Дунё кўзингизга тор бўлиб кетганда ушбу воқеани эсланг
Етти фарзанднинг отаси эди. Уч ўғил, тўрт қиз. Катта ўғил икки ёшдан ўтар ўтмас вафот этди. Иккинчи ўғил бир ярим ёшида вафот этди. Учинчи ўғил ҳам эмизикли вақтида, ўн етти ойлигида вафот этди. Катта қизи турмушга чиқди ва лекин 28 ёшида бандаликни бажо келтирди. Иккинчи қизи ҳам турмушга чиқиб, 21 ёшида у ҳам вафот этди. Учинчи қизи 27 ёшида вафот этди. Ўғиллари Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим, қизлари Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ҳаммаларини ўз қўллари билан ерга қўйдилар. Фақатгина, кенжа қизлари Фотимагина ўзларидан кейин олти ойгина яшади.
Бошингизга бирор ташвиш ёки ғам тушса, юқоридаги воқеани эсланг. Воқеа эгасини танигандирсиз?
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ъала Саййидина Муҳаммад.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Бугун буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий таваллуд топган кун.
У зотнинг ижодидан бир шингил:
Қаро кўзум, келу, мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.
Шарҳ: Ҳазрат қалблари маҳбубига мурожаат этиш учун, аввало, сўз, ибора ёхуд ташбеҳ излайдилар. Инсон танасининг энг зарур ва азиз бўлган аъзоси кўз неъмати экан, улуғ шоир севимли маҳбубнинг кўзларини тасаввур этадилар. Исломий манбаларни мукаммал билган Ҳазрат Навоий Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари тим қора эканлигини таъкид этароқ, бевосита ийҳом санъати билан - ҳам севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хаёлан мурожаат этадилар, ҳам ул зоти бобаракотни ўзларининг кўзлари ўрнида тасаввур қилиб, улуғлайдилар.
Дарҳақиқат, “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўзлари қораси тим қора эди”.
Мардумак – кўзнинг гавҳари. Маълумки, кўз қабул қилган тасвирлар ана шу мардумакда, гавҳаракда акс этиб туради. Фан – касб, ҳунар маъносини англатади. Улуғ шоир Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга илтижо билан: “Эй қаро кўзли Расулуллоҳ, кўзларимдек азизим, Сизни тушларимда кўрай, кўзларим мардуми ичида доимо сиймонгиз акс этиб турсин, менинг кўзларим мардуми бўлишингиз бир ҳунардек такрор-такрор бўлсин. Ватан – тарк этиб бўлмайдиган маскан, Кўзим мардумини фақатгина Сизнинг аксингиз эгалласин, ё Расулуллоҳ, бу ватанга бошқа ҳеч ким кирмасин”, демоқдалар.
Филология фанлари доктори, профессор Дилором Салоҳий