frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Рамазон – раҳмат, саховат, шукроналик ойидир

14.03.2024   1578   4 min.
Рамазон – раҳмат, саховат, шукроналик ойидир

Бугун бутун дунё мўмин-мусулмонлари катта шодиёна ва хурсандчилик билан қарши олган Рамазони шариф ойини юртдошларимиз ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғиладиган, қалблар завқланадиган ажойиб фурсатни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ билан ўтказяпти. 

Шундай файзли кунларга етказгани учун Ҳақ таолога шукроналар айтамиз. Қодир Аллоҳдан халқимизга қут-барака, бахту саодат ва тинчлик-офият беришини сўраб, дуолар қиламиз.

Рамазон ойида юртимизга Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғиляпти. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришди. Файзли оқшомларда эса ифторлик қилиб, қалб роҳати — таровеҳ намозини адо этишмоқда. Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этиляпти, фитр садақаси ҳамда фидялар бериляпти. Қутлуғ ойда 2 мингдан зиёд масжидда таровеҳ намози ўқилмоқда, 1600 дан ортиқ жомеда Қуръони карим хатм қилиниб, мухлис халқимиз Ҳақ таоло Каломига сомеъ бўлмоқда.

Бундай шукуҳли дамларда Юртбошимиз муборак Рамазон ойи билан бутун Ўзбекистон халқини муборакбод этгани дилимизга яна бир шодлик улашди. У киши ўз табрикларида элимизни қутлар экан, ушбу улуғ айёмни юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳитида, оиламиз, эл-юртимиз даврасида кутиб олаётганимиз учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтамиз, дедилар.

Дарҳақиқат, мана шундай фазилатли кунларга шукроналар айтиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир. Зеро, бу кунларга етган бор етмаганлар бор. Энг асосийси, тинчлик-омонликда бунац раҳмат ойига етганимиздир. Чунки Юртдошимиз табрикларига қайд этганидек, бугун жаҳон рўё бераётган нотинчлик, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар оқибатида бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилмоқда. Неча минглаб инсонлар очлигу қийинчиликни бошдан кечириб, аҳволлари танг бўлиб