Шу йил январь ойининг биринчи ярмида юртимиздан умра зиёратини адо қилиш учун кетган 48 нафар ҳамюртимиз умра амалларини бажариб, юртимизга келди. Уларни Нукус халқаро аэропортидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний мадрасаси, имом-хатиблар, зиёратчиларнинг яқин қариндошлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олишди.
ؘ– Умра амалларини адо этишга улкан имконият ва қулайликларни ҳозирлаб берган муҳтарам Юртбошимиз ва мутасадди раҳбарларга ташаккур. Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратчилар учун кўрсатилаётган хизматлар ҳаммаси кўнгилдагидек. Ҳамсафарларимиз ҳам миннатдор. Сафар давомида ибодат амалларини адо этиш чоғида юртимиз тинчлиги ва хотиржамлиги учун дуолар қилдик», – дейди зиёратчилардан бири.
Дарҳақиқат, барча мўмин-мусулмонлар катта савобларга эришиш ва гуноҳлардан покланишдан умид қилган ҳолда Умра ибодатини бажаришга интилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал бажаринг”, – дейди. Шунингдек, умра амали учун катта мукофотлар ваъда қилинган. Пайғамбар алайҳиссалом ўз ҳадиси шарифда: “Умра (олдин қилинган) умрагача (бўлган) иккаласининг ўртасидаги (сағира гуноҳлар)га каффорот бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Мирас АББАЗОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари
қозиёти ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Аёл киши узрли пайтида пиширган овқатни еб бўлмайди, шунинг учун бундай аёл овқат тайёрламаслиги керак, деган гап эшитдим. Шу гап тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, динимизда бундай таъқиқ мавжуд эмас. Ҳайз кўрган аёл бемалол овқат тайёрлаши, пишириши мумкин. Уламолар ҳайз кўрган аёлга оид ҳукмларни баён қиларканлар, аёл киши хамир қориб, ёпган нонини, пиширган овқатини ейиш мумкин эканини таъкидлаганлар. Шунингдек, аёл киши узрли пайтларида, эркак ётоқни алоҳида қилиб олишдан ҳам қайтарилган. Яъни шариатимизда аёл кишининг узрли бўлиб қолгани учун ундан жирканилмайди, ташлаб қўйилмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.