Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ёш Муҳаммад улғайиб катта бўлганидан кейин яқиндагина онаси билан шу туяда келишганини эсларди. Умму Айман унинг кўзёшларини артиб борарди. Гўё ортларидан онаси келиб қоладигандек ёш Муҳаммад орқаларига ўгирилиб қўярди. Умму Айман уни бағрига олиб, бошини силаб-силаб қўйганини сира-сира эсдан чиқармади.
Уларни кутиб олишга Абдулмутталиб чиқди. Бўлган воқеадан бехабар бобо олдига югуриб келган набирасининг қайғули юзини кўриб ҳайратланди. “Нима бўлди, болам, онанг қани?” деб сўради. Гўдак жавоб бермай йиғлайверди. Абдулмутталиб таажжубланиб турганида Умму Айман йўлда нима бўлганини айтиб берди. Қария қаттиқ қайғуга тушди.
Нур юзли набирасини бағрига босиб, кўзларига термулди. “Жоним болам, энди ота-онанг ҳам, бобонг ҳам мен бўламан. Ғам чекма, доимо сенинг ёнингдаман”, деб кўнглини кўтарди.
Бобо берган сўзига оғишмай амал қилди. У чиндан ҳам бу набирасини бошқаларига қараганда бошқача яхши кўрар, ёнидан бир қадам жилдирмас, ҳеч кимга ишонмасди. Ҳар гал юзига қараганида гоҳ ўғли Абдуллоҳни, гоҳ келини Оминани эслаб, йиғлаб оларди. Одамлар ҳайбати ва салобатидан қўрқадиган Абдулмутталибнинг уйига фақатгина ёш Муҳаммад ижозатсиз кира оларди. Ҳали ёш бўлишига қарамай, баъзи нарсаларда бобо ундан маслаҳат сўрар ва гапига қулоқ тутарди. Олдига таом келтиришса, набираси келмагунча овқатга қўл чўзмасди.
Кунларнинг бирида ажойиб воқеа содир бўлди. Ёғин камлиги сабабли Маккада қурғоқчилик бўлиб турарди. Ўша йили ҳам шундай бўлди. Ҳамма қаттиқ ташвишланди, чорва моллари нобуд бўлишидан хавотирга тушишди. Чунки молларга озуқа қолмаганди. Одамлар Абдулмутталибнинг уйига кёлиб: “Каъбанинг Робби бўлган Аллоҳга дуо қилайлик, ёмғир ёғдирсин. Биз бир неча кундан бери дуо қиляпмиз, аммо ижобат бўлмаяпти”, дейишди.
Эртаси куни бутун қавм тўпланиб тоғ томондаги тепаликка чиқди. Кичкина Муҳаммад ҳам улар билан чиқди. Абдулмутталиб қўлини дуога очди: “Эй ушбу Каъбанинг Эгаси, Иброҳим алайҳиссаломнинг Рабби бўлган Аллоҳ, бизга раҳм эт, устимизга ёмғир ёғдиргин”, деди. Шу пайт ёнида турган набирасига кўзи тушиб айтди: “Мана бу етим набирамнинг ҳурматидан бизга ёмғир ато қилгин”. Боланинг ҳам қўлчалари дуога очилди. Осмон мусаффо, қуёш чарақлаб турар, бир дона ҳам булут кўринмасди. Аммо бирдан узоқдан булут кўзга ташланди. Абдулмутталиб ҳайратланиб самога қаради. Булут бир зумда Макка устига етиб келди. Чақмоқ чақиб, момақалдироқдан кейин ёмғир қуя бошлади. Одамлар уйларига боргунига қадар бутун уст-бошлари ҳўл бўлиб кетди.
Албатта бу воқеанинг ҳикматини ҳеч ким билмасди. Фақатгина Абдулмутталиб берилган бу неъмат нур юзли набираси сабабли эканини тушуниб турарди.
Вақт ўтар, ҳамиша набирасини етаклаб юрадиган Абдулмутталиб ҳам аста-секин қариб, кучдан қолиб борарди. Бир куни ёш Муҳаммад яна оғир синовга дуч келди. Онасидан айрилгач, бобоси Абдулмутталибга қаттиқ ўрганиб қолган эди. Энди шу меҳрибон бободан ҳам айрилиш арафасида эди. Ота-онам ҳам, бобом ҳам сиз деб суянган тоғидан жудо бўлиш осон эмас. Албатта, бу синовларнинг барчаси Аллоҳнинг иродаси ила содир бўларди.
Ажали етганда ҳар бир жоннинг вафот этиши аниқ ҳақиқат. Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасига “Бунинг фалон иши бор экан, тугатиб олсин”, “Етим боласи бор экан, катта бўлсин”, “Узатиладиган қизи бор экан, тўйини кўрсин”, деб муҳлат бермайди.
Абдулмутталибни ҳам ажал излаб келди. Бир куни бу дунёни тарк этишини яхши билган Абдулмутталиб нур юзли набирасидан айрилишни истамасди. Жон бериш арафасида атрофига олазарак боқиб “Муҳаммадим қани?” деб сўради. Атрофдагилар севимли набирани олдига олиб келишди. Абдулмутталиб: “Кел, болам, олдимда ўтирсанг, бироз енгил бўламан”, деди. Бу нурли набирасининг қўлларидан ўпиб, ҳидлаб, бағрига босар экан, чиройли кўзларидан оқаётган ёшларни кўриб сабри чидамади.
Қария ҳамма фарзандларини тўплаб: “Мен вафот этсам, бу набирамга ким ғамхўрлик қилади?” деб сўради. Ҳамма амакилари ёш Муҳаммадни ўзи билан бирга олиб кетишни истади. Чунки бу бола қаёрга борса, ўша ерга файзу барака ёғилишини яхши билишарди. Абдулмутталиб бу гал набирасидан сўради: “Ўзинг нима дейсан? Қайси амакинг билан қолишни хоҳлайсан?” Гўдак индамай ўрнидан туриб, ҳалқа бўлиб ўтирган амакилари орасидан Абу Толибнинг қучоғига борди. Шу тариқа қарор қабул қилинди. Демак, ёш Муҳаммад Абу Толибни танлади.
Абу Толиб отаси Абдулмутталиб каби ёш Муҳаммадни ҳам, иниси Абдуллоҳни ҳам жуда яхши курарди. Жони узилаётган Абдулмутталиб суюкли набирасининг севикли ўғли Абу Толиб билан қолаётганидан кўнгли тўлди. Охирги нафасида ҳам ёш нурли набираси юзига термилиб тураркан, Абу Толибга уни омонат топширганини, асло озор бермаслик ва меҳрини аямаслигини васият қилиб оламдан ўтди.
Абдулмутталибнинг вафоти бутун Қурайш қабиласи, айниқса, ҳошимийлар хонадони учун оғир жудолик бўлди. Салобатли, ақл-фаросатли ва ўз қавми учун жонини фидо этишдан ҳам қайтмайдиган инсондан айрилдилар. Абдулмутталибнинг дафн маросимида бутун қабила иштирок этди. Улар тобутни кўтариб кетишар экан, ёш Муҳаммаднинг кўзларидан тинмай ёш оқарди. Бу синовларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан ёш Муҳаммадни пайғамбарликка тайёрлаш учун эди. Ҳаммаси уммат, дин, сиз ва биз учун эди.
“Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ” китобидан
Ота-оналар ўғилларига Муҳаммад деб исм қўйишни афзал кўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари саҳобалар давридан бошлаб ҳозиргача У зот алайҳиссаломга муҳаббат юзасидан фарзандларга қўйиб келинади. Қолаверса, бир қанча ҳадиси шарифларда, уламоларнинг сўзларида бу муборак исмни фарзандларга қўйиш тавсия қилинган ва мақталган. Жумладан Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, деганлар.
Имом Молик разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мадина аҳли шундай дер эди: “Муҳаммад исмли кишиси бор ҳеч бир оила йўқки, унга кўплаб яхшиликлар берилмаган бўлса”.
Аммо, “қасамки, кимки сенинг исминг Муҳаммад билан аталса, ҳеч қачон дўзах ўти унга тегмайди”, “Қиёмат куни, эй исми Муҳаммад бўлган банда, жаннатга кириш учун ўрнингда тур, деб нидо қилинади” каби уйдирма ҳадислар кўплаб учрайди. Мазкур муборак исмга оид бир қанча уйдирма ҳадислар китобларга кириб қолганини уламолар аниқлаган ва мусулмонларни огоҳ этиш учун уйдирма ҳадисларга оид ёзган китобларига киритганлар.
Муҳаммад исми дўзахдан асраши, қиёматда фойда бериши каби фазилатлар баён қилинган юқорида зикр этилган ҳадислар ҳақида Имом Шомий асарида бундай деган: “Муҳаммад исми бандага фойда келтириши ҳақида биронта саҳиҳ ҳадис йўқ”.
Бакр Абу Зайд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Муҳаммад ёки Аҳмад исмли кишини мақтагани ёки бировни бу икки исм билан чақиришни ман қилгани ҳақидаги ҳар қандай ҳадис саҳиҳ эмас” (“Тасмиятул мавлуд”, 17-бет).
Яна бир муҳим жиҳат, бу исм шарафли исмлардан, аммо исм инсонга одамлар орасида афзаллик бермайди. Агар бу исмни бирор инсонга қўйилса, ўша инсоннинг исми ҳисобланади. Бу инсонни чақирилса ёки исми айтилса, унга саловат айтиш каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга оид ҳукмлар қилинмайди.
Асосий ва муҳим жиҳат Муҳаммад деб номланиш эмас, балки У зотга эргашиш эканлигини уламолар таъкидлаганлар. Инсонга солиҳ амаллари ва Аллоҳдан қўрқиши дунё ва охиратда фойда беради.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.