“Ҳаж – 2025” мавсуми зиёратчилари тоат-ибодатларини қулай шароитларда бажаришларини таъминлаш мақсадида Саудия Арабистони сафарида бўлиб турган Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний мутасадди идоралар билан музокаралар ўтказишмоқда.
Хусусан, муборак масканлар – Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида муносиб шарт-шароитлар ҳозирлаш юзасидан мазкур ҳудудларда турар жой, транспорт, озиқ-овқат таъминоти билан шуғулланадиган “Тавофа” муассасаси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда ҳар бир ҳожи учун Мино водийсида етарли ўрин билан таъминлаш, Арафот ҳудудидаги чодирларни иссиқ ўтказмайдиган замонавий сендвич панеллар билан ўрашни охирига етказиш, уларда “Sofa bed” (ёстиқ ва тўшак), “Martaba” (тўшак), совуткич сингари қулайликлар қилиш, коммунал хизматларни яхшилаш, уч маҳал иссиқ овқат ва мунтазам чой-салқин ичимликлар билан таъминлашга урғу қаратилди. Шунингдек, Муздалифа ҳудудида етарли миқдордаги гилам-полослар ва сув билан таъминлаш қўшимча қилинди.
Айниқса, ҳожиларнинг муқаддас маконларда вақтларини ғанимат билиб, доимо тоату ибодатда бўлишлари учун таниқли уламоларнинг суҳбатлари, машҳур қориларнинг қироатларини барчага етказиш учун микрафон ва овоз кучайтиргичларни етарли даражада ташкил этишга эътибор қаратилди.
Соҳа раҳбарлари томонидан Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги "Ҳаж ва Умра" маркази раҳбари Зиёуддин Мақсудовга мазкур хизмат кўрсатиш йўналишларини янада синчковлик билан ўрганиш ва якуний маълумотларни тақдим этиш юзасидан кўрсатма берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу йил 16 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Ўзбекистон Халқаро ислом академияси талабалари билан очиқ мулоқот ўтказдилар.
Суҳбат аввалида Ҳомиджон домла кейинги йилларда юртимизда ёшларнинг таълим-тарбиясини юксалтиришга катта эътибор берилаётгани таъкидлаш баробарида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тарихи ва бугунги фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, илк номи “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси” бўлган ташкилот 1943 йил 20 октябрда ташкил топгани, 1992 йили “Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси”, 1995 йили “Ўзбекистон мусулмонлари идораси” деб давлат рўйхатидан ўтказилгани, истиқлолгача 80 та масжид фаолият юритгани, Ўрта Осиёда ягона бўлган Мир Араб мадрасасида жами 10 нафар талаба ўқитилганини айтиб ўтдилар.
Ҳомиджон домла ўз сўзи давомида мустақиллик неъмати насиб этгандан сўнг диний-маърифий соҳада улкан ўзгаришлар бўлгани, хусусан, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар натижаси ва муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари саъй-ҳаракатлари билан юртимиз масжидлари сони 2145 тага, диний таълим муассасалари сони 14 тага етгани, Фатво ва илмий-тадқиқот марказлари, диний адабиётлар нашри, “Вақф” фонди жадал фаолият олиб бораётгани, умра бўйича квота олиб ташлангани, ҳажга борувчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани, энг қадимий ва нодир қўлёзма саналган “Усмон мусҳафи”, “Лангар Қуръони” юқори даражада таъмирлангани, Диний идора Кутубхона фондида 20 мингдан зиёд тошбосма ва қўлёзма асарлар яхши ҳолатда сақлаб келинаётгани ва бу каби амалий ишларнинг саноғи ва салмоғи кўплигини таъкидлаб, ана шу эътибор ва имкониятларнинг қадрига етиш ва ҳар ким ўз йўналишида етук мутахассис бўлиб юрт ривожи ва халқ фаровонлигига ҳисса қўшиши лозимлигига урғу қаратдилар.
Мулоқот якунида ҳар бир талабага Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Ёшларга насиҳатим”, “Фитна кўз илғамас хатар” китоблари тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати