Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Август, 2025   |   10 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:49
Қуёш
05:21
Пешин
12:34
Аср
17:30
Шом
19:41
Хуфтон
21:05
Bismillah
04 Август, 2025, 10 Сафар, 1447

Ўзбекистон – ислом цивилизациясининг бешиги экани Малайзияда эътироф этилди

28.01.2025   315288   1 min.
Ўзбекистон – ислом цивилизациясининг бешиги экани Малайзияда эътироф этилди

Имом Мотуридий, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари делегациясининг Малайзияга ташрифи давомида Малайзия халқаро ислом университети проректори, профессор Муҳаммад Фавзан Нуриддин билан учрашув ўтказилди.

Таъкидлаш керакки, Малайзия халқаро ислом университети халқаро ислом университетлари рейтингида 2-ўринда туради. Ушбу университет хорижий тилларда дебат қилиш бўйича дунёнинг энг кучли университетлари рейтингида 41-ўринни эгаллаган.  

Тадбирда Малайзия халқаро ислом университети билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.    

Проректор Муҳаммад Фавзан Нуриддин барча йўналишларда Ўзбекистон билан ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.  

Шунингдек, Малайзия халқаро ислом университети Ислом билимлари факультети декани Шукран Абдураҳмон билан учрашув бўлиб ўтди.  

Малайзия томонига Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг қамровли маълумот берилди.  

–  Президент Шавкат Мирзиёев томонидан диний соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар мени ҳайратлантирди, – деди  Шукран Абдураҳмон ўз сўзида. – Қисқа вақт ичида бу каби кенг кўламли ишларни ташкил этиш камдан-кам раҳбарнинг қўлидан келади. Ўзбекистон – ислом цивилизациясининг бешиги. Агар Ўзбекистон томони имконият берса, мен ҳам бу қадимий ўлкага бориб илмий тадқиқот қилган бўлар эдим.  

Мулоқот самимий ва конструктив руҳда бўлиб ўтди.  

Н.Усмонова,

ЎзА мухбири

Бошқа мақолалар

Аллоҳни севинг!

04.08.2025   1147   2 min.
Аллоҳни севинг!

Одамлардан бири Зуннундан “Кимни дўст тутай?” – деб сўради. У: “Касал бўлсанг шифо берадиган, гуноҳга қўл урсанг уни кечириб юборадиган, сўрасанг берадиган ва унинг ёрдамига муҳтож бўлсанг сенга ёрдам берадиган Зотни дўст тут!” – деди.

Аллоҳ таолодан ўзга дўст борми?! Саждага борган пайтингиз ишларингизни махфий тарзда Роббингизга айтинг. Зеро, У Зот махфий нарсалардан ҳам хабардордир. Атроф­дагилардан уни махфий тутинг, чунки муҳаббат ошкор айтилмайди. Муҳаббатингизни кечалари таҳажжудларда, саҳар вақтлари намозларингизда изҳор этинг.

Айрим одамлар динни “Буни қил!”, “Буни қилма!” каби буйруқлар ва тақиқлардан ёки ҳалол ва ҳаром тушунчаларининг жамланмаси деб билишади ва барисининг устида Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат туришини унутиб қў­йишади. Ишнинг боши – муҳаббатдир. Муҳаббат йўқолса, тоату ибодатларнинг бари кишини диндор мусулмонга айлантира олмайди.

Агар сиз Аллоҳга муҳаббат даъвосида бўлсангиз, бу муҳаббатингизни ҳаётингиз давомида кўрсатинг. Гап-сўзингиз, юриш-туришингиз ва амалларингизда ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз акс этиб турсин.

Ривоят қилинишича, бир киши сафарда соҳибжамол аёлга йўлиқиб қолибди. Ва унга қарата: “Сен мени бутунлай ўзингга ром этдинг. Менинг бутун хаёлим сен билан банд”, дебди. Аёл ҳам: “Агар айтганингиз рост бўлса, борим сизга фидо бўлсин. Аммо менинг бир офатижон синглим бор. Мендан анчайин чиройли. У ортингизда турибди. Агар истасангиз иккимиздан биримизни танлашингиз мумкин”, дебди. Киши дарҳол ортига ўгирилибди. Шунда аёл унинг юзига бир тарсаки туширибди ва: “Қорангни кўрмай! Фирибгар, алдоқчи! Мени севаман деб, бошқасига кўз олайтирасанми?! Менинг олдимга ялиниб келиб, ошиқлигингни айтдинг. Сени синовдан ўтказгандим. Учига чиққан ёлғончи экансан!” – дебди. Шунда у кўзларига ёш олиб, ўзига-ўзи шундай дебди: “Бир яратиқнинг муҳаббатини даъво қилиб, ундан юз ўгирганим учун юзимга тарсаки тушди... Неча марталаб Яратган Зотга ошиқлик даъвосини қилиб, ундан юз бурдим. Ундан бошқаси билан овораю сарсон бўлдим. Қалбимга урилган шапалоқни пайқамай қолибман... Наҳотки, мен қалби қопланиб қоладиган даражага етган бўлсам-а?!” деган экан. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир»[1].

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Мутоффифун сураси, 14-оят.