Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июн, 2025   |   23 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:02
Хуфтон
21:41
Bismillah
19 Июн, 2025, 23 Зулҳижжа, 1446

Набийимиз алайҳиссаломнинг мавлидлари – нурнинг туғилиши

28.01.2025   4905   9 min.
Набийимиз алайҳиссаломнинг мавлидлари – нурнинг туғилиши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мана, кун ўтиб, ҳафта ўтиб, ой ўтиб, яна рабиъул аввал ойи келди. Аҳли мусулмон бу ойнинг бошқа исмларини қўйиб, қисқа қилиб «Мавлид ойи» деб номлайдиган ой келди. Мавлид ойи – туғилиш ойи. Ҳа, бу ой – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган ойлари, у зотнинг сиймоларида инсониятни залолат қоронғулигидан ҳидоят ёруғлигига бошловчи нурнинг туғилиш ойи. Жаҳолат ботқоғига ботиб ётган инсониятни нажот қирғоғига олиб чиқувчи кучнинг туғилиш ойи. Инсониятни икки дунё саодатига эриштирувчи халоскорнинг туғилиш куни.

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, дунёдаги барча миллат ва элатлар, хусусан, турли дин вакиллари ўз улуғларининг, раҳнамоларининг туғилган кунларини алоҳида эътибор билан нишонлайдилар. Кўплари эса ўша кунларни ўз тариҳларининг бошланғич санаси қилиб олганлар.

Минг афсуслар бўлсинки, мусулмонлар ўзларининг маҳбуб Пайғамбарлари, сарвари коинот бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кун ва ойларини ўзаро ихтилофлар билан кутиб оладилар. Ҳар йили рабиъул аввал ойи яқинлашиши билан, «Мавлид» номли маросим ҳақидаги ихтилофлар янгидан бошланади. Кўпчилик бу ишни қилиш яхши деса, баъзилар бу бидъатдир, ҳар бир бидъат эса залолат, ҳар бир залолат куфрдир, дейди.

Натижада йиллар бўйи давом этиб келаётган ихтилоф янгидан бошланади. Яна эски гаплар аввал бошдан қўзғалади. Икки тараф бир-бирига қарши фатволар чиқаради. Бу эса ўз навбатида икки тараф ҳам иттифоқ қилган нарса – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва таълимотларини халққа етказиш ишини орқага суради, заифлаштиради.

Кўриниб турибдики, бефойда тортишувларни йиғиштириб қўйиб, ҳар икки томон ихтилоф қилаётган нарсаларида ўз фикрларида қолган ҳолда, иттифоқ қилган нарсалари – набийларнинг хотими Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларию сийратлари, васиятларию суннатларини халойиққа етказишга эътибор берсалар яхши бўлар эди.

Шак-шубҳа йўқки, ҳар икки томон ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатлари чексизлигини даъво қилади. Ҳар икки томон ҳам Аллоҳга муҳаббати зўрлигини таъкидлайди. Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлиш умидида эканини изҳор этади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса Ўзининг қиёматгача боқий мўъжизаси Қуръони азимуш-шаънда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан бундай дейди:

«Айт: «Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг, Аллоҳ сизни севадир...» (Оли Имрон сураси, 31-оят)

Аллоҳга муҳаббати борлигини даъво қилган одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсин. Аллоҳнинг муҳаббатига эришишни орзу қилган одам ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсин. Агар мусулмон уламолар, ёзувчилар ва талабалар мавлид ҳақидаги ихтилофга сарфланаётган билим, куч-қувват, ақл-заковат, моддий ва маънавий имкониятларини юқорида зикр қилинган ҳақиқатни дунёга тарқатишга сарф қилганларида, айни муддао бўлур эди.

Шу ўринда қадимги мусулмон фотиҳлар ҳаётида бўлиб ўтган бир ибратли ҳодисани эслаб ўтиш жоиз. Ер юзига Ислом нурини таратиш, инсонларни турли тузумлар зулмидан Ислом адолатига олиб чиқиш, бандаларга қуллик қилиш хорлигидан Аллоҳ таолога бандалик қилиш шарафига эриштириш учун чиққан фотиҳлардан бир гуруҳи неча бор уринсалар ҳам, душман истеҳкомини забт эта олмабдилар. Ўйлаб кўришса, авваллари бундан бир қанча қийин ишларни ҳам осонлик билан амалга оширган эканлар. Аммо бу сирни тушуна олмай хуноб бўлибдилар. Келишиб, тафаккур қилиб, бу ғалати ишнинг сабабини топишга қарор қилишибди. Тузукроқ ўйлаб қарашса, ўша кунлари баъзи омилларга кўра, севимли Набийлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бирига амал қила олмаган эканлар. Ҳаммалари ўзларига келиб, ўша тарк этилган набавий суннатга амал қилибдилар ва дарҳол фатҳу нусратга ноил бўлибдилар.

