Бу ҳақда Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, Бош муфтий Наврузбай ҳожи Тағанули 2025 йилги вазифаларга доир маърузасида маълум қилди, дея хабар беради muftyat.kz.
“Имомларнинг билим ва малакасини ошириш – замон талабидир. Бу йўналишдаги иш доимий назоратда. Имомларга чуқур диний билим бериш мақсадида Остона шаҳрида Хусамуддин ас-Сиғоний номидаги Ислом институтини очдик ва унга хориждан тажрибали устозлар ҳамда олимларни таклиф қилдик.
Бу йил Аллоҳнинг изни билан институтнинг биринчи битирувчиларига дипломлар топширамиз ва уларни масъулиятли диний лавозимларга тайинлаймиз. Ушбу хайрли ишлар давоми сифатида Аллоҳнинг иродаси билан бу йил Туркистон шаҳрида “Хўжа Аҳмад Яссавий” номидаги Ислом институтини очиш тараддудидамиз. Унинг асосий мақсади жанубий ҳудуддаги имомларнинг малакасини оширишдан иборат бўлади. Шунингдек, мазкур ўқув муассасаси ҳузурида “Ижоза” бериш маркази ҳам ташкил этилади. Бу жанубий ҳудуд имомларининг билим даражасини оширишга янги туртки беради», – деди Бош муфтий.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати