Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июн, 2025   |   23 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:02
Хуфтон
21:41
Bismillah
19 Июн, 2025, 23 Зулҳижжа, 1446

Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

07.01.2025   6489   2 min.
Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!

Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар

Масжидул ҳаромда ухласа, таҳорати синмайдими?

16.06.2025   4981   1 min.
Масжидул ҳаромда ухласа, таҳорати синмайдими?

Савол: Масжидул ҳаромда намозларни жамоат билан ўқиб, кейинги намоз вақтини кутиб ўтирганимизда, айрим ҳожиларимиз ётган ҳолда ухлаб қолиб, кейинги намозга азон айтилганда, таҳорат қилмай намоз ўқишаётганига гувоҳ бўлдим.

Бунинг хукми динимизда қандай? Чунки ухлаш таҳоратни бузади деб ўқиганмиз ва шунга амал қиламиз. Ёки масжидул ҳаромда айрим ҳукмлар ўзгарадими?


Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳанафий мазҳабига кўра, бирор нарсага суяниб, ёки ёнбошлаган ҳолда ухлаш таҳоратни синдиради. Бу ҳукм масжидул ҳаромга ҳам тегишли. Сиз айтган ҳожилар ерга ёнбошлаган ҳолда ухлаган бўлсалар, таҳоратлари синади. Лекин кўзини юмиб, ухламасдан, зикр қилиб ётадиганлар ҳам бўлади. Агар шундай қилган бўлсалар, табиийки таҳоратлари синмайди.

Масжидул ҳаромда дунёнинг турли нуқтасидан келган зиёратчилар ибодат қилади. Уларнинг ичида илмли инсонлар билан бир қаторда ибодатга энди кирган, шаръий ҳукмларни яхши ўзлаштирмаганлар ҳам бўлади. Уларнинг қилаётган ишини кўриб, анавилар қиляпти-ку, демак, нотўғри эмас эканда, деб қилиб кетавермаслик керак.

Қолаверса, у ерда турли мазҳаб одамлари ибодат қилади. Айрим мазҳабларда ухлаш, бадандан қон чиқиш каби ишлар таҳоратни синдирмайди. Аммо бизнинг мазҳабимизда ҳар иккиси ҳам таҳоратни бузади ва бунга уламоларимиз бир қанча ҳадисларни далил ўлароқ келтирганлар.

Шу боис, улуғ маконларга ибодатга отланаётган одамлар: хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлсин, шаръий ҳукмларни билиб олиши ёки биладиган одам ҳамроҳлигида бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда ибодат қиламан деб, гуноҳга ботиши ҳеч гап эмас. Валлоҳу аълам.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.