Ушбу қисса бугунги кунда нафақат битта суннати набавийни, балки ҳамма суннат, вожиб ва фарзларни тарк эта туриб, «Нима учун мусулмон бўлсак ҳам, Расулуллоҳнинг уммати бўлсак ҳам муваффақиятга эриша олмаяпмиз?» деяётганларнинг кўзини очиши керак.

Бундан келиб чиқиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмаганлар Аллоҳ таолога муҳаббатлари борлигини даъво қилмасинлар ҳамда Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан умидвор бўлмасинлар, дейиш мумкин. Чунки юқорида зикр қилиб ўтилганидек, Аллоҳ таолонинг Ўзи Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан:

«Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, менга эргашинг, Аллоҳ сизга муҳаббат қилади», демоқда.

Инсониятга икки дунё бахт-саодатини таъмин этувчи илоҳий таълимотларни олиб келган, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расули Акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини эслаётган бугунги кунимизда, бутун олам у кишининг зотларига, сифатларига ва таълимотларига қанчалик муҳтож эканлигини асримизнинг буюк ақл эгаларидан бири, забардаст инглиз мутафаккири ва ёзувчиси Бернард Шоу қандай ифодалаганини эслаш ўринлидир. «Агар Муҳаммад Расулуллоҳ тирик бўлганида, замонамиз муаммоларини бир пиёла чой устида ҳал қилган бўлар эди», деган экан у.

Агар буюк ёзувчининг бу сўзлари Бернард Шоуга ўхшаш ғарбликлар учун шону шараф бўладиган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликни даъво қилиб туриб, у зотга эргашмай юрган шарқликлар учун ору номусдир.

Ҳа, инсоният бугунги кунда сарвари коинот Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларига, у зотнинг шахсий сифатларига ниҳоятда муҳтождир. Биргина ҳусни хулқ – одоб-ахлоқ масаласини олиб кўрайлик. Инсоният бугунги кунда одобсизлик, ахлоқсизлик ботқоғига ботиб ётибди. У ҳозир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда мужассам бўлган ростгўйлик, меҳрибонлик, жувонмардлик, аҳдига вафоли бўлиш, омонатдорлик, саҳийлик, ҳалимлик, шижоатлилик каби кўплаб яхши сифатлар билан сифатланишга жуда ҳам муҳтож.

Комил инсон бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам комил ахлоқ эгаси ҳам эдилар. Бу сифатни васф этиш учун оддий инсон тили ожизлик қилади. Бу борадаги васф инсонларнинг Робби томонидан келмишдир. Аллоҳ жалла жалолуҳу Ўзининг маҳбуб Расули Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда Қуръони Мажидда хитоб қилиб шундай дейди:

«Албатта, сен улуғ хулқдасан» (Қамар сураси, 4-оят).

Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоблари оддий ахлоқ-одоб эмас, улуғ ахлоқ-одобдир. Бинобарин, у зотга эргашганларнинг ахлоқ-одоблари ҳам шундай бўлмоғи даркор.

Кишилар Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари, мўминларнинг онаси Оиша Сиддиқа розияллоҳу анҳодан у зоти бобаракотнинг хулқлари қандай бўлганлиги ҳақида сўраганларида:

«У зотнинг хулқлари Қуръон эди», деган эканлар.

Бу дегани, у зот Қуръонда келган ҳамма яхши сифатларни ўзларида мужассам қилган эдилар, деганидир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги яхши сифат ва таълимотларни нафақат ўзларида мужассам қилган эдилар, балки уларни ҳарфма-ҳарф ўз умматларига татбиқ қилиб, кўрсатиб ҳам берган эдилар. Ул зотдан бевосита таълим олган саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари ер юзида қадам ташлаб юрадиган тирик Қуръонларга айландилар. Бунинг самараси ўлароқ улар қисқа муддат ичида бутун дунёга Ислом нури таралишига сабаб бўлдилар.

Лекин минг афсуслар бўлсинки, бугунга келиб мусулмонлар тирик Қуръон бўлиш у ёқда турсин-у, кўплари Қуръон нималигини ҳам, унинг бирорта сурасини маромига етказиб тиловат қилишни ҳам билмайдиган ҳолга келдилар.

Маҳбуб Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини эслар эканмиз, у зотга содиқ уммат бўлиш аҳдини янгилаймиз.

Маҳбуб Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини эслар эканмиз, у зотга салавоту саломлар юборамиз, Аллоҳ таолодан бу дунёда у зотга эргашиб яшаш насиб этишини, у дунёда Ўзининг розилигига ва Расулининг шафоатига муяссар қилишини сўраймиз. Омин!


ИЛОВА

Ушбу мақолалар нашр қилинганидан кейинги даврда дунёда бўлиб ўтган баъзи ҳодисалар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари, ҳаётлари ва сифатларини янада яхшироқ теранроқ ва кўпроқ ўрганишимиз зарурлигини кўрсатди.

Баъзи ғайримусулмон тоифа ва шахслар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаларида мислсиз нобакорлик ва беодоблик қилдилар. У зотнинг шахсларига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар уюштирдилар. Баъзи нашрлар ҳатто у зотни масҳараловчи расмлар ҳам чоп этдилар, турли туман гап-сўзларни кўпайтирдилар.

Албатта, дунё мусулмонлари бу каби нобакорликларга қаттиқ қаршилик кўрсатдилар ва турли чора-тадбирларни кўрдилар. Ана ўша чора-тадбирлардан энг кўзга кўрингани Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари, ҳаётлари ва сифатларини янада яхшироқ, теранроқ ва кўпроқ ўрганиш йўлидаги ҳаракатлар бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Айни шу муносабат ила бутун дунё бўйлаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган турли ташкилотлар тузилди. Турли тилларда у зотнинг сийратлари, сифатлари, суннатлари ва таълимотларини баён қилувчи китоблар, нашрлар, фильмлар ва бошқа асарлар яратилди.

Бутун дунё бўйлаб мавлид маросимлари ўтказилди ва ўтказилмоқда. Бу маросимларнинг аксари халқаро кўламга эга бўлиб, уларда юз минглаб одамлар иштирок этмоқда. Ҳудди шу муносабат ила минглаб кишилар Ислом динини қабул қилмоқда ва Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлмоқда.

Кейинги мавзу:
Аёлларнинг эркакларга ўхшаб намоз ўқиши.

Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг семириш муаммоси ҳақидаги башоратлари

14.10.2024   9130   3 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг семириш муаммоси ҳақидаги башоратлари

Набавий башорат

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизнинг яхшиларингиз менинг асримдагилардир. Сўнгра улардан кейин келадиганлар, сўнгра улардан кейин келадиганлар”.

Имрон розияллоҳу анҳу: “У зот алайҳиссалом икки марта ёки уч марта айтдиларми, билолмадим”, деди. “Кейин шундай бир қавм келадики, улар гувоҳлик сўралмаган ҳолда гувоҳлик беришади, хиёнат қилишади, омонатдор бўлишмайди, назр қилиб, вафо қилишмайди, уларда семизлик пайдо бўлади”» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Ҳадис шарҳи

Уламолар ушбу ҳадисда касаллик ёки бошқа физиологик хусусиятлар туфайли туғма семизлик эмас, балки айнан овқатга очкўзлик ва нафсни тиймаслик, ортиқча овқатланиш натижасида орттирилган семизлик ҳақида гап кетаётганини айтишади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида семизлик кенг тарқалган ҳодиса эмас эди ва саҳобалар бу муаммони хаёлларига ҳам келтиришмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг ҳолидан хавотирга тушганлар.

 

Семириш – глобал эпидемия

Бугунги кунда ортиқча вазнга эга бўлиш, семириб кетиш инсониятни ташвишга солаётган муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) семиришни глобал эпидемия деб эълон қилган.


Агар шу ҳолат давом этса…

Сўнгги 50 йил ичида одамларда вазн ортиши динамикаси кескин ортди. Бугунги кунда Ер сайёрасида 2,5 миллиарддан ортиқ одам (38%) ортиқча вазнга эга. Агар шу ҳолат давом этса, 2035 йилга келиб бу кўрсаткич 50%дан ошиши мумкин ва инсониятнинг ярмидан кўпида семириш ташхиси қўйилади.

 

Семизлик ёш танламайди

Семириб кетиш фақат катталар учун эмас, ҳатто болалар ва ўсмирлар орасида ҳам тез ўсиб бораётгани янада хатарлидир. Ҳар йили 2,8 млн ўлим ортиқча вазн сабаб содир бўлади.

 

Семиришнинг сабаби нима?

Диетологларнинг фикрига кўра, ҳозирги вақтда истеъмол қилинаётган озиқ-овқатлар ниҳоятда осон ҳазм бўлади ва зарур бўлган калориядан бир неча баравар кўп концентрацияни ўз ичига олади. Одамлар бундай овқатларни тобора кўп истеъмол қилишлари оқибатида семизлик келиб чиқмоқда. Албатта, бу сабаблардан бири.

 

Ортиқча овқат – шаҳватни келтириб чиқаради!

Ортиқча овқатланиш шаҳват кучайишига олиб келади. Натижада инсоннинг ҳар қандай ёмонликка бошлайдиган нафсига қарши курашиши қийинлашади. Шунинг учун меъёрида овқатланиш, нафл рўза тутиш мақсадга мувофиқ.

Ўз нафсингиз билан бўладиган оғир жангда муваффақият ва зафарлар тилаймиз.


Олдини олиш учун нима қилиш керак?

Соғлом овқатланиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш. Айниқса кўпроқ пиёда юриш – қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар ва қандли диабет каби касалликларнинг олдини олади.

Даврон НУРМУҲАММАД