Cавол: Намоз ўқиётганимда болам рўмолимни тортиб ечиб юборди. Намозим нима бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Фиқҳий қоидаларга кўра намозда беркилиши шарт бўлган аъзолардан бирининг тўртдан бир ва ундан кўп қисми уч тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтиш муддатича очиқ турса, намоз бузилади. Агар уч тасбеҳ айтиш муддатига етмасдан, бир қўлда енгил ҳаракат билан ёпиб олса, намоз бузилмайди. Сиздаги ҳолат ҳам мана шу ҳукмга тушади. Бу ҳолатда рўмолнинг ўзи тушиб кетиши ёки кимнингдир тушириб юбориши ўртасида фарқ йўқ (“Мухтасар фил фиқҳил ҳанафий”). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Савол: Аёл киши рукуда тиззасини букадими ёки эркаклар каби текис тутадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоз ўқишда, аёллар билан эркакларнинг бир нечта фарқлари бўлиб, аёллар сатрлироқ ҳолда намоз ўқишга буюрилганлар. Рукуда ҳам шундай, яъни аёллар рукуда эркаклардан фарқли равишда, тиззаларини бироз букиб руку қиладилар.
Машҳур тобеий Ато ибн Абу Рабоҳ бундай деганлар:
تَجْتَمِعُ الْمَرْأَةُ إِذَا رَكَعَتْ تَرْفَعُ يَدَيْهَا إِلَى بَطْنِهَا وَتَجْتَمِعُ مَا اسْتَطَاعَت. مصنف عبدالرزاق
“Аёл киши руку қилганда, имкон қадар йиғилиброқ, икки қўлини қорнига яқинлаштириб туради” (“Мусаннафи Абдурраззоқ”).
“Фатавои Оламгирия”да бундай дейилган:
وَالْمَرْأَةُ تَنْحَنِي فِي الرُّكُوعِ يَسِيرًا وَلَا تَعْتَمِدُ وَلَا تُفَرِّجُ أَصَابِعَهَا وَلَكِنْ تَضُمُّ يَدَيْهَا وَتَضَعُ عَلَى رُكْبَتَيْهَا وَضْعًا وَتَحْنِي رُكْبَتَيْهَا وَلَا تُجَافِي عَضُدَيْهَا .كَذَا فِي الزَّاهِدِيِّ
“Аёл киши рукуда бироз эгилади, тиззаларига суянмайди, бармоқларини очмайди, балки қўлларини бирлаштириб, тиззаларига қўяди ва тиззаларини бироз букади ва билакаларини танасидан ажратмайди. “Зоҳидий”да шундай дейилган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.