Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Апрел, 2025   |   28 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:00
Қуёш
05:27
Пешин
12:26
Аср
17:13
Шом
19:18
Хуфтон
20:40
Bismillah
26 Апрел, 2025, 28 Шаввол, 1446

Саҳобалар ҳам ижтиҳод қилишганми?

16.01.2025   18020   2 min.
Саҳобалар ҳам ижтиҳод қилишганми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиқҳ ижтиҳод ва фикрлар мажмуаси бўлиб, бу фикрлар нафсу ҳавога берилишдан келиб чиқмаган, балки Қуръон ва Суннатни англашдан келиб чиққан, Қуръон ва Суннатдан олингандир. Аллоҳ азза ва жалла бизга шу йўлни буюрган. Агар Аллоҳ фиқҳга тегишли ҳар бир масаланинг ҳукмини баён қилишни ирода қилганида, ҳозир миллионлаб оятлар, миллионлаб ҳадислар турган бўларди. Лекин ҳаммаси бўлиб, олти мингдан сал ортиқ оят нозил бўлган, муайян ададдаги ҳадислар ворид бўлган. Ҳар бир масалага оят-ҳадис келса, шунча оятни, шунча ҳадисни ким ёд оларди? Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз замонларида автомобиллар ҳақида гапиришларини тасаввур қилинг! Унда у зотнинг сўзларини ҳеч ким тасдиқламаган бўларди-ку!

Ижтиҳод қилиш нотўғри десангиз, саҳобалар ҳам ижтиҳод қилишган. Кейин ўша ўз ижтиҳоди билан чиқарган ҳукмга амал қилишни одамларга буюришган. Одамлар уларга тақлид қилишган, эргашишган. Мана шу йўсинда уларнинг йўлларидан юриб келишган.

Таҳаллул тарафдорлари орасида «Фиқҳ диннинг бир қисми эмас», «Мазҳаб эгаларининг айтганига амал қилиш шарт эмас», деган гаплар тарқалган.

Ташаддуд аҳли ҳам мана шунга чақиряпти. Уларнинг асл мақсади фиқҳий мазҳабларни йўқ қилиб, динсизликка етаклаш эди. Масалан, мен динни маҳкам ушласам-у, лекин на ҳанафий, на шофеъий, на моликий ва на ҳанбалий мазҳабини тутмасам, унда диндан нимани ушлайман? Менда фиқҳ деган нарса қолмайди-ку! Фиқҳни мана шу мазҳаблар ташкил қилади-ку! Аллоҳ бизга «Зикр аҳлидан сўранг» деб буюриб, эргашишимизга рози бўлган илмларни мужтаҳидларнинг ижтиҳод ва фикрлари ташкил қилмаса, нима ташкил қилади?!

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Диний-маърифий соҳага доир муҳим фармон

25.04.2025   10305   5 min.
Диний-маърифий соҳага доир муҳим фармон

Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий соҳани замон талаблари асосида ислоҳ қилиш, диний бағрикенглик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Айниқса, диний соҳада давлат сиёсатининг такомиллашуви, фуқароларнинг диний эътиқод эркинлигининг кафолатланиши ва диний соҳага оид масалаларнинг ҳуқуқий асосда ҳал этилиши борасида туб бурилиш юз бермоқда. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида илгари сурилган консептуал ёндашувлар нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда.

Хусусан, куни кеча имзоланган "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармони мамлакатда ушбу йўналишдаги ислоҳотларни тизимли равишда янги босқичга кўтаришга қаратилган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. 

Мазкур фармон орқали давлат-дин муносабатларининг очиқлиги, шаффофлиги, диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, шунингдек, диний-маърифий фаолиятни илмийлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида ташкил этиш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.

Бу фармон нафақат диний соҳада фаолият юритаётган мутасаддилар, балки кенг жамоатчилик, илмий доиралар, халқаро экспертлар томонидан ҳам ижобий баҳоланиб, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари, хусусан, виждон эркинлиги бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни амалда рўёбга чиқаришга интилаётганини яққол намоён этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 23-июндаги қарори билан Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ислом сивилизатсияси маркази ташкил этилган эди.

Бугунги дунё манзарасида диний экстремизм ва терроризм таҳдиди кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Бу ҳолат кўплаб жамиятларда тинчлик ва барқарорликка таҳдид солмоқда. Радикализм ва экстремизмнинг асосий сабабларидан бири диний саводсизликдир. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021-йил 21-апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида "Жаҳолатга қарши маърифат" улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш, ислом ва жаҳон сивилизатсиясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш, жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш каби масалалар асосий ўринни эгаллаган.

Жумладан, фармонда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг "Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси" сифатида қайта номланиши, академиянинг ҳуқуқларини аниқ белгиланиши ва шу каби соҳага оид барча ислоҳотлар ҳаммани бирфек қувонтирди. Бу ҳақида ҳужжатда шундай дейилади: 

Олий таълим, фан ва инноватсиялар вазирлиги ҳамда Қўмитанинг Ўзбекистон халқаро ислом академиясини Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси (кейинги ўринларда – Академия) этиб қайта номлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Академия исломшунослик ва диншунослик соҳаларида мутахассисларни ҳамда ўқув дастури, қўлланма ва дарсликларни тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгилансин.

6. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш;

б) таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш;

в) виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

г) диний-маърифий йўналишда илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, интернет тармоғида таълим ресурсларини жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш;

д) талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;

э) мамлакатимизда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.

Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилган бўлиб, мазкур илмий-тадқиқот марказлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида эди. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳузурида фаолият олиб бораётган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам бошқа тадқиқот марказлари сингари Вазирлар маҳкамаси ҳузурига ўтказилди. Бу ҳам марказда амалга ошириб келинаётган кенг кўламдаги илмий ишларнинг янада юқори савияда яратилишида муҳим аҳамият касб этади. 

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар йўналишлари бўйича етук кадрларни тайёрлашда илғор хорижий тажрибалар асосида замонавий ўқув дастурларини ташкил этади. Академиянинг илмий-тадқиқот салоҳияти кенгайиб, диний-маърифий адабиётлар яратиб, илмий ва оммабоп адабиётлар нашр этади ҳамда рақамли ресурслар яратилиб, академия томонидан кенг жамоатчиликка етказилади. 

Илҳомжон Бекмирзаев,

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси

"Ижтимоий фанлар ва ҳуқуқ" кафедраси профессори

МАҚОЛА