مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِّن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَىٰ وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً
"Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз" (Наҳл сураси, 97-оят).
Саъид ибн Жубайр айтади: “Яхши ҳаёт Аллоҳ сени бировга муҳтож қилмаслигидир”.
Гўзал ҳикмат. Яна бир нарса "Яхши ҳаёт дегани касал бўлмай, камбағал бўлмай яшаш дегани эмас. Мансабдор, эл оғзидаги одам бўлиш, дегани ҳам эмас. Балки Аллоҳ битганига рози бўлиб яшашда яширинган. Аллоҳнинг тақдирига норози бўлиш зиқ, танг, хор ҳаётдир. Аллоҳ ҳар ишга розилик неъматини сизга бердими, фаровон кунда шукр қилиб, қийин кунда сабр қилиб яшаяпсизми, демак, Аллоҳ сизни яхши ҳаётга қўйибди".
Шарқовий. "Қуръондан мактублар".
Бомдод намози киргач то қуёш чиққунча Қуръон тиловати, зикрлар, илм ёки бошқа хайри ишлар билан шуғулланиш ўрнига дунёвий гап-сўзлар билан вақт ўтказиш макруҳи танзиҳийдир. Чунки бу вақтда қилинган зикрлар учун жуда катта савоблар ваъда қилинган, мўмин бандага бундай имкониятни бой бериш тўғри келмайди.
Илм билан шуғулланиш, солиҳларнинг ҳикоясини ўқиш ёки тинглаш, меҳмон билан ёки ҳожати бор одам билан гаплашиш хайрли иш ҳисобланади, шунинг учун булар макруҳ эмас, аксинча мустаҳаб бўлади.
Албатта, ҳожат ёки зарурат бўлгани учун дунёвий гаплар сўзлашнинг ҳеч қандай зиёни йўқ.
Проф. Др. Салоҳ Абул Ҳожнинг «Тил сайқали» китобидан