Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
1. Аллоҳ таолонинг ҳузурида дуодан кўра маҳбуб нарса йўқ бўлиб, дуо ибодатнинг мағзи ҳисобланади (Термизий шариф);
2. Дуонинг аввали ва охирида Аллоҳ таолога ҳамду сано ва икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд юбориш маснундир. «Фазоилу дуруди шариф» номли китобда дуонинг ўртасида ҳам дуруд ўқиш суннат дейилган;
3. Дуонинг қабул бўлишига аниқ ишониб, бутун диққат-эътиборни Аллоҳ таолога қаратиб дуо қилиш лозим;
4. Дуода киши ўзининг хокисорлиги, тавозуъси ва ожизлигини намоён қилиши лозим;
5. Ғафлатда, эътиборсизлик билан қилинган дуо қабул бўлмайди. Шунинг учун қисқа, кенг қамровли дуо қилиш лозим;
6. Ҳарами шариф ва махсус жойларда қилинган дуолар мақбулиятга яқин бўлади;
7. Ҳожи ва умра қилувчиларнинг дуолари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабулга яқинроқдир. Ҳадисда «Ҳожилар мағфират қилинадилар. Шундай экан, гуноҳлари мағфират қилинган ҳожилар бошқаларнинг ҳам мағфират қилинишини сўраб дуо қилсинлар», дейилган;
8. Арабий лафзда нақл қилинган дуоларни ёдламаган киши махсус жойларда китобга қараб дуо ўқиши мумкин;
9. Араб тилида нақл қилинган дуоларни китобга қараб ўқишга қийналган киши дилидаги муродларини ўз тилида сўраши мумкин.
Нуқтаи назар
Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда. 2174 та исломий ва 198 та ноисломий диний ташкилот фаолият кўрсатапти. Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда жами 130 та – 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 102 та масжид ҳамда турли конфессияга тааллуқли 24 та ноисломий диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилди.
Жорий йил 25 февраль куни қабул қилинган қонун асосида тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси бу борада амалга оширилаётган ишларга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиляпти.
Мазкур ҳужжат виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқ ва Ўзбекистон дунёвий давлат эканига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принцип ва устувор йўналишларини белгилаб берди.
Ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди.
2017 йилга қадар мамлакатимизда 3 та олий (1 та исломий, 2 та ноисломий) ҳамда 9 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият юритган. Бугун эса 16 та диний таълим муассасаси бор, уларнинг 6 таси олий ўқув юртидир.
Мазкур соҳадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 21 апрелдаги "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони нафақат диний-маърифий соҳа, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам мамнуният билан кутиб олинди.
Содиқ Тошбоев,
Дин ишлари бўйича қўмита раиси
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2025 йил 25 апрель, 84-сон