Бугун, 6 январь кунидан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг навбатдаги босқич машғулотлари бошланди. Шу муносабат билан ўтказилган йиғилишда билим юрти устозлари ва тингловчилар қатнашди.
Билим юрти Матбуот котиби Рустам Охунжонов ўқув курсининг тингловчиларига "Илм ва унинг одоблари" мавзусида маъруза қилиб, уларга ҳақиқий илм эгасига қандай одобларга эга бўлиши лозимлиги ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ўқув курси тингловчиларининг тартиб-интизомга риоя қилиши, белгиланган дарсларга мунтазам иштирок этиши ва бошқа интизомга оид тавсияларга амал қилиш ҳар жиҳатдан манфаатли бўлишини айтиб ўтди.
Айни йўналишдаги давра суҳбати Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси қошидаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг навбатдаги 46-давра тингловчилари билан ҳам ўтказилди. Унда таълим муассасаси мутасадди вакиллари бўлғуси қори ва қорияларга ўз тавсияларини берди.
Якунда “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг навбатдаги босқич тингловчилари ҳаққига дуои-хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати