Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июн, 2025   |   12 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:58
Хуфтон
21:35
Bismillah
08 Июн, 2025, 12 Зулҳижжа, 1446

Бошингизга тушган ғам-ташвишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

09.01.2025   8746   4 min.
Бошингизга тушган ғам-ташвишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:

Биринчисиўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.

Иккинчисиҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.

Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.

Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).

Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.

Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».

Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.

Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Осон, аммо кўпчилик қила олмайдиган амал

29.11.2021   5028   1 min.
Осон, аммо кўпчилик қила олмайдиган амал

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.

БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.

ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.

Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Мақолалар