Президент Шавкат Мирзиёев 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Бу мажмуа тарихимизда илгари бўлмаган улкан ва ноёб лойиҳадир. Бугунги кунда муҳташам бино қад ростлаб, қурилиш якуний босқичга кирган.
Ушбу марказ Президентимизнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига биноан бошланиб, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни давлатимиз раҳбари унинг пойдеворига тамал тоши қўйган эди.
Бағоят улуғвор марказ биноси уч қаватни ташкил этиб, қадимги меъморий обидаларимиз шаклида бунёд этилмоқда. Миллий гумбаз ва пештоқлар, нақшларнинг ажойиб уйғунлиги унга алоҳида кўрк ва салобат бағишлаган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.
Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китобимиз нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади. Жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам ўрин олади.
– Халқимизнинг бой ва бетакрор меросига оид кўп китоблар, турли ўлкаларга сочилиб кетган қўлёзмалар, ноёб маълумотлар, санъат асарлари, афсуски, бизга номаълум эди. Мана шу марказ сабаб бўлиб тарихни ўрганишда катта қадамлар қўйдик, янги манбалар юзага чиқди. Энди буларнинг таъсири, натижаси қандай бўлади? Уларни фақат ёдгорлик сифатида сақламасдан, фаол илмий истеъмолга киритиш, аҳолимиз, ёшларимизга тушунарли тилда етказиш, жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш керак. Бу даргоҳ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади. Президентимиз уларнинг илмий концепцияси, яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратди.
Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирларнинг серқирра фаолияти ҳақида маълумот берилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилган.
Айни вақтда мажмуада Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбадан, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби тарихимизда чуқур из қолдирган машҳур аёлларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳам ўз ифодасини топган. Бу экспозиция бугунги қизлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари марказнинг фаолияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди.
– Ислом цивилизациясининг, ислом таълимотининг замини – аслида илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир. Биз барпо этаётган марказнинг бош ғояси, асоси ҳам шу. Энг муҳим томони – юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда – мана шу мажмуада мужассам бўлади. Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди, – деди Президент.
Ана шу вазифадан келиб чиққан ҳолда, марказда улуғ аждодларимиз меросини чуқур тадқиқ қилиш, уни бугунги куннинг ўткир муаммоларига жавоб бера оладиган ҳаётбахш кучга айлантириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номидаги ва бошқа халқаро илмий-маърифий ташкилотлар фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш, биргаликда замонавий таҳдидларга муносиб илмий жавоблар топиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак.
– Насиб этса, бу мажмуа ўзимизнинг меъморий тажрибамиз, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик мактаби, илмий-маънавий салоҳиятимиз рамзи сифатида тарихга киради. Ҳар бир бўлимнинг мазмун-моҳияти айни шу мақсадга қаратилиши лозим. Чет элдаги машҳур музей ва кутубхоналар, нуфузли мутахассислар билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани, китоблар, мақолалар нашр этилаётгани эътиборга лойиқ. Бу ишлар доимий ва илмий асосга эга бўлиши учун ишни режали ташкил қилиш керак. Бош мақсадимиз – миллий ўзлигимизни англаш ва англатиш, – деди давлатимиз раҳбари.
Марказ томонидан бир қатор халқаро илмий муассаса ва ташкилотлар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди. 2024 йил августда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” мавзусидаги VIII халқаро конгресс ўтказилди. Унда 35 та давлатдан 200 га яқин хорижий олимлар қатнашиб, марказ бўйича қимматли таклиф ва тавсиялар билдирди.
Қурилиш ишлари ва экспозиция билан танишиш жараёнида Шавкат Мирзиёев марказ фаолиятини ташкил этиш, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда Тошкентнинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот билан ҳам танишди.
Бундай лойиҳалар кўп жойларда бошланган. Бектемир, Мирзо Улуғбек, Миробод, Юнусобод, Яккасарой, Янгиҳаёт туманларида 7/24 тартибида ишлайдиган ўнлаб сайёҳлик манзиллари ташкил этилган.
Тошкентнинг эски шаҳар ҳудуди ўзига хос тарихий аҳамиятга эга. Бу ерга йилнинг барча мавсумида хорижий сайёҳлар кўп келади. Шу боис ҳудуд туризм хизматларига ихтисослаштирилмоқда. Жумладан, ўтган йили Чорсу бозори ёнидаги Гулбозор маҳалласида шундай кўча ташкил этилганди. Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳам ободонлаштирилмоқда.
Энди буларга уйғун равишда гастрономик ва туризм кўчаларини ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун 17 та кўча ва 32 та берк кўча танлаб олинган. Уларда Эски шаҳарнинг ўзига хос меъморий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча инфратузилмалар яратилади.
Бунинг натижасида ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлар сони 250 тага кўпаяди, 1 минг 500 та иш ўрни очилади. Муҳими, кунлик сайёҳлар сони ҳозирги 4 мингтадан 11 мингтага кўпайиши кутилмоқда.
Мутасаддиларга тадбиркор ва ҳунармандлар учун қулайликларни кўпайтириш, саёҳатларни мазмунли ва қизиқарли ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
https://president.uz/uz/lists/view/7843
Барчамизга маълумки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади.
Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида бундай деганлар: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
Тарбия инсон камолотининг асосидир. Бизда фарзанд тарбияси ҳар бир оила учун асосий вазифа бўлиб келган. Ҳозирда ҳам ёшлар тарбиясига, уларнинг сифатли билим олишларига давлатимиз миқёсида катта аҳамият берилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда шундай таъкидлаган эдилар: “Менинг энг катта ташвишим, мақсадим — ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади”.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларни ақлан ва маънан етук авлод бўлиб етишишига катта эътибор қаратилмоқда.
Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир.
Ислом таълимотларига жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.
Буюк шоир ва мутафаккир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.
Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарққиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.
Ислом дини мусулмонларни доимо илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа ҳеч нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди.
«Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади».
Ҳа, илм қоронғуликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғуликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камолот топишни истасак илмнинг этагини маҳкам ушлайлик.
Шундай экан, биз мусулмонлар ўз фарзандларимизни бугунги кун талаблари асосида тарбиялашимиз, уларни замонавий илм ва касб-ҳунарга йўналтиришга бор кучимизни сарфлашимиз лозим. Шунда фарзандларимиз хориж мамлакатларига ишлаш учун “қора ишчи” бўлиб эмас, балки мутахассис сифатида борадилар.
Сўнгги йилларда Юртбошимиз томонларидан ёшларни замонавий касб-ҳунарлар ва чет тилига ўргатиш бўйича илгари сурилган “1000 дастурчи”, “Икки тил, бир касб” лойиҳаларидан ҳам айнан шу эзгу мақсад кўзланган...
Албатта, мусулмон инсон ўзга инсонларга аввало ўзининг юксак ахлоқи билан намуна бўлиши керак. Зеро, инсонлар хулқи гўзал кишини яхши кўрадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга чақиришни бошлаганларида қариндошларини “Эй Бани Фиҳр, эй Бани Адий” деб чақирдилар. Барча тўпланди, уйидан чиқишга имкони бўлмаган кишилар нима бўлаётганини билиб келиш учун одам жўнатдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалоту васаллам: “Агар мен сизларга мана бу тоғ этагидаги водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибди, деб хабар берсам, менга ишонасизларми?”, дедилар. Улар: “Сизнинг бирор марта ёлғон гапирганингизни билмаймиз, Сизга ишонамиз”, дейишди. Шундан кейин у зот ўзларини Пайғамбар қилиб юборилганларини айтдилар.
Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар эканларини турли ҳужжат ва мўъжизалар орқали исботлаш билан эълон қилмадилар. Балки, энг аввало уларга ўзларининг ахлоқлари ҳақида савол бериб, ўзларининг ростгўй эканликларини тасдиқлатиб олдилар. Бундан кўриниб турибдики, мусулмон киши ўзга кишиларга энг аввало амали, хулқи ва одоби билан намуна бўлиши керак экан.
Киши ҳусни хулқли бўлиши учун аҳли илм ва солиҳ зотларни суҳбатларидан баҳраманд бўлиши ва уларни одоб ахлоқларидан ўзига намуна олиши ҳам айни муддаодир. Бу ҳақда Ибн Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Имом Моликнинг илмларидан кўра, у зотнинг одобларидан ўрганганимиз кўпроқ бўлди”.
Демак, ҳусни хулқ ва одоб кишида ўз-ўзидан шаклланиб қолмас экан. Балки уни илм аҳли билан ҳамсуҳбат бўлиш, улардан илм олиш билан бирга одоб-ахлоқларини ўрганиш билан касб қилинар экан. Ушбу хислат ўтган салафи солиҳларимизнинг гўзал одатларидан бўлган.
Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилимлик, тавозеълик, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ имоннинг комиллигидир”.
Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига: “Эй отажон, инсон учун қайси хислат яхшироқ?” деди. Отаси: “Дин”, деб жавоб берди. “Агар хислат иккита бўлса-чи?” деб сўради. Отаси: “Дин ва мол”, деди. “Агар учта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол ва ҳаё”, деди. Ўғил: “Агар тўртта бўлса-чи?” деди.
Отаси: “Дин, мол, ҳаё ва чиройли хулқ”, деди. “Агар бешта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол, ҳаё, чиройли хулқ ва сахийлик”, деб жавоб берди. Ўғил яна: “Олтита бўлса-чи?” деб ҳам сўраган эди, Луқмони Ҳаким: “Эй ўғлим, агар инсонда мана шу беш хислат жамланса, у покиза, тақводор, Аллоҳга дўст ва шайтондан узоқ бўлади” деб жавоб қилди. Мана шу бешта хислатлар борлиги ҳам мўминлик сифатларидандир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи билан жаннатда олий мақомга етади, гарчи (нафл) ибодатини кўп қилса ҳам”.
Инсон ёмон хулқи билан бошқа инсонларни кўнглига озор берадиган бўлса, ўша хулқи туфайли қилган яхшиликлари ҳам бекор бўлади.
Киши илмга қанча муҳтож бўлса, гўзал хулққа ва одобга ҳам шунча муҳтождир. Зеро, илм, гўзал хулқ ва одоб инсонни камолотга етказувчи икки қанотдир. Ахлоқи комил, бир-бирига меҳрибон ва мададкор жамият бахтли ва фаровон жамиятдир.
Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор зинҳор унутмайлик. Фарзандим илмли, одобли, касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласига, ватанига, муборак динига хизмат қиладиган, орзу-ҳавасларингизни рўёбга чиқарадиган инсон бўлсин десак, ҳаётда турли кераксиз, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилиб кетмасдан, уларнинг эҳтиёжи учун энг зарурий бадиий, илмий, танлаган касбига оид, дунё ва охиратига манфаат берадиган китоблар, дарсликлар олиб беришга эринмайлик. Албатта, олиб бериб, уларни хурсанд қилиб, қўллаб-қувватлаб, шу китобларни бирга ўқийлик ёки ўқишини албатта назорат қилиб турайлик.
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.