиз деб суянган тоғидан жудо бўлиш осон эмас. Албатта, бу синовларнинг барчаси Аллоҳнинг иродаси ила содир бўларди.
Ажали етганда ҳар бир жоннинг вафот этиши аниқ ҳақиқат. Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасига “Бунинг фалон иши бор экан, тугатиб олсин”, “Етим боласи бор экан, катта бўлсин”, “Узатиладиган қизи бор экан, тўйини кўрсин”, деб муҳлат бермайди.
Абдулмутталибни ҳам ажал излаб келди. Бир куни бу дунёни тарк этишини яхши билган Абдулмутталиб нур юзли набирасидан айрилишни истамасди. Жон бериш арафасида атрофига олазарак боқиб “Муҳаммадим қани?” деб сўради. Атрофдагилар севимли набирани олдига олиб келишди. Абдулмутталиб: “Кел, болам, олдимда ўтирсанг, бироз енгил бўламан”, деди. Бу нурли набирасининг қўлларидан ўпиб, ҳидлаб, бағрига босар экан, чиройли кўзларидан оқаётган ёшларни кўриб сабри чидамади.
Қария ҳамма фарзандларини тўплаб: “Мен вафот этсам, бу набирамга ким ғамхўрлик қилади?” деб сўради. Ҳамма амакилари ёш Муҳаммадни ўзи билан бирга олиб кетишни истади. Чунки бу бола қаёрга борса, ўша ерга файзу барака ёғилишини яхши билишарди. Абдулмутталиб бу гал набирасидан сўради: “Ўзинг нима дейсан? Қайси амакинг билан қолишни хоҳлайсан?” Гўдак индамай ўрнидан туриб, ҳалқа бўлиб ўтирган амакилари орасидан Абу Толибнинг қучоғига борди. Шу тариқа қарор қабул қилинди. Демак, ёш Муҳаммад Абу Толибни танлади.
Абу Толиб отаси Абдулмутталиб каби ёш Муҳаммадни ҳам, иниси Абдуллоҳни ҳам жуда яхши курарди. Жони узилаётган Абдулмутталиб суюкли набирасининг севикли ўғли Абу Толиб билан қолаётганидан кўнгли тўлди. Охирги нафасида ҳам ёш нурли набираси юзига термилиб тураркан, Абу Толибга уни омонат топширганини, асло озор бермаслик ва меҳрини аямаслигини васият қилиб оламдан ўтди.
Абдулмутталибнинг вафоти бутун Қурайш қабиласи, айниқса, ҳошимийлар хонадони учун оғир жудолик бўлди. Салобатли, ақл-фаросатли ва ўз қавми учун жонини фидо этишдан ҳам қайтмайдиган инсондан айрилдилар. Абдулмутталибнинг дафн маросимида бутун қабила иштирок этди. Улар тобутни кўтариб кетишар экан, ёш Муҳаммаднинг кўзларидан тинмай ёш оқарди. Бу синовларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан ёш Муҳаммадни пайғамбарликка тайёрлаш учун эди. Ҳаммаси уммат, дин, сиз ва биз учун эди.
“Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ” китобидан
Қуръони каримда “ОНА” сўзи улуғвор ва мўътабар нарсаларни ифодалаш учун қўлланилади. Шунингдек, Аллоҳ таоло уларга ҳеч кимга насиб қилмаган буюк мақомни инъом этган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Луқмон сурасида: “Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир” деган (14-оят).
Муфассир Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳ таоло бу оятда онанинг хизматини алоҳида таъкидлаб ўтгани, оналарнинг даражаси юқори эканига ишора қилади”, деган.
Ўз ҳавои нафсларидан бирор сўз айтмаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кимга яхшилик қилиш кераклиги сўралганда уч бора “онангга яхшилик қил” деб жавоб берганлар.
Онанинг вазифаси – фарзандни дунёга келтириш, боқиш ва уни тарбиялаб вояга етказиш билан чекланадими ёки уларнинг бунданда бошқа муҳим ҳамда каттароқ масъулиятлари борми?
Бу саволга замонавий илм-фан бизга жавоб беради...
