Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июн, 2025   |   24 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:41
Bismillah
20 Июн, 2025, 24 Зулҳижжа, 1446

Али розияллоҳу анҳу Каъба ичида туғилганми?

29.01.2025   4028   2 min.
Али розияллоҳу анҳу Каъба ичида туғилганми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг Каъбада туғилгани ҳақидаги маълумотлар кенг тарқалган.

Ҳадис тўпламларида бу маълумотнинг тўғрилигини тасдиқловчи биронта ҳадис, ҳатто заиф ҳадис ҳам йўқ.

Фақатгина Имом Ҳокимнинг “Али Каъба ичида туғилган”, деган сўзлари бор –  “Мустадрак”, 3/483.

Сирожиддин ибн Мулаққин айтадилар: “Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Каъбада туғилган, деган нарсага келсак, бу заиф ва кўплаб муҳаддислар Имом Ҳокимни ривоятини инкор қилганлар” – “Бадрул мунир”, 6/489.

Биргина саҳоба Ҳаким ибн Ҳизомнинг Каъба ичида туғилганлиги ишончли ривоят ҳисобланади. Бу ривоятни Имом Муслим ўзининг “Саҳиҳ”ида келтирган: “Ҳаким ибн Ҳизом Каъбада туғилиб, бир юз йигирма йил яшаган”“Саҳиҳ Муслим”, 1532. Бу ҳақдаги Ҳакимнинг ўзи айтган гапини Имом Заҳабий, Ибн Ҳажар, Суютий ва бошқа олимлар ҳам ривоят қилганлар.

Қолаверса, Қурайшнинг насл-насаби борасида мутахассис бўлган Мусъаб Зубайрий (вафоти 236 ҳижрий сана) Каъбанинг ичида фақат Ҳаким ибн Ҳизом туғилган, ундан олдин ҳам, кейин ҳам, Каъбада ҳеч ким туғилмаган, деган.

Ҳакимнинг оналарини тўлғоқ тутган вақтда Каъба атрофида эди. Шу сабабдан бир қанча аёллар билан Каъбага кириб, ўша ерда фарзанд дунёга келтирди. Бу воқеа “Фил йили”дан ўн уч йил олдин бўлган эди. Мана шу янги туғилган чақалоқ Ҳаким ибн Ҳизом Макка фатҳи арафасида мусулмон бўлган.

Ҳазрати Али милодий 600-йилда Маккаи Мукаррамада таваллуд топдилар. Ҳазрати Али Расулуллоҳ набий қилиб юборилганларидан кейин ёш болалардан биринчи бўлиб иймон келтириб, Исломни қабул қилганлар. Ана шу вақтда ёшлари ҳали саккиздан ўтмаган эди. Ҳижрий 40, милодий 661 йили ўн еттинчи рамазон куни Куфада вафот этган.

Пўлатхон Каттаев,
Тошкент Ислом институти Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси.

Бошқа мақолалар

Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

22.11.2024   9585   3 min.
Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

Бир қиз айтади:

«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.

 

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).


Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.

Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!

Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.