Бугун 2025 йил 8 январ куни Тошкент шаҳар, Учтепа тумани "Ватан" тантаналар мажмуасида "Жаҳолатга қарши маърифат" номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, аҳоли вакиллари, ёшлар ва хотин-қизлар иштирок этиб, ислом дини эзгулик, тинчлик ва инсонийлик дини экани, фазилатлар, азалий қадриятлар ифодаси эканлигини тарғиб қилиш, ёш авлодга миллий қадриятларимиз, анъаналаримизни тўғри тушунтириш, юртимиз тинчлигини асраш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида фикрлар билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу йил 11 январь куни Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Ҳаж ва умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний иштирокида ўзаро алоқаларнинг истиқболлари ҳамда “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ташкил этиш муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари ҳамда Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Валиаҳд ва Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги дўстона муносабатлар жадал ривожланаётгани, Аллоҳ таолонинг меҳмони бўлган зиёратчиларга намунали хизмат кўрсатилаётгани алоҳида қайд этилди.
Айниқса, ҳаж квотаси аввалгига қараганда 2 карра оширилгани, кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж амалларини бажаргани юқори баҳоланди. Умра сафарлари учун чекловлар олиб ташлангани, қонуний тартибга солингани таъкидланди.
Сўнгги йилларда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан юртимизда ҳаж ва умра сафарлари йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташкилий тадбирлар, ҳуқуқий асослар, рақамлаштириш жараёнлари ва ўзбекистонлик зиёратчиларнинг тартиб-интизоми Саудия томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа сўзининг давомида Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни эътироф этиш баробарида заминимиздан нафақат ислом уламолари, балки дунё цивилизациясига катта ҳисса қўшган Ибн Сино, ал-Хоразмий каби буюк мутафаккирлар, илм-фан намоёндалари етишиб чиққани ва юртдаги бугунги ўзгаришлар яна мана шундай алломалар чиқишига пойдевор бўлишини таъкидлади.
Мулоқот якунида томонлар эсдалик совғалари топширдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати