ТАОМЛАНИШ СИРЛАРИ (7 қисмдан иборат)
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(1-қисм)
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА
ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
Z «Бас, эй, мўминлар! Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покларини енг ҳамда, агар Аллоҳга ибодат этувчи бўлсангиз, Унинг неъматларига шукр қилингиз!» (Наҳл сураси 16/114 оят);
Z «Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни ўйлаб кўрдингизми?! Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлур эдик. Бас, шу оби ҳаёт учун ҳам шукр қилмайсизми?» (Воқеа сураси 56/68-70 оятлар);
Z «Биз осмондан аниқ ўлчов билан сув ёмғир, қор ёғдириб, уни ерга жойлаб қўйдик ва Биз уни кетказишга ҳам, албатта, қодирдирмиз» (Мўъминун сураси 23/18 оят);
Z «Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар! Зеро У исроф қилгувчиларни севмас!» (Аъроф сураси 7/31 оят);
Z «Яна Раббингиз эълон қилган бу сўзларни эслангиз: «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, албатта, уларни янада зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси 14/7 оят).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ
РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
¯ “Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш фақирликни даф қилади ва бу – ўтган пайғамбарларнинг суннатларидандир” (Имом Табароний ривоятлари);
¯ “Ким яхшилигини Аллоҳ зиёда қилишини истаса, таом тайёр бўлганида ва охирида қўлини ювсин!” (Имом Ибн Можа ва Имом Байҳақий ривоятлари);
¯ “Ҳар кимки таомдан олдин қўлини ювса, камбағалликдан эмин бўлғай”;
¯ “Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман!
Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман!
Гўзал хулқли кишига Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!” (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирдилар ва тўсатдан кўзлари тўкилган увоқларга тушди. Уларни териб олдилар ва тозалаб едилар. Сўнгра: “Аллоҳ таоло берган неъматларни қадрлагин! Зеро у неъматлар бирон қавмдан олиб қўйилса, бошқа қайтиб берилмайди!” – дедилар»;
¯ “Нонни эъзозланглар, чунки Аллоҳ таоло уни улуғлаган. Ким нонни улуғласа, Аллоҳ таоло у кишини улуғлайди” (Имом Табароний ривоятлари);
¯ “Нонни ҳурмат қилинглар! Чунки Аллоҳ таоло уни осмон баракотидан нозил қилди, ер баракотидан чиқарди”;
¯ “Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди. Одам боласига белни қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири – таом, учдан бири – сув ва қолган учдан бири – нафас учундир” (Имом Термизий ривоятлари);
¯ “Одамларни сув билан сийлаган киши ўзи охирги бўлиб ичади” (Имом Термизий ривоятлари);
¯ “Таом сузилган лаганнинг атрофидан енглар, ўртасидан еманглар! Зеро ўртасига барака ёғилиб туради” (Имом Ибн Можа ривоятлари);
¯ “Нонни эъзозланглар, унга қўшиб ейиладиган нонхуруш ёки таомни кутмаслик уни эъзозлашдандир” (Имом Байҳақий ривоятлари);
¯ “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таомни айбламасдилар. Агар иштаҳалари тортса – ердилар. Кўнгиллари тусамаса – тарк қилар эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);
¯ Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Саъад разияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганида: “Эй, Саъад, бу исроф нимаси?” – дедилар. Саъад разияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?” – деб сўради. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, агарчи оқиб турган дарёнинг бўйида турган бўлсангиз ҳам!” – дедилар (Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоятлари);
¯ “Исрофга йўл қўймай ва такаббурлик қилмаган ҳолда енг, ичинг, кийининг ва садақа қилинг!” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари);
¯ “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялардилар ва: “Қачон, бирортангиздан луқма тушса, уни олсин ва ундаги нопок нарсани кетказиб, уни есин. Уни шайтонга ташламасин!” – дедилар. Шунингдек, лаганни бармоқлар билан сидириб ялашга амр қилдилар. “Албатта, сизлар таомингизнинг қаерида барака бўлишини билмайсиз”, – дедилар” (Имом Муслим ривоятлари);
¯ “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам учта бармоқлари билан ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин уларни ялар эдилар” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривоятлари).
