Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фиқҳ ижтиҳод ва фикрлар мажмуаси бўлиб, бу фикрлар нафсу ҳавога берилишдан келиб чиқмаган, балки Қуръон ва Суннатни англашдан келиб чиққан, Қуръон ва Суннатдан олингандир. Аллоҳ азза ва жалла бизга шу йўлни буюрган. Агар Аллоҳ фиқҳга тегишли ҳар бир масаланинг ҳукмини баён қилишни ирода қилганида, ҳозир миллионлаб оятлар, миллионлаб ҳадислар турган бўларди. Лекин ҳаммаси бўлиб, олти мингдан сал ортиқ оят нозил бўлган, муайян ададдаги ҳадислар ворид бўлган. Ҳар бир масалага оят-ҳадис келса, шунча оятни, шунча ҳадисни ким ёд оларди? Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз замонларида автомобиллар ҳақида гапиришларини тасаввур қилинг! Унда у зотнинг сўзларини ҳеч ким тасдиқламаган бўларди-ку!
Ижтиҳод қилиш нотўғри десангиз, саҳобалар ҳам ижтиҳод қилишган. Кейин ўша ўз ижтиҳоди билан чиқарган ҳукмга амал қилишни одамларга буюришган. Одамлар уларга тақлид қилишган, эргашишган. Мана шу йўсинда уларнинг йўлларидан юриб келишган.
Таҳаллул тарафдорлари орасида «Фиқҳ диннинг бир қисми эмас», «Мазҳаб эгаларининг айтганига амал қилиш шарт эмас», деган гаплар тарқалган.
Ташаддуд аҳли ҳам мана шунга чақиряпти. Уларнинг асл мақсади фиқҳий мазҳабларни йўқ қилиб, динсизликка етаклаш эди. Масалан, мен динни маҳкам ушласам-у, лекин на ҳанафий, на шофеъий, на моликий ва на ҳанбалий мазҳабини тутмасам, унда диндан нимани ушлайман? Менда фиқҳ деган нарса қолмайди-ку! Фиқҳни мана шу мазҳаблар ташкил қилади-ку! Аллоҳ бизга «Зикр аҳлидан сўранг» деб буюриб, эргашишимизга рози бўлган илмларни мужтаҳидларнинг ижтиҳод ва фикрлари ташкил қилмаса, нима ташкил қилади?!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Илгари мусулмонлар айрим уламоларни улуғлаб, “Шайхул Ислом” (Ислом дини шайхи), “Фахрул Ислом” (Ислом дини фахри), “Ҳужжатул Ислом” (Ислом дини ҳужжати), “Нажмул уламо” (Уламолар юлдузи), “Муфтий сақолайн” (Инсу-жин муфтийси), “Лисонул мутакаллимийн” (Мутакаллимларнинг сўзловчи тили) каби унвонлар билан атаганлар. Бундай аташ асло муболаға бўлмаган. Балки у муҳтарам уламолар ҳақиқатдан ушбу унвонларга лойиқ бўлганлар. Масалан, “Шамсул аимма” (Имомлар қуёши) унвони берилган Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ ўн икки минг рисолани ёд олгани нақл қилинган.
Абу Мансур Мотуридийни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан у зотнинг мартабаларини намоён этувчи кўплаб унвонлар берилган:
– Имомул ҳудо (Тўғри йўлга бошловчи);
– Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (Аҳли сунна ақидалари асосчиси).
Абу Мансур Мотуридийнинг мазкур унвонлари ҳам асло муболаға эмас, балки у зот ҳақиқатан шу мартабага лойиқ зот бўлганлар.
Уламолар айтадиларки, Ҳужжатул Ислом (Ислом дини ҳужжати) дейилганда фақат Имом Ғазолий тушунилганидек, Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи) дейилганда ҳам фақат Имом Мотуридий тушунилади.
Абдулқодир Абдур Раҳим,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти
катта ўқитувчиси.