Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Январ, 2025   |   9 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:34
Bismillah
09 Январ, 2025, 9 Ражаб, 1446

Фарзанд зинҳор ота-онаси билан хусуматлашмаслиги керак

6.01.2025   2918   4 min.
Фарзанд зинҳор ота-онаси билан хусуматлашмаслиги керак

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ مَنْصُورِ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ: أَنَّ عُمَرَ بْنِ عَبْدِ الْعَزِيزِ اخْتَصَمَ إِلَيْهِ رَجُلٌ وَابْنُهُ، فَقَالَ عُمَرُ حِينَ جَلَسَا بَيْنَ يَدَيْهِ: أَمَا لِهَذَا أَحَدٌ؟ أَيْ لِلْاِبْنِ يَجْلِسُ مَعَ أَبِيهِ، فَقَامَ عَمُّهُ فَجَلَسَ مَكَانَ أَبِيهِ، فَخَاصَمَ عَنِ ابْنِهِ. قَالَ الْحُسَيْنُ: تَعْظِيمًا لِأَبِيهِ.

Мансур ибн Абдурраҳмондан ривоят қилинади:

«Умар ибн Абдулазизнинг олдига бир киши ўғли билан хусуматлашиб келди. Иккиси унинг ҳузурига ўтиргач, Умар: «Мана бунинг ўрнига бирор киши йўқми?» деди. Яъни, ўғилнинг ўрнига отаси билан ўтирадиган одам. Шунда амакиси турди ва отасининг ёнига ўтирди. Сўнг ўғилнинг номидан хусуматлашди».

Ҳусайн айтади: «Бу иш отани улуғлаш учун қилинди».

Шарҳ: Умар ибн Абдулазиз бешинчи рошид халифа ҳам дейилади. Ўзлари ҳижрий 100 санада халифа бўлганлар. Лекин халифа бўлиш муддати қисқа бўлса ҳам, шу қисқа муддат ичида машҳур чориёр халифаларнинг ишини қайта тиклашга, улар каби адолатли бўлишга ҳаракат қилганлар, Ислом оламининг барча тарафларига хайр-барака ёйилишига сабаб бўлганлар. У киши мусулмонларнинг буюк халифаси ҳисобланар эдилар. Бир куни Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурларига бир одам ўғли билан хусуматлашиб келибди. Яъни талашиб-тортишиб, ораларида ҳукм чиқаришни талаб қилиб келишибди.

Иккиси халифанинг қаршисига ёнма-ён ўтириб, маҳкамани кута бошлашибди. Умар ибн Абдулазиз улардан савол сўраб, ҳукм чиқаришлари керак. Аммо отанинг ҳурматидан ўғилнинг ўрнига бошқа бир киши хусуматлашишини истадилар. Шунда ўғилнинг ўрнига амакиси келиб ўтирди ва маҳкамада унинг номидан иштирок этди. Бу нарса отанинг эҳтироми учун, бола у билан тортишмасин, дея қилинди.

Шунинг учун фарзанд зинҳор ота-онаси билан хусуматлашмаслиги керак. Мабодо иложсиз ҳолга тушиб қолса ҳам, бошқа бировлар орқали одоб билан арзини етказиши лозим.

عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: انْتَهَتِ الْقَطِيعَةُ إِلَى أَنْ يُجَالِسَ الرَّجُلُ أَبَاهُ عِنْدَ السُّلْطَانِ.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Қариндошлик алоқасини узиш шу даражага етдики, ҳатто бола отаси билан тортишиб, қозининг олдига борадиган бўлди».

Шарҳ: Яъни, ота-бола орасидаги беҳурматлик шу даражага етди.

Отаси билан бир нарса талашиб-тортишиш, унинг устидан қозига арз қилиш, қозининг олдига судраб бориб, «Менинг ҳақимни олиб бер», дейиш мусулмонлар учун обрў бўлмаганлигидан, яхши эмаслигидан мана шу гаплар айтилган экан.

Шу билан бирга, мусулмонларнинг дастлабки авлодларида бу каби ишлар бўлмагани ҳам ушбу ривоятдан англаб олинади. Вақт ўтиши билан, одамлар диний таълимотлардан узоқлашиши оқибатида шу каби салбий ҳолатлар пайдо бўлган.

عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: انْتَهَتِ الْقَطِيعَةُ إِلَى أَنْ يُجَاثِيَ الرَّجُلُ أَبَاهُ عِنْدَ السُّلْطَانِ.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Қариндошлик алоқасини узиш шу даражага етдики, ҳатто бола отасини қозининг олдига олиб борадиган бўлди».

Шарҳ: Бу ривоят аввалгисининг такрори экан.

Мусулмон умматига хос бўлмаган бу каби оқпадарлик ишларидан сақланишимиз лозим. Бунинг учун эса аввал ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, диний таълимотларни тўғри йўлга қўйишимиз, саҳобалар авлодининг ота-оналарига бўлган ҳурмат-эътиборидан ёшларимизга таълим беришимиз керак.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Бошқа мақолалар

Фарзанд тарбиясига оид 6 оят

9.01.2025   830   2 min.
Фарзанд тарбиясига оид 6 оят

Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.


Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.

“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).

Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.


Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.

“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).

Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.


Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.

“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).


Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.

“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).


Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.

“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).


Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.

(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир(Луқмон сураси, 19-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД