Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Январ, 2025   |   24 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:19
Қуёш
07:41
Пешин
12:40
Аср
15:48
Шом
17:32
Хуфтон
18:49
Bismillah
24 Январ, 2025, 24 Ражаб, 1446
Янгиликлар

Ҳамдардлик билдирамиз

24.01.2025   1684   1 min.
Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Фатво маркази ходими Фурқатжон Тўхтасиновнинг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.


Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!


Охират сафарига кузатилган онахон эл-юрт корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.


Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Фурқатжон Тўхтасиновга ҳамдардлик билдирамиз. 

Жаноза намози Наманган вилояти Косонсой тумани, "Бўйибаланд" маҳалласида жойлашган "Мулла Отавой Охун" жоме масжидида аср намозидан кейин ўқилади. 

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг». 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қозилар қозиси бўлган аллома

24.01.2025   297   3 min.
Қозилар қозиси бўлган аллома

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дунё тамаддуни бешигини тебратган буюк шарқ  юзлаб, минглаб уламоларни етиштиргани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур  уламоларнинг кўпчилиги Марказий Осиёда, хусусан Мовароуннаҳр диёрларида яшаб ижод қилгани ҳам инкор қилиб бўлмас тарихга айланган. Ана шундай уламолардан бири Абул-Юср Паздавийдир. Мотуридия таълимотининг йирик намоёндаларидан бири бўлган бу зотнинг тўлиқ исмлари Абул-Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим Паздавий бўлиб, милодий 1030 йилда ҳозирги Қарши шаҳри ўрнида жойлашган Насаф ҳудудида дунёга келади. Унга берилган “Паздавий” нисбаси эса Насафдан Бухорога кетиш йўлида ундан олти фарсах масофада жойлашган “Пазда” ёки “Базда” деган қўрғон номидан олинган.

Насаф X-XI асрларда ҳадис, калом ва фиқҳ илмлари бўйича Ўрта Осиёда йирик марказлардан бири сифатида саноқли шаҳарлар қаторидан ўрин олган. Чунки  IX  асрдаёқ Насаф ва ундан унча узоқ бўлмаган Паздада, шунингдек Кеш воҳаларида ҳам ҳадис илмлари, ақида ва фаннинг бошқа соҳаларига оид мактаблар шакллана бошлаган эди.

 У дастлабки сабоқни отаси Абул-Ҳасан Муҳаммад Паздавийдан олади. Шу билан бир қаторда у бир қанча ҳанафий олимларидан ҳам таҳсил олиб Ислом асосларини чуқур ўрганади. 

Абдулкарим Самъоний  аллома ҳақида шундай дейди: “Паздавий халқ орасида қозилар пешвоси сифатида танилган бўлиб, Бухорода бир қанча вақт ҳадис имло қилдирган, фиқҳ соҳасида талабаларга дарс берган забардаст назариётчи олим эди”.

Ислом асосларини чуқур ўрганган аллома ҳаёти давомида кўпгина китоблар таълиф қилади. Олимнинг ёзган китоблари турли соҳаларга оид бўлиб, улар орасида “Усул ад-дин” асари муҳим аҳамиятга эга. Аллома мазкур асарини тўқсон олтита масала кўринишида баён қилган бўлиб, буларнинг биринчисида калом илмини ўрганиш ва ўргатиш ҳукми ҳақида баҳс юритган, охирги масалада эса мотуридийларга мухолиф мазҳабларни баён қилиб ўтган. Мазкур асар мазмун-моҳияти жиҳатидан аҳли сунна вал-жамоа йўналиши ва мотуридия мактаби фикрларининг бутун моҳиятини очиб бериш ва Мовароуннаҳрда тарқалган “Аҳлуз-зайғ вал-бидаъ – адашганлар ва бидъатчилар”нинг таъсирини камайтириш учун ёзилган.

Абул-Юср Паздавий Мовароуннаҳрда, айниқса Бухорода ҳанафия мазҳаби ҳамда мотуридия калом мактабининг ривожланишида улкан хизмат кўрсатган. Бинобарин, унинг пойтахти ҳисобланган Самарқандга кўчиб келиши ҳам, ҳанафия таълимоти ривожланишининг йўналишларини сезиларли даражада ўзгартириб юборади. Уламолар орасида катта обрўга эришган  Абул-Юср Паздавий Самарқандда “Қозийул-қузот” унвонига эришади. Лекин салжуқийлардан Маликшоҳнинг Мовароуннаҳрга қарши юриши натижасида алломанинг Самарқанддаги муваффақиятли фаолиятларига якун ясалади.

Паздавийнинг энг машҳур шогирдлари сифатида  Абул-Муин Насафий, Рукнул-аимма Абдулкарим ибн Муҳаммад Саноий, “Ақоид ан-Насафий” асарининг муаллифи Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий, Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий (Туҳфат ал-фуқаҳо китоби соҳиби) каби олимларни санаб ўтиш мумкин.

Абул-Юср Паздавий 69 ёшида Бухорода вафот этади.

Абул-Юср Паздавий ўз давридаги мотуридийлик ақида мактаби таълимотини пухта ўрганган ва бошқа нотўғри ақидадагилар билан ҳам илмий баҳс-мунозаралар олиб борган. Демак, Аллома Паздавийнинг бой илмий меросини хусусан “Усул ад-дин” асарини мотуридия таълимотини ҳимоя қилувчи асар сифатида баҳолаш жуда ҳам ўринлидир. Шунингдек, бу асар бугунги кунда пайдо бўлган айрим экстремистик адашган оқимларга қарши курашда ҳам катта аҳамият касб этади.

Асадуллоҳ Қудратуллоҳ,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Мақолалар