Дунё кўзингизга тор бўлиб кетганда ушбу воқеани эсланг
Етти фарзанднинг отаси эди. Уч ўғил, тўрт қиз. Катта ўғил икки ёшдан ўтар ўтмас вафот этди. Иккинчи ўғил бир ярим ёшида вафот этди. Учинчи ўғил ҳам эмизикли вақтида, ўн етти ойлигида вафот этди. Катта қизи турмушга чиқди ва лекин 28 ёшида бандаликни бажо келтирди. Иккинчи қизи ҳам турмушга чиқиб, 21 ёшида у ҳам вафот этди. Учинчи қизи 27 ёшида вафот этди. Ўғиллари Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим, қизлари Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ҳаммаларини ўз қўллари билан ерга қўйдилар. Фақатгина, кенжа қизлари Фотимагина ўзларидан кейин олти ойгина яшади.
Бошингизга бирор ташвиш ёки ғам тушса, юқоридаги воқеани эсланг. Воқеа эгасини танигандирсиз?
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ъала Саййидина Муҳаммад.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Бугунги кунда таомланиш маданиятимиз тобора ғарб маданиятига мослашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ресторанларда вилкалар ва пичоқлардан фойдаланиш одатий ҳолга айланган, ҳатто ўзимизнинг миллий таомларимизни ҳам қўл билан ейишдан уяладиганлар топилади. Аслида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомланиш одобларига назар ташласак, гўштни пичоқ билан эмас, тишлаб ейиш тавсия қилинганини кўрамиз.
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: "Гўштни пиоқ билан кесиб еманглар, чунки бу ажам (мусулмон бўлмаган)ларнинг иши. Уни тишлаб енглар, шунда ейиш осонроқ ва мазаси ёқимлироқ бўлади" (Абу Довуд, 3778-ҳадис).
Яна бир ҳадиси шарифда Софван ибн Умайя розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга таомланаётиб, гўштни суягидан қўлим билан ажратиб едим. Шунда у зот: Суякни оғзингга яқин олиб келиб егин, ана шунда мазали ва ёқимли бўлади”, дедилар (Абу Довуд, 3779-ҳадис).
Бу ҳадислар бизга нимани ўргатади? Энг аввало, таомланиш маданияти ғарбга эргашиш билан ўлчанмаслигини англатади. Бугунги кунда баъзи кишилар қўл билан овқат ейишни маданиятсизлик деб билишади. Аслида эса, бу айнан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан биридир. Суннатга мос келган нарса ҳеч қачон ор ва уят бўлиши мумкин эмас.
Бундан ташқари, қўлда ейишда мия овқатга тайёргарлик кўради ва ҳазм жараёни яхшироқ кечади. Қўллар билан овқатни ушлаганда мия ошқозонга ҳазм жараёнини бошлаш ҳақида сигнал юборади. Қўллар теридаги микробиота (фойдали бактериялар) туфайли организмнинг иммунитетини кучайтиради. Қўл билан ейишда киши овқатнинг тузилиши ва ҳароратини ҳис қилиб, шунга мувофиқ иш кўради. Қўл билан овқат еганда одам секинроқ ейди ва танасига етарлича тўйинганлик сигналини беришга имконият беради. Бу эса ортиқча овқат ейишнинг олдини олади. Болалар учун қўл билан овқат ейиш моторика (майда қўл ҳаракатлари) ва мустақилликни ривожлантиради.
Демак, таомланишда ҳам биз суннатни унутмаслигимиз, ўз маданиятимиз ва исломий қадриятларимизга содиқ қолишимиз керак. Ғарб қадриятлари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган бир пайтда, биз суннат йўлидан узоқлашмайлик!