Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қад ростлаган бу мажмуа аслида давлат раҳбарининг халқчил, эзгулик ва савобга, ибратга йўғрилган ташаббусининг меваси. Негаки, азалдан халқимиз қалбида ислом маърифати яшаб келган. Бу ёғду энг оғир шароитларда ҳам одамлар онгу шуури, юрагини асло тарк этмаган. Ҳатто серзуғум шўролар даврида ҳам покиза имон-эътиқод, ислом нури ота-боболаримизга мудом ҳамроҳ бўлган.
Хонадонлар тўрида авайлаб сақланган Қуръони Карим, дастурхон устидаги дуолар, савобли анъаналар, юмушларнинг бардавомлиги бунинг ёрқин далилидир. Оналаримиз умрининг поёнида ҳам муқаддас китоблар мутолаасига шўнғиганлар. Зеро, Ояти калимадаги мўъжизакор сатрлар ҳар қандай ғамгин, изтиробли, ғуссага тўлган қалбларга таскин, ҳузур, сокинлик бағишлайди. Демоқчи бўлганимиз, исломнинг ҳаётбахш қуввати, зиёсидан баҳраманд бўлиш бизларни бир лаҳзага бўлса-да, сира тарк этмаган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси асосида бундан бир неча йиллар аввал тамал тоши қўйилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази наинки буюк аждодларимиз меросидан фахрланиш, балки тараққиёт сари юз тутган янги Ўзбекистонимизда Учинчи Ренессанс асосларини барпо этишдек эзгу мақсадларни кўзлаши билан қадрлидир.
Айтиш керакки, уч қаватли, ғоят кўркам ушбу бино мукаммал тарзда барпо этилиши билан бирга, ундаги илмий-маърифий контентлар, экспозиция заргарона, мукаммал, чуқур илмий-фундаментал асосда шакллантирилган. Бу ерда “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади.
2024 йилда мамлакатимизда бўлиб ўтган халқаро форумлар, анжуманлар, Маданий мерос ҳафталиклари, мулоқотлар, машваратлар мажмуа фондини бафуржа, тўкис, асосли, қизиқарли, ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта яратиш учун яхшигина пойдевор бўлди.
Мамлакатимизнинг дин соҳаси билимдонлари, олимлар, уламолар, тарихчилар, реставраторлар, музейшунослар, кутубхоначилар, ношир ва хаттотлар, дизайнерлар, манбашунослар, рақамли технологияларнинг билимдонлари, рассомлар, моҳир уста ва ҳунармандлар, муҳандислар бундай эзгу ишга ўз ғоя ва таклифлари, фикрлари, ижодий лойиҳалари билан муносиб ҳисса қўшдилар.
Айни пайтда юртимиз олимлари билан бирга, энг етакчи давлатларнинг олим ва мутахассислари, йирик университетлар, музей ва кутубхоналарнинг, илмий марказлар вакиллари давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий экспозицияси концепциясини яратишга оид ташаббуси атрофида фаол бирлашдилар.
Ушбу мажмуани халқимизга тўлақонли тақдим этиш ғояси Президентимизни доимий ўйлантириб, яхши маънода ташвишга солиб келаётгани, унинг ҳаётга жорий этилиши йўлида доимий амалий ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиб келинаётгани мамлакатимизда халқнинг маърифати, маънавий юксалиш масалалари эҳтимолки, ҳар қандай соҳалардан устувор, муҳим ва долзарб эканини кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 29 январь куни улкан ва ноёб лойиҳа – Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишуви чоғида юртимизда ислом маданияти билан боғлиқ қўҳна тарих бир жойда – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида мужассам бўлишини алоҳида таъкидлади.
Шубҳасизки, ушбу табаррук мажмуа янги Ўзбекистоннинг улуғ бунёдкорлик рамзи, бетакрор маънавий-маърифий меросимиз, бой тарихимиз, келажакка интилаётган она-Ватанимизнинг ўзига хос кўзгусига айланажак.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири
“Ғазабланма!” – бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур ҳадисларидандир. Биз, аввало, нима учун ғазабланаётганимизни англаб етишимиз лозим.
Асабимизни қўзғайдиган бирорта сўз ёки қандайдир иш туфайли ғазабланамиз. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай вазиятда ғазабни ютишга чақирганлар. Жумладан бир ҳадисда: “Ким ғазабланишга қодир бўла туриб, ғазабини ичига ютса, Аллоҳ таоло унинг қалбини хотиржамлик ва иймонга тўлдириб қўяди”[1], деганлар.
Агарда сизга хуш келмайдиган ҳар нарсага аччиқ қилаверсангиз, ичингизда ғазабнинг чўғи ҳеч қачон сўнмайди. Ғазабланмаслик борасида қуйидагиларни тавсия қиламиз:
Йўллар тирбанд бўлиб, машиналар тинмай сигнал чалаётган бўлса ғазабланманг. Сабаби, сизнинг бу аччиқланишингиз қизил чироқни яшилга ўтказиб қўймайди. Лекин асаб томирларингиз емирилади, юрак уришингиз тезлашади, бу эса қон босимингиз ошишига сабаб бўлади.
Йўллардаги тирбандлик сабаб келишилган жойга ўз вақтида етиб боролмасангиз ҳам ғазабланманг. Унинг ўрнига шундай денг: “Аллоҳнинг қадари. Ўзи хоҳлагани бўлди”. Кейинги сафар йўлга сал эртароқ чиқинг ва албатта, вақтнинг ҳисобини олинг.
Бирорта одам сизни танқид қилиб сизга танбеҳ бергани ёки сиз билан қўпол муносабатда бўлгани учун аччиғингиз келади. Шундай пайтларда яхши гумонда бўлинг. “У аслида насиҳат қилмоқчи бўлди. Аммо буни айтиш учун йўл тополмади, унинг гапириш одати шундай бўлса керак”, деб қўя қолинг.
Томас Карлейль[2] айтади: “Бирор-бир мунозарада асабийлашсак, ўша пайтда ҳақиқатни излашдан тўхтаймиз ва шахсиятга тарафкашлик учун ҳаракат қилишга ўтамиз”.
Агар сиз тортишувлар ичида бўлсангиз, нима бўлишидан қатъи назар, мўлжалингизни ҳақни излашга йўналтиринг. Имом Шофеъий шундай деганлар: “Мен ким билан тортишган бўлсам, ҳақ мендан кўра қаршимдаги кишининг тилида аён бўлишига орзуманд бўлганман”.
Ривоят қилинишича, бир куни Маймун ибн Меҳроннинг жорияси қайноқ шўрва солинган идиш келтирди ва қоқилиб кетиб шўрвани Маймуннинг устига тўкиб юборди. Маймун уни урмоқчи бўлиб шайланганида, жория: “Хожам, Аллоҳ таолонинг «...Ғазабини ютадиганлар...» (Оли Имрон сураси, 134-оят) деган сўзига амал қилинг”, деди. Маймун унга жавобан: “Майли, шундай қилганим бўлсин”, деди. “Жория яна Аллоҳнинг «...Одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлар...» (Оли Имрон сураси, 134-оят) деган сўзига ҳам амал қилинг”, деди. Шунда Маймун унга қарата: “Майли, сени кечирдим”, деди. Жория гапида давом этиб: «...Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон сураси, 134-оят), деди. Маймун эса “Мен сенга яхшилик қилдим ва сен ҳозироқ Аллоҳ учун озод бўлдинг”, деди.
Бир ҳаким зот айтади: “Бора-бора ҳаёт дарсларидан кўп нарсаларни ўрганиб олар экансан: ўт ўчирувчилар ўтни ўт билан ўчирмасликларини бир мулоҳаза қилиб кўргин...”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Абу Довуд ривояти.
[2] Томос Карлейль (1795–1881) – асли шотланд бўлган британ ёзувчиси. Фалсафа, тарих, таржима билан ҳам шуғулланган. (Тарж.)