Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Март, 2026   |   22 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:24
Қуёш
06:42
Пешин
12:38
Аср
16:39
Шом
18:29
Хуфтон
19:41
Bismillah
11 Март, 2026, 22 Рамазон, 1447

“Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм” дуосининг фазилати

15.01.2025   11529   3 min.
“Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм” дуосининг фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муторриф ибн Мусъаб айтадилар: “Мен халифа Мансурнинг ҳузурига кирсам, у ғамгин ва хафа ҳолатда экан. Айрим яқин инсонларидан жудо бўлгани сабаб, ҳатто сўзлашмай қўйган экан. У менга: “Эй Муторриф! Мен мусибатга дучор бўлдим. Бу балони Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бартараф қила олмас. Аллоҳ бу мусибатни даф қилишини сўрашим учун бирон дуо борми? Мен уни ўқиб юрардим”, деди.

Мен: “Эй мўминларнинг амири! Муҳаммад ибн Собит менга Амр ибн Собит ал-Басрийдан ривоят қилиб гапириб берган. “Басралик бир кишининг қулоғига пашша кириб кетиб, қулоқ пардасигача етиб борди. У оғриқдан қийналиб, кечасию кундузи ухлолмай қолди. Шунда Ҳасаннинг яқинларидан бир киши: “Саҳоба Ало ибн Ҳазрамийнинг дуоларини ўқигин, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ушбу дуони саҳрода ва денгизда сўраб дуо қилганларида, Аллоҳ таоло уларни машаққатдан халос қилган”, деб айтган эди, у киши: “Аллоҳ раҳм қилсин, у қанақа дуо?” деди. Шунда мен у кишига қуйидаги ривоятни айтиб бердим:

“Ало ибн Ҳазрамийни Баҳрайнга юборилди. У киши саҳрони юриб бораркан, жуда қаттиқ чанқоқ ва сувсизликдан ўлар ҳолатга келди. Шунда у зот уловдан тушди ва  икки ракат намоз ўқиди. Сўнгра: “Йа Ҳалийму, йа Алийм, йа Алиййу, йа Азийм, исқинаа” (Эй Ҳалим, эй Билувчи, эй Олий ва эй Буюк Зот, бизни сув билан суғор, ташналигимизни қондир) деб дуо қилганди, бирдан қушнинг қанотига ўхшаб кетадиган булутлар пайдо бўлиб, гумбурлай бошлади. Сўнгра ёмғир ёға бошлади, биз идиш ва мешкобларимизни тўлдириб олдик. Йўлимизда давом этиб, денгиз қирғогидаги кичик кўрфазга етиб келдик. У ерда ҳеч қимирлашни иложи йўқ эди. Сузиб кетишимиз учун кемаларимиз ҳам йўқ эди. У киши икки ракат намоз ўқиб: “Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм, ажизнаа” (Эй Ҳалим, эй Билувчи, эй Олий ва эй Буюк Зот, бизни бу ердан ўтказиб юбор), деб айтдилар. Сўнгра отнинг тизгинидан ушлаб: “Аллоҳнинг исмини айтиб бу ердан кечиб ўтинглар”, дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Биз сувнинг устидан юриб ўтдик. Аллоҳга қасамки, бизни на оёқларимиз, на маҳсиларимиз ва на оёқ кийимларимиз ҳўл бўлган эди. Ўша пайтда қўшин тўрт минг отлиқдан иборат  эди”, деб айтдилар.

(Ибн Абу Дунё, Лалкаий ва Ибн Абу Шайба мусаннифларида баъзи қисқартириш ва қўшимчалар билан ривоят қилишган).

Ҳалиги қулоғига пашша кириб кетган киши ҳам ушбу дуони ўқиган эди, қулоғидан пашша чиқиб, ўз ҳолига келди.

Халифа Мансур ҳам қиблага қараб, ушбу дуо билан сўрай бошлади. Бироз фурсат ўтиб, менга юзланди ва: “Эй Муторриф, Аллоҳ мендаги ғамни аритди”,  деб овқат келтиришларини амр қилди ва мени ҳам таклиф этди, бирга ўтириб тановвул қилдик.

“Ёқимсиз нарсаларни бартараф қилиш ва бало офатдан қутулишда дуонинг аҳамияти” номли китобдан.

Биз ҳам ҳаётда қандайдир муаммо ва тўсиқларга дуч келиб: “Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм”, деб айтиб, ўша муаммони кўтаришини Аллоҳдан астойдил ва чин ихлос билан сўрасак, инша Аллоҳ У Зотнинг ёрдами билан муаммолардан халос бўламиз.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қадр кечаси қандай кеча эканини биласизми?

11.03.2026   1828   2 min.
Қадр кечаси қандай кеча эканини биласизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бу кеча Қуръони карим нозил этила бошлаган. Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик (Қадр сураси, 1-оят).


Бу кеча “...минг ойдан яхшироқдир(Қадр сураси, 3-оят).


Бу кечада қуёш чиққунига қадар тинчлик ва сокинлик ҳукм суради.У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир (Қадр сураси, 5-оят).


Бу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламай, тунни ибодат билан ўтказардилар.


Бу кеча қилинган амаллар 1000 ойда қилинган амаллардан афзал ва савоби кўпдир.


Бу кеча фаришталар тинимсиз мўмин-мусулмонлар ҳаққига салавот ва саломлар айтишади.


Бу кеча ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қадр кечасини иймон ва ихлос ила қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).


Бу кеча Аллоҳ таоло бедор бўлувчи бандаларини бошқа ойлардан кўра кўпроқ ажру савоблар билан мукофотлайди.


Бу кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Унинг тонгида қуёш қизғиш бўлиб чиқади.


Бу кеча ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний”.

Маъноси: “Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин” (Имом Термизий ривояти).


Бу кечада қилинган амаллар салкам 84 йил бетўхтов қилинган ибодатга тўғри келади. 84 йил эса тахминан 30 минг-у 295 кунга тенг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг умрлари олтмиш билан етмиш ўртасидадир. Озларигина ундан ташқарида бўладилар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).


Бу кеча гина-адоват, нафрат-аразлар, хафагарчиликлар унутиладиган, ҳамма бир-биридан розилик ҳамда кечирим сўрайдиган кечадир.


Бу кеча барча мўмин-мусулмонларга муборак бўлсин! Фазилатли ой ва муборак куннинг фазилатидан Аллоҳ таоло тўлиқ баҳраманд этсин!


Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар