Ислом шариатида рибо Қуръони Карим, суннат ва ижмо билан ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сураси 275-оятида бундай марҳамат қилади:
وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا
“Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган” [1]. Бундан бошқа оятларда ҳам рибодан қайтарилиб, охиратда рибохўрларнинг аянчли ҳолатлари баён қилинган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибо еювчини, едирувчисини, котибини ва икки гувоҳини лаънатладилар ва “Улар баробардир” дедилар [2].
Рибонинг ҳаромлигини билиб олдик, энди рибо ўзи нима, қандай молларда рибо бўлади, рибонинг иллати нима эканлигини ўрганиб чиқамиз.
Рибо сўзи луғатда “зиёдалик” деган маънони англатади. Фақиҳлар истилоҳида эса:
الربا هو الفضل المستحق لأحد المتعاقدين في المعاوضة، الخالي عن عوض شرط فيه [3]
“Рибо – бу мол алмаштириш жараёнида икки ақдлашувчининг бири учун шарт қилинган эваздан холи зиёдаликдир”.
Содда қилиб айтганда бир кишининг 100 минг сўм бериб 120 минг олиши айни рибодир. Мана шу 20 минг таърифдаги “эваздан ҳоли зиёдалик”дир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф рибога қуйидагича таъриф берган: “Рибо – молни молга алмаштиришда эвазсиз ортиқча мол олишдир” [4].
Кўпчилик мусулмонлар рибо деганда қарз бериб фоизи билан қайтариб олишни ёки баъзи банклардаги фоизли кредитлар келади. Лекин жамиятимизда рибонинг бундан бошқа кўринишлари ҳам борки, уларга кўпчилик эътибор бермайди ёки риболигини ҳам билмайди. Бу ҳолатларни баён қилишдан олдин рибодаги асл қоида билан танишиб олишимиз керак. Рибо тўғрисида фақиҳлар ҳужжатланган асосий далил қуйидаги ҳадиси шарифдир:
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз тенгма тенг, қўлма қўл (сотинглар). Энди агар ушбу моллар бир хил бўлмаса-ю қўлма-қўл бўлса, хоҳлаганингиздек сотаверинглар” дедилар [5].
Ҳадисда 6 та рибовий мол саналди ва уларни бир бирига фақатгина зиёдасиз тенг миқдорда ва “қўлма-қўл” бир вақтда, насия қилмай сотиш мумкинлиги, агар зиёда қилса рибо бўлиши ҳамда жинслари турлича бўлган вақт – масалан олтинга буғдой сотилса қўлма қўл бўлиш шарти билан зиёдалик жоизлиги айтиб ўтилди. Шу ва бошқа ҳадисларга асосланиб фақиҳлар рибо бўлиши учун қандай моллар бўлиш кераклигини ҳамда рибо икки турга бўлинишини аниқлаганлар.
Дастлаб қандай нарсаларда рибо бўлишини ўрганиб чиқамиз. “Ан-ниқоя мухтасарул виқоя” асарида қуйидагича келтирилади:
علته القدر أي الكيل والوزن مع الجنس [6[
“Рибонинг иллати миқдор яъни кайл ёки вазн билан жинснинг бир бўлишидир”.
Яъни шу сифатларга эга бўлган молларда рибо бўлади.
Кайл ва вазн – ўлчов бирлиги бўлиб, юқоридаги ҳадисда келтирилган буғдой, арпа, хурмо, туз каби махсулотлар кайл билан ўлчанган, тилла, кумуш кабилар эса вазн билан ўлчанган. Демак, рибо фақатгина кайл ёки вазн билан ўлчанадиган, жинси бир хил бўлган нарсаларда бўлар экан. Ҳозирги кунимизда эса тарозида тортиб ҳисобланадиган маҳсулотларни рибовий мол дейишимиз мумкин. Лекин доналаб ёки метрлаб ўлчанадиган нарсаларда рибо бўлмайди. Масалан, битта тухумни иккита тухумга, ёки 1 метр матони 2 метр матога алмаштириш мумкин, бу рибо ҳисобланмайди.[7] Аммо 10 кг унни 15 кг ҳудди шундай унга алмаштирса рибо бўлади. Чунки ун кайлий маҳсулотдир.
Фиқҳ китобларида рибонинг иллатларини баён қилгач, айтиладики:
"إذا بيع الوكيل أو الموزون بجنسه مثلا بمثل: جاز البيع. و إن تفاضل لم يجز. و إذا عدم الوصفان حل التفاضل و النساء و إذا وجدا حرم التفاضل والنساء . و إذا وجد أحدهما و عدم الآخر:حل التفاضل و حرم النساء."[8]
“Агар кайлий ёки вазний нарса ўз жинсига тенгма-тенг сотилса, савдо жоиз бўлади. Агар ортиқча бўлса, жоиз эмас. Агар иккала сифат (кайл ёки вазн ва жинс бир бўлиши) топилмаса зиёдаси ҳам насия қилиш ҳам ҳалол бўлади. Агар иккала сифат топилса – зиёда ҳам, насия қилиш ҳам ҳаром бўлади. Агар бир сифат топилиб, бири йўқ бўлса зиёда жоиз, насия ҳаром бўлади”.
Мана шу рибо ҳақидаги энг муҳим қоидадир.
Юқорида рибо бўлиши учун вазний ёки кайлий маҳсулот бўлиши ҳамда жинси бир бўлиши кераклигини айтиб ўтдик. Бундай маҳсулот ўз жинсига тенгма тенг сотилса, савдо жоиз. Яъни 100 кг хурмони ҳудди шунча хурмога алмаштириш жоиз. Агар ортиқча бўлса, жоиз эмас. Яъни 100 кгни 150 кг га алмаштирса. Бунда маҳсулотларнинг сифати фарқли бўлиши аҳамиятли эмас. Агар иккала сифат топилмаса зиёдаси ҳам насия қилиш ҳам ҳалол бўлади. Масалан, ун эвазига нон алмаштирса, бунда иккиси тенг миқдорда бўлиши шартмас ва насия қилиш ҳам жоиз. Агар иккала сифат топилса – зиёда ҳам, насия қилиш ҳам ҳаром бўлади. Масалан, тиллани тиллага алмаштиришда тенгма-тенг бўлсин, ортиқчаси ҳаром ҳамда қўлма қўл бир вақтда бўлса, насия бўлмасин, насия қилиш ҳаром. Агар бир сифат топилиб, бири йўқ бўлса зиёда жоиз, насия ҳаром бўлади". Масалан, тилла кумушга алмаштирилса, ортиқчаси жоиз, тенг миқдорда бўлиши шарт эмас, лекин насия қилиш ҳаром. Чунки тилла ва кумуш вазний, лекин жинси бошқа-бошқа. Булардан бошқа ҳолатларда ҳам рибо бўлиш-бўлмаслигини шу қоидага асосланиб чиқариш мумкин.
Ҳозирги пайтда рибо асосан пул билан боғлиқ масалаларда кузатилади. Олдинги даврларда тижорат масалаларида олтин ва кумуш ишлатилган. Ҳозирда биз кенг фойдаланадиган қоғоз пуллар, банк пластик карталаридаги пуллар ҳам олтин ва кумуш ҳукмидадир. Мисол учун замонамиздаги фиқҳий китоблардан бири бўлган "Ал-фиқҳул ҳанафий фий савбиҳил жадийд" китобида: "Рибо барча нақд пулларда ҳаромдир, улар олтин ё кумуш бўладими ёки қоғоз пуллар бўладими фарқи йўқ" [9] дейилган. Юқоридаги қоидадан келиб чиқадики кундалик ҳаётимизда кўп дуч келадиганимиз пул алмаштириш жараёнида ҳам икки тараф бир вақтда алмашинаётган пул миқдорларини бир-бирларига қўлма-қўл беришлари зарур. Насия қилиш ҳаром бўлади. Пластик картадаги пулни нақд пулга алмаштиришда ҳам шу қоидага асосан пул алмашиш жараёни бир вақтда содир бўлиши талаб этилади. Агар икки тарафдаги пул жинси бир хил бўлса, яъни сўмга сўмни ёки долларга долларни алмаштирса зиёда қилиш ҳам ҳаром бўлади.
Хулоса ўрнида айтиш керакки кундалик ҳаётимизда тез-тез дуч келадиган савдо-сотиқ ва бошқа муомалат масалаларида янада эътиборли бўлишимиз, қайси ҳолатларда ҳалол савдо бўладию, қайси ҳолатларда рибо бўлишини билишимиз ва шунга кўра иш тутишимиз лозим. Зеро рибо гуноҳи кабиралардан саналади, барча мусулмонлар бундан сақланишга ҳаракат қилишлари вожибдир.
Жаннатхон САЙДИЛЛАЕВА,
Тошкент Ислом институти талабаси.
Фойдаланилган адабиётлар:
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. 11-жуз. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2022. – 304 б.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. 3-жуз. – Т.: Ҳилол-Нашр, – 640 б.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 1-жуз. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2008. – 664 б.
الإمام الحافظ أبوالحسين مسلم بن الحجاج النيسابوري. صحيح مسلم. – رياض: بيت الأفكار الدولية، ١٩٩٨.-١٤٧٣ص
الإمام علي بن أبي بكر المرغيناني. الهداية. الجزء الرابع. – المدينة المنورة: دار السراج. ٢٠١٩. ٦٠٨ ص
الفقه الحنفي في ثوبه الجديد. عبد الحميد محمود طهماز. الجزء الرابع. – بيروت: الدار الشامية. ٢٠١٨. ٥٠٤ ص
عبيد الله بن مسعود. النقاية مختصر الوقاية. دار الإيمان للمعرفة. ٢٠١٨. ٢٢٤ ص
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 1-жуз. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2008. 286-б.
[2] Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. 3-жуз. – Т.: Ҳилол-Нашр.2023. 133-б.
[3]. الإمام علي بن أبي بكر المرغيناني. الهداية. الجزء الرابع. – المدينة المنورة: دار السراج. ٢٠١٩. – ٥٣٣ ص
#xabar #haj2025 #statistika
Саудия Арабистони Подшоҳлиги статистика Бош бошқармаси ҳаж амалларини бажариш учун келган зиёратчилар сонини эълон қилди. Унга кўра:
Бу йил 1 миллион 673 минг 230 нафар киши ҳаж амалини адо этган. Шундан маҳаллий зиёратчилар сони 166 минг 654 нафар.
Ҳожиларнинг 877 841 нафари эркак, 795 389 нафари эса аёллардир.
Зиёратчиларнинг келиши йўллари:
Ҳаво йўллари орқали: 1 435 017 киши.
Қуруқлик чегара орқали: 66 465 киши.
Денгиз йўли орқали: 5 094 киши.
Эслатиб ўтамиз бу йил юртимиздан 15 минг нафар фуқаро ҳаж ибодатини адо этишга муяссар бўлди. Сўнгги 8 йил мобайнида 75 минг нафар киши ҳаж ибодатини қилишга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати