Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомга келганларида Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Мисрнинг мавқеини, унинг Рум учун катта қувват эканлигини эслатиб, Ҳазрати Умардан уни фатҳ қилишга изн сўраган эди. Ўша вақтда Миср Румга қарам эди. Шунинг учун Рум тарафидан қўйилган ҳоким томонидан бошқарилар эди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ушбу таклифдан сал кейинроқ Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуни Миср томон катта лашкар билан юбордилар. Ортидан Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бошчилигидаги мадад кучларини жўнатдилар.
Миср ҳукмдори Муқавқис юборган епископ ва Жослийқ, яъни насороларнинг Шомдаги каттаси уларнинг йўлларини тўсиб чиқиб, уруш қилмоқчи бўлдилар.
Амр розияллоҳу анҳу уларга уч кун муҳлат беришни ва икковлари билан гаплашишни афзал кўрди. Сўнг уларни олдиларига чақиртириб, Исломни қабул қилишга ёки жизяга рози бўлишга даъват қилди. Яна уларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Биби Ҳожар ва Исмоил алайҳиссалом сабабидан Миср аҳлига яхшилик қилиш ҳақидаги васиятларини эслатди.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, сизлар Мисрни фатҳ қилурсизлар. У бир ерки, у Қийрот дейилур. Қачон уни фатҳ қилсангиз, аҳлига яхшилик қилинглар. Чунки улар учун зимма ва қариндошлик ёки зимма ва қудачилик бор», деган эдилар.
Улар бу гапларни эшитиб:
«Анбиёлардан бошқалар эриша олмайдиган узоқ қариндошлик ҳаққи, сенга қайтиб келгунимизча бизга омонлик бер», дедилар.
«Мен кабилар алданмаслар. Лекин назар солишингиз учун иккингизга уч кун муҳлат бераман», деди у.
Улар зиёда қилишни сўрадилар. Амр яна бир кун қўшиб берди. Улар маслаҳат қилгани кетдилар.
Артабун уруш қилмоқчи бўлди ва уришиб енгилди. Амр турли шаҳарларни қамал қилиш учун лашкарлар юборди. Асосий кучлар Айнуш-шамс номли жойда турди. Маълум муддат қамалдан сўнг қарши тараф сулҳ сўради. Амр розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан маслаҳат қилиб, қуйидаги аҳдномани ёзиб берди:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ушбу Амр ибн Осснинг Миср аҳлининг жонлари, моллари, миллатлари (динлари), черковлари, хочлари, қуруқликлари ва сувлари учун берган омонлигидир. Уларнинг мазкур нарсаларига бирор аралашув бўлмайди, камситилмайди ва улар билан нубийлар (ҳабашийлар) бирга яшамайди.
Миср аҳлига, агар улар ушбу сулҳга биноан жизя беришга келишсалар, дарёлари зиёда бўлиб турганда эллик минг дирҳам вожиб бўлур. Ўғрилари қилган жиноят ҳам уларнинг зиммасида бўлур.
Агар улардан кимлардир буни қабул қилишдан бош тортадиган бўлса, жизядан ўшаларнинг миқдорича камайтирилади. Ким бош тортса, у бизнинг зиммамизда бўлмайди. Агар дарёлари тўлалик вақтидан озаядиган бўлса, улардан (олинадиган жизя) ўшанинг миқдорича камайтирилади. Уларнинг сулҳига румликлардан ва нубийлардан ким кирса, унга ҳам уларга бўлган имтиёзлар ва мажбуриятлар бўлур. Ким бош тортиб, бошқа томонга кетишни ирода қилса ёки бизнинг султонимиздан чиқмоқчи бўлса, у ўз омонлик жойига етиб олгунича бизнинг омонликдадир. Уларга (мисрликларга) вожиб бўлган нарсанинг учдан бири ўшаларга ҳам вожиб бўлур.
Ушбу ёзилганларга Аллоҳнинг аҳди ва зиммаси, Унинг Расулининг зиммаси, мўминлар амирининг зиммаси ва мўминларнинг зиммаси бордир.
Ёрдам беришга рози бўлган нубийликларга жанг қилинмасликлари ва ички ва ташқи тижоратдан ман қилинмасликлари шарти ила бунча бош туя ва бунча от.
Зубайр ва унинг икки ўғли: Абдуллоҳ ва Муҳаммад гувоҳ бўлишди. Вурдон ёзди».
Ушбу ҳужжатдаги жизянинг ҳисобини қилган уламолар ҳар бошга йилига бир динорнинг ўндан бири тўғри келганини таъкидлайдилар.
Сўнгра мусулмонлар Амрнинг фустоти (чодири) атрофига ўз фустотларини ўрната бошладилар. Шу тариқа Қоҳиранинг ҳозиргача номи сақланиб келаётган Фустот номли ноҳияси пайдо бўлди.
