Инсон дунёга ҳеч нарсасиз келади, сўнгра ҳамма нарсага эришиш учун ҳаракат қилади... Кейин эса ҳамма нарсани қолдириб, ҳеч нарсасиз дунёдан кетади... Сўнгра у ҳамма нарса учун ҳисоб-китоб қилинади.
Аллоҳ таолонинг бундай деган сўзи бор: “Инсонга фақат ўз қилган ҳаракатларигина мансубдир. Унинг ҳаракатлари яққол кўрсатилади. Кейин унга тўлиқ мукофот берилади” (Нажм сураси, 39-41 оятлар).
Аксарият инсонлар, уларга юклатилган вазифаларни тарк этиб, Аллоҳ улар учун кафолат берган нарсалар билан машғул бўлиб қолишади.
Ҳаётингизни кўриб чиқинг, дунёвий, фоний ишлар учун қанча вақт сарфлаяпсиз? Охиратингизга зарур бўлган ишлар учун қанча вақт ажратмоқдасиз?
Аллоҳ таоло айтди: “Ким дунё мукофотини хоҳласа, унга шундан берамиз. Ким охират мукофотини истаса, унга шундан берамиз. Ва биз шукр қилувчиларни албатта мукофотлаймиз” (Оли Имрон сураси, 145-оят).
Аллоҳ таоло дунё неъматларини охират неъматларидан афзал кўрганларни қоралаб бундай деган: “Ким дунё мукофотини истаса, унга берамиз”.
Яъни, кимки амалларини фақат дунёвий манфаатлар учун қилса, унга дунёнинг бир қисмини берамиз, аммо охиратда унга ҳеч қандай улуш берилмайди.
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло амалларини охират мукофоти учун қилганларни мақтаб айтади:
“Ким охират мукофотини истаса, унга шундан берамиз”.
Яъни, ким охиратдаги буюк мукофотни истаса, унга шундан берамиз.
Давомида: “Биз шукр қилувчиларни мукофотлаймиз”, дейди.
Бу оят шукр қилувчиларга Аллоҳнинг мукофотлари ҳақида ваъда.
“Ким шукр қилса, уни дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳ рози қилади ва уни неъматлар билан сийлайди”
Бу оят инсонларни дунё неъматларига алданмасликка, балки охират неъматларига кўпроқ интилишга чақирган.
Аллоҳ яна бундай деган: “Ким охират ҳосилини истаса, унинг ҳосилини зиёда қиламиз. Ким дунё ҳосилини истаса, унга бир қисмини берамиз, лекин охиратда унинг ҳеч қандай улуши бўлмайди” (Шуро сураси, 20-оят).
Бу оятда шукр қилганларга Аллоҳнинг раҳмати ва уларни охиратда буюк мукофотлар билан сийлаши ҳақида айтилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Қиёмат кунида инсон тўрт нарса ҳақида сўралмагунча икки қадами силжимайди:
1. Умрини қандай ўтказганлиги ҳақида.
2. Танасини нималарга ишлатганлиги ҳақида.
3. Илми билан нималар қилганлиги ҳақида.
4. Молини қаердан топганлиги ва қаерга сарфлаганлиги ҳақида”.
Бу ҳадис инсоннинг ҳаётидаги ҳар бир амал ҳисоб-китоб қилиниши ҳақидаги огоҳлантиришдир.
1. Умр – инсондан, Аллоҳнинг буйруқларини қай даражада бажаргани ва тақиқларидан сақлангани сўралади.
2. Танаси – агар у Аллоҳнинг итоати йўлида ишлатилган бўлса, нажот топади, акс ҳолда, ҳалокатга учрайди.
3. Илм – инсон ўз билганига амал қилиб нажот топади, лекин илмига амал қилмаган ёки уни тарк этган одам ҳалок бўлади.
4. Мол – инсон уни ҳалол йўлда топганми ва ҳалол йўлда сарфлаганми, деб сўралади. Агар молини ҳалол йўлда топиб, ҳалол ишларга сарфлаган бўлса, нажот топади. Аммо уни ҳаром йўлларда топиб ёки сарфлаган бўлса, ҳалокатга учрайди.
Бу ҳадис ҳар бир инсонни ҳаёти ва неъматлари учун масъулиятли бўлишга чақириб, охиратга тайёргарлик кўришнинг зарурлигини уқтиради.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиқа бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен агар у айтса, ундаги бу нарса кетадиган калимани биламан. У “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм”дир», дедилар. Бас, у: «Менда жиннилик бор деб ўйлайсанми?» деди» (Тўртовлари ривоят қилишган).
Ғазаби чиқишининг олдини олиш ниятида бўлган одам «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»ни айтиб юрмоғи лозим. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: “Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетди, бўлмаса ёнбошласин”, дедилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган.
Имом Абу Довуд Абу Воил Оссдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Урва ибн Муҳаммад Саъдийнинг олдига кирган эдик. Бир одам гапириб, унинг ғазабини қўзғади. Шунда у ўрнидан туриб, таҳорат қилди. Сўнгра: “Отам менга бобом Атийя розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни айтиб берган эди”, деб қуйидагиларни айтди: Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Албатта, мазкур ва шунга ўхшаш чоралар ғазабни қайтариш учун қўлланиладиган ёрдамчи чоралардир. Ғазабнинг асосий чораси эса Аллоҳга бўлган иймон, қиёматдан умидворликдир. Ғазаби чиққан одам дарҳол Аллоҳ таолони эслаши, У Зот ҳар бир нарсани кўриб-билиб турганини ва ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиши шубҳасизлигини ёдга олиши зарур.
Шунингдек, ғазабни ишга солиб ёмонлик қилса, қандай жазо олишини, ғазабини ютиб ортга қайтса, қандай савоблар олишини ўйлаши лозим.
“Руҳий тарбия” китоби асосида тайёрланди