Келинг, саволга жавобни она қорнида ривожланадиган ва она танасининг ажралмас қисми ҳисобланган ҳомиладан бошлайлик. Онанинг жисмоний ҳолати ва унинг овқатланиши ҳомилага таъсир қилганидек, онанинг ҳиссий ҳолати ҳам таъсир қилади.
2013 йилда Гранада (Испания) университети олимлари 5 йил давомида тадқиқот ўтказишди. 17 минг нафар оналар ва 18 минг чақалоқлар қамраб олган тадқиқотда соғлом овқатланиш ва эмизишнинг фарзанд саломатлигига таъсирини кузатдилар.
Унга кўра, ҳомиладорлик вақтида оналарнинг тўғри овқатланиши ва диета қилиши – фарзанднинг соғлом туғилиши ва ривожланиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилиши аниқланган. Тадқиқотда онанинг ақлий салоҳиятининг юқори бўлиши фарзандга катта таъсир этиши исботланган.
Шунингдек, онанинг руҳий ҳолати ҳомилага тўғридан-тўғри таъсир қилиши кузатилган. Руҳий тушкунлик, депрессия, қайғу ва ташвиш ички стресс, хусусан, кортизол гормонини келтириб чиқаради.
Она тушкунликка тушганда кортизол фарзанд миясининг ривожланишига салбий таъсир қилади. Натижада бола мия қисмидаги ўзгаришлар сабабли безовтаналади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кортизол гормони қондаги кислород миқдорига, натижада боланинг нафақат туғма нуқсонлар билан ёки эрта туғилиши, ҳатто унинг бутун келажакдаги ҳаётига таъсир қилиши мумкин.
Стрессни бошдан кечирган ҳомиладор аёллардан дунё келган фарзандларда руҳий касалликлар, семириш, қанд касаллиги, саратон ва асаб тизими касалликлари эҳтимоли ҳам уларда юқори бўлган.
Хавотирли ери шуки, бу аломатлар келгуси авлодга ҳам ўтган. Ҳа, унинг асорати нафақат фарзандлари, балки набираларининг ҳаётларига таъсир ўтказган.
Онанинг боласига бўлган ғамхўрлиги ва меҳри фарзанднинг мактабдаги фанларни яхши ўзлаштиришни, айниқса, математика ва чет тиллари каби фанларни пухта ўрганиш қобилиятини ҳамда ўқиш кўникмаларини шакллантиради.
Шунингдек, олимларнинг таъкидлашича, болага ижобий таъсир кўрсатадиган энг муҳим омиллардан бири бу – она-бола ўртасидаги илиқ муносабатлар саналади. Онанинг стресс ҳолати эса, фарзанднинг миясига жиддий таъсир қилади.
Миянинг тубига кириб боришга имкон берувчи сўнгги технологиялар онанинг меҳр-муҳаббати бола миясининг гиппокампус деб аталадиган қисмига таъсир қилиши аниқланган. У хотира ҳужайраларининг янгиланиши, ёдлаб қолиш қобилияти ва стрессга жавоб бериш вазифаларини бажаради.
Бошқа бир тадқиқотга кўра, гиппокампус кўрсаткичи онасидан меҳр кўрганларда меҳр кўрмаган болаларга қараганда юқори экани кузатилган.
Руминияда ёшлигидан стрессда, бепарво муносабатда улғайган болалар устида олиб борилган тадқиқот натижаларида уларнинг мия қисмида қора туйнуклар борлиги аниқланган.
Герҳард Сую ўзининг “Муҳаббат қандай таъсир қилади?” номли китобида “Фарзандга қилинган ҳар қандай муносабат унинг мия фаолиятига таъсир қилади. Агар фарзандга доимий равишда қаттиққўллик, дўқ-пўписа қилинса, у асабий, қўрқоқ, ўз фикрини эркин баён эта олмайдиган бўлиб вояга етади”.
АҚШда 3 мингга яқин шахслар ўртасида ўтказилган сўровномада, она ва бола ўртасида соғлом ҳиссий муносабатлар мавжуд бўлса, уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига ижобий таъсири 74 йил давом этиши мумкинлигини аниқланган.
Демак, фарзанднинг нафақат соғлом, балки салоҳиятли бўлишида ҳам Оналарнинг ўрни ва масъулияти шунчалик юқори экан.
Даврон НУРМУҲАММАД