Шундан сўнг Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Искандария томон юрди. Йўлдаги минтақаларда яшовчи қибтий ва румликлар унга қаршилик кўрсатдилар. Мусулмонлар уларнинг барчасини енгдилар. Амр розияллоҳу анҳу искандарияликларга Миср сулҳи каби сулҳ таклиф қилди, бироқ улар кўнмадилар. Шунинг учун куч ишлатиб, фатҳ қилишга тўғри келди. Шундай бўлса ҳам, улар аҳли зимма деб ҳисоб қилиндилар. Аввалги урушлар вақтида румликлар қибтийларнинг кўп нарсаларини зўрлик билан тортиб олган эдилар. Қибтлар Амр розияллоҳу анҳуга арз қилиб, ўша қадимги ҳақларини олиб беришни сўрадилар. Амр розияллоҳу анҳу ҳужжат ва далил келтирганларнинг ҳақларини қайтариб олиб берди.
Миср ва Искандария фатҳ қилингач, румлар Қустантинияга кетдилар. Қибтлар ва уларнинг бошлиғи Муқавқис шартномага асосан яшаб қолдилар. Амр розияллоҳу анҳу Муқавқисга ўз қавмига бошлиқ бўлиши учун шароит яратиб берди. Эҳтиёж туғилган пайтда мусулмонлар унга маслаҳат ҳам солиб турар эдилар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсон яралибдики, хурсандчилик билан бирга ғам-ташвиш, қайғу-аламлар ила яшайди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, “ғам-ташвиш”, “қайғуриш” каби тушунчалар икки хил бўлади:
1. Табиий.
2. Орттирилган.
Биринчиси ҳақида сўз борганда, уни “соғлом ташвишланиш”, деб аташимиз мумкин. Бошқача қилиб айтганда, бусиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Ташвишланишнинг бу тури топилмайдиган кишилар ҳиссизлик кетидан касал бўлиб қолишлари турган гап.
Албатта, ҳаёт ташвишлари бениҳоя – ишдаги муаммолар, уйдаги ғам-ташвишлар, ота-онага ғамхўрлик, фарзанд тарбияси, олинган қарзларни тўлаш, оилавий келишмовчиликлар, имтиҳонлар, кимдирлар билан учрашиш... Буларнинг барчаси одамни ташвишланиш, безовта бўлиш ва қайғуришга ундайди. Бундай руҳий ҳолатлар иштаҳамизни бўғиб, асабимизни бузади, уйқимиз қочади, бир сўз билан айтганда, ҳаётнинг аччиқ-чучукларини тотиб, ўнқир-чўнқирларига дуч келамиз. Вақт ўтиши билан бу муаммолар ўз ечимини топади, биз ҳам воқеликка рози бўламиз, кўникамиз, ташвишлар арийди, стресслардан халос бўлиб, хотиржамликка эришамиз. Орадан бироз муддат ўтиб яна янги муаммоларга дуч келамиз, хуллас, ҳаёт шу тарзда давом этаверади.
Дейл Карнеги айтади: “Мен ўттиз етти йилдан кўпроқ вақт Нью-Йоркда яшадим. Менда “безовталик” деган касаллик борлигидан огоҳлантириб қўйиш учун бирор киши эшигимни тақиллатиб келгани йўқ. Сувчечак каби касаллик келтириб чиқарадиган асоратлардан бир неча минг баробар кўп зарарлар кўришимнинг асосий сабаби, ушбу безовталик касаллиги бўлди. Ҳа, ҳа, рост! Ҳеч бир киши эшигимни қоқиб, америкаликларнинг ҳар ўнинчиси хавотир, ортиқча ташвишга сабаб бўлувчи асаб бузилишига чалинганини айтиб, огоҳлантиргани йўқ”.
Карнеги сўзида давом этади: “Киши бутун дунё мулкини қўлга киритган тақдирда ҳам, фақатгина битта ётоқда ёта олади, холос. Кунда уч маҳалдан ортиқ овқатни ошқозони сиғдира олмайди. Шундай экан, бу одам билан ер ағдариб юрган деҳқон орасида қандай фарқ бор? Аксинча, деҳқон чуқурроқ уйқуга кетса керак, тўғрими? Бу каби бадавлат кишидан кўра деҳқон еяётган таомидан кўпроқ лаззат ола билади, унинг таъмини яхшироқ ҳис қилади, шундай эмасми?!”,
Барселоналик машҳур доктор Марко Альварес ўз тажрибалари билан бўлишиб, бундай дейди: “Маълум бўлишича, ҳар бешта беморимдан тўрттасининг касаллиги бирорта аъзо таъсирида эмас, аксинча, қўрқув, безовталаниш, ташвишланиш, асабийлашиш ҳамда киши ўзи ва ҳаёти ўртасидаги муносабат ҳамда мувозанатни йўқотганлигидан бўлади”.
Шоир Мансур бир шеърида бундай дейди:
Хоҳла бой бўл, хоҳ фақирликни эт ирода,
Ҳеч илож йўқ ғам бўлар албат бу дунёда.
Ҳар гал ошиб борса атрофингда неъматинг,
Қаршисида ортиб борар ғам устига ҳам ғаминг.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.