Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
— Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
— Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
— Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!
Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Эр-хотин тез-тез уришиб қолаверди. Шунда аёли эрига:
– Дадаси, қўшниларимиз бирор марта уришганини эшитмадим. Биз эса тез-тез жанжаллашиб қоляпмиз. Қарши бўлмасангиз, қўшни аёлдан бунинг сирини билиб келаман, – деди.
Эри рози бўлди. Аёл қўшни аёл билан суҳбатлашгани чиқиб, ундан оилада осойишталикни сақлаш сири ҳақида сўради.
Бу пайтда қўшни аёл ошхонада овқат қилаётган, унинг эри эса столда бир нималарни ёзиб ўтирганди. Шунда бирдан телефон жиринглади. Эри телефон олдига борар экан, бехос стол устида турган вазани туртиб юборди. Ваза ерга тушиб, синди. Бу ҳолни кўрган аёли дарров келиб вазани синиқларини тера бошлади. Эри аёлига айбдорона қараб, узр сўради. Аёли эса: “Аслида мен сиздан узр сўрайман. Чунки вазани стол устига – ноқулай жойга қўйган эканман”, деди.
Бу ҳолни кузатган қўшни аёл уйига қайтиб келди ва нималар кўрганини айтиб берди. Сўзи якунида: “Оддий бир ишда улар иккаласи ҳам ўзини айбдор ҳисобларкан. Биз эса ҳар ишда ўзимизни ҳақ, деймиз. Жанжалимиз сабаби шундан экан”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман» (Имом Абу Довуд ривояти).
Мана, осойишталик сири нимада экан!
Акбаршоҳ Расулов