Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Муслим, Абу Довуд ва Молик видолашув ҳажи ҳадисида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
"Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сизлар уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансиз. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор".
Муовия Қурайший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Аллоҳнинг Расули, бизнинг биримизда хотинининг нима ҳаққи бор?» дедим.
«Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзига урмайсан. Қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», дедилар у зот алайҳиссалом (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳинд бинти Утба: «Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат унга билдирмай олсамгина бўлади», деди.
«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот алайҳиссалом (Икки шайх ривоят қилишган).
Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар.
Ақлга солиб кўрилганда ҳам, аёл киши эрнинг хизматларини қилганидан кейин, унинг измида бўлганидан кейин, албатта, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади-да!
Унинг миқдори иккисининг ҳолига қараб бўлади. Иккиси бой бўлса, бойники, камбағал бўлса, камбағалники бўлади. Эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, икки ҳолнинг ўртасида бўлади. Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам.
Эрга хотини учун вожиб нафақалар беш қисмдир:
1. Таом.
Бунга озиқ-овқат, ичимлик ва овқатга қўшиб ейиладиган нарсалар (сирка, ёғ ва шунга ўхшаш) ҳамда овқат пишириш учун кетадиган барча нарсалар киради. Таомнинг миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.
2. Кийим.
Етарли даражада, бир сидра кийим-бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва шофеъий мазҳабларида: «Ҳар олти ойда бир сидра янги кийим олиб берилади», дейилган.
3. Маскан.
Эр ўз хотинини маскан билан таъминлаши вожиб. Маскан эрнинг молиявий имконияти савиясида бўлади. Шу билан бирга, маскан тўлиқ жиҳозланган бўлиши шарт. Унда яшаш учун керакли ҳар бир нарса бўлиши лозим.
4. Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор солиб бериш ҳам унинг нафақасига киради.
5. Тозалик асбоб-анжомлари ва уйнинг керакли матоҳлари.
Агар эр моли бўла туриб, нафақа бермаса, қози уни қамашга ҳукм чиқаради. Хотин талаб қилса, бошқа мулклари сотилиб, унинг нафақаси берилади. Эр ноиложликдан нафақа бера олмаса, қамалмайди.
«Улардан асоингни кўтарма ва уларни Аллоҳдан қўрқишга чақириб тургин».
Яъни аҳли аёлинг сенинг ҳайбатингни доимо сезиб турсин. Улардан содир бўладиган ҳар бир ношаръий ишни эътиборсиз қўймаслигингни унутмасинлар.
Сен уларни доимий равишда Аллоҳ таолога тақво қилишга чақириб тур. Бу ишда жуда кўп яхшиликлар бор.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Кишининг маърифати юксалгани сари ундаги фаросат нури ҳам кучайиб бораверади. Фаросат – кишида тез ва тўғри фаҳмлай олиш қобилияти, заковат, диддир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинглар. Чунки у Аллоҳнинг нури ила қарайди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Уламоларимиз ушбу ҳадисни шарҳлаб: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг” яъни маъсиятларнинг ошкорасидан ҳам, махфийсидан ҳам сақланинглар. Эҳтимол, мўмин киши қилаётган гуноҳларингизни басират кўзи ила кўриб турар, натижада унинг олдида изза бўласизлар. Чунки комил мўмин сизлар яшираётган нарсага Аллоҳ таоло ато этган қалб кўзи билан назар солади ва ҳақиқатни ҳис этади”, дейишган.
“Туҳфатул олий” китобида фаросат уч хил – иймоний, риёзий ва халқий бўлиши таъкидланган.
Иймоний фаросат – банда қалбига Аллоҳ таоло солган нуридир. Ушбу фаросат иймон қувватига кўра турлича бўлиб, иймон қанчалик кучли бўлса, фаросат ҳам шунча ўткир бўлади. Уламолар бунга мисол қилиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳаётида содир бўлган воқеани келтирадилар.
Бир киши ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келаётиб, йўлда бир номаҳрам аёлга қараб қўйди. Ҳазрат Усмон:
– Бирингиз кўзларидаги гуноҳ асорати билан кириб келмоқда, – деди. Ҳалиги киши ҳайрат-ла:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳам ваҳий борми?! – дея ғалати аҳволга тушиб қолди. Усмон розияллоҳу анҳу:
– Йўқ, лекин содиқ фаросат бор, – дедилар.
Риёзий фаросат – тўйиб таом емаслик, бедорлик ва ақлий машғулотлар билан кўп шуғулланиш орқали ҳосил бўлиб, нарсаларнинг ҳақиқатини англаш тўғрисидаги маълум бир тушунча юзага келади. Ушбу фаросат фақат мўмин кишига хос эмас, балки мазкур риёзатларни чеккан бошқа инсонларда ҳам бўлиши мумкин. Чунки бу фаросат иймонга ҳам, валийликка ҳам далолат қилмайди. Шунингдек, фақат хақиқатни ҳам, тўғри йўлни ҳам кўрсатиб бермайди.
Халқий фаросат – Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозо қилган нарсалардан хулоса чиқариш истеъдоди.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари шогирдларига дарс бериб турганида мажлисга бир йигит кириб келади-да, илтифотсизлик билан: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг. Чунки у Аллоҳнинг нури билан қарайди”, деган ҳадиснинг мазмунини сўрайди. Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари унга: “Бу ҳадиснинг маъноси шуки, бўйнингдаги хочни ечгайсан”, дейди. У хочи борлигини инкор қилди. Шунда устознинг ишораси билан шогирдлар унинг тўнини ечишганда, хочи кўриниб қолади ва сири фош бўлади. У мазкур ҳадиснинг исботини кўргани боис иймонга келиб, Исломни қабул қилади.
Имом Шофеъий ва Имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳумаллоҳ Масжиди Ҳарамда ўтиришса, бир нотаниш киши масжидга кириб келди. Шунда Имом Муҳаммад унинг юриши ва ўзини тутишига қараб: “Бу одам дурадгор бўлса керак”, деди. Имом Шофеъий эса: “Менимча, бу одам темирчи-ёв”, деди. Шунда ўша одамни ўзидан сўралган эди: “Мен аввал темирчи эдим, айни пайтда дурадгорлик қилмоқдаман”, деб жавоб беради (“Рисолатул Қушайрия”). Яъни, ҳар икки олим ҳам фаросатларининг ўткирлигидан нотаниш кишининг касбини аниқ топа олишган.
Шунингдек, улуғларнинг мақоми ва эҳтиромини ўз ўрнига қўя олиш ҳам кишининг фаросатидан саналади. Масалан, бир киши Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан: “Сиз каттамисиз ёки Расулуллоҳми?” деб сўради. Шунда у зот: “У зот мендан катталар, лекин мен у зотдан аввалроқ туғилганман”, – деб жавоб берган.
Киши суҳбатдошига малол келмайдиган тарзда таълим бериши ҳам фаросатдир. Масалан, бир киши Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳнинг олдида акса урди ва суннатга мувофиқ ҳамд айтмади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак одоб билан ўша одамдан савол сўровчи талабадек: “Тақсир, киши акса урганда суннатга кўра нима дейди?” деб сўради. Ҳалиги одам: “Алҳамдулиллаҳ”, деди. Шунда у зот: “Ярҳамукаллоҳ” дея жавоб қайтарди.
Фаросатни зиёда қилиш учун ҳар ишда динимизга амал қилиш зарур. Ибн Шужоъ Кирмоний раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Ким зоҳирини суннатга эргашиш билан, ботинини Аллоҳнинг муроқабаси (назоратини ёдда сақлаши) билан обод қилса, кўзини ҳаромдан тўсса, нафсини ортиқча истакларидан тийса, ҳалол луқмага одатланса, фаросати ўткирлашади” (“Ҳилятул авлиё”).
Бугунги кунда фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига, уларнинг юксак фаросат соҳиблари бўлиб камол топишларига ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор қаратишимиз даркор. Бунинг учун, аввало, ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам китоб мутолаасига одатланишимиз, илм-маърифат эгаллаш ҳаракатида бўлишимиз лозим. Зеро, Имом Абу Ҳомид Ғаззолий: “Илмнинг кўпайиши, маърифатнинг кенгайиши – тафаккур мевасидир”, деган.
Ғуломиддин ХОЛБОЕВ,
ЎзМИ Фатво маркази директор ўринбосари
"Ҳидоят" журнали 2-сонидан.