¯ Имом Ҳаким Термизий “Наводирул усул”да ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Эй, Оиша, Аллоҳнинг неъматларига яхши муносабатда бўлгин! Агар у неъматлар бирон қавмдан олиб қўйилса, камдан-кам ҳолларда қайтиб келади”, деб келтирилган;
¯ “Аллоҳ таолога таомларнинг ёқимлироғи – унинг устида қўлларнинг кўп бўлганидир” (Имом Байҳақий ва Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари);
¯ “Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди” (Имом Термизий ривоятлари);
¯ “Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар. Исроф ва мутакаббирликка йўл қўйманглар!” (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривоятлари);
¯ “Нафсингиз хоҳлаган ҳар нарсани еяверишингиз ҳам исрофдир” (Имом Ибн Можа ривоятлари);
¯ “Нонни эъзозланглар! Чунки Аллоҳ таоло уни осмон баракотларидан бири қилиб туширгандир”;
¯ “Таомнинг баракаси – таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювишдадир” (Имом Термизий ривоятлари);
¯ “Устида кўп қўл бўлган овқат – Аллоҳ ҳузурида овқатларнинг севимлисидир”;
¯ “Олтин ва кумуш идишларда таом ва сув ичманглар!”;
¯ “Тежамкор киши ночор бўлмас”;
¯ “Агар бирортангиз зиёфатга чақирилса, чақириққа албатта жавоб берсин. Агар рўзадор бўлса, зиёфат эгаси ҳаққига дуо қилади. Рўзадор бўлмаса, таомланади” (Имом Муслим ривоятлари);
¯ “Нонни эҳтиром қилинглар!”;
¯ “Тежамкор киши асло фақир бўлмайди”;
¯ “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам ичимлик ичганларида уч марта нафас олар эдилар ва: “Мана шу қондирувчироқ, безарарроқ ва сингувчироқ”, – дер эдилар”;
¯ “Таомнинг ўртасига барака ёғилиб туради. Бас унинг атрофидан енглар, ўртасидан еманглар!”;
¯ “Кечки таом тайёрланганда намозга такбир айтилса, кечки таомдан бошланглар!”;
¯ “Кечки таом ҳозирланса, шом намозини ўқишдан олдин кечки таомдан бошланглар!”;
¯ “Бирортангизнинг луқмаси ерга тушиб кетса, уни олиб, ёпишган зарарли нарсаларни кетказиб, есин. Уни шайтон учун тарк қилмасин. Бармоқларини яламагунча қўлини сочиққа артмасин. Чунки, у барака таомнинг қаерида эканини билмайди” (Имом Муслим ривоятлари);
¯ “Ким бир биродарини то тўйгунича нон билан сийласа, то қонгунича сув билан суғорса, Аллоҳ таоло уни дўзахдан етти хандақ узоқ қилади. Ҳар бир хандақ етти юз йиллик йўлдир” (Имом Насоий ва Имом Ҳоким ривоятлари);
¯ «Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Ул Зотга айтдилар: “Биз овқатланамиз, лекин тўймаймиз». Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар якка-якка овқатланасизларми?” – дедилар. Улар: “Ҳа, шундай”, – дейишди. У Зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Овқатнинг устида жам бўлинглар ва Аллоҳнинг исмини айтинглар, сизларга барака беради”, – дедилар» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ “Тишларингиз орасини тозалашлик билан уларни тоза-озода тутинг! Чунки бу бир покликдир. Поклик, озодалик – имонга, имон эса ўз эгасини жаннатга бошлаб борур” (Имом Табароний ривоятлари);
¯ “Ким тилла ёки кумуш идишда ичса, албатта, жаҳаннам олови унинг қорнида қайнайди” (Имом Муслим ривоятлари);
¯ “Таомларнинг энг ёмони – бойлар хослаб чақирилиб, фақирлар таклиф қилинмай қолганидир” (Имом Бухорий ривоятлари);
¯ “Бир кишининг таоми икки кишига етгайдир” (Имом Табароний ривоятлари);
¯ “Одамларнинг яхшиси – кишиларга манфаати кўп текканидир”;
¯ “Дастурхонга тўкилган таом ва ушоқларни териб ейдиган одамнинг гуноҳлари тўкилади”;
¯ “Қўлларида овқатдан қолган ёғ қолдиқлари билан ётиб ухлаган одамга бирор касаллик ёпишса, ўзидан кўрсин;
¯ “Мўминларнинг имони энг мукаммали — хулқи гўзал бўлганларидир” (Имом Термизий ривоятлари);
¯ “Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган” (Имом Табароний ривоятлари);
¯ “Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин”;
¯ “Эй, Одам фарзанди! Ҳамиша овқатланишга ўтирганингда қорни оч бечораларни ҳам эсингда тут! Шунда сен Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишинг осонроқ бўлади” (ҳадиси қудсий);
¯ “Албатта, мен – Аллоҳнинг қулиман. Қуллардек ўтираман ва қуллардек овқатланаман”.
(1 – қисм тугади. Давоми бор...).
Иброҳимжон домла Иномов
Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган.
Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.
Фармон асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган.
Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.
Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.
Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.
Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:
Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.
Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.
Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:
Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.
Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.
Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.
Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:
Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.
Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,
Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.
Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.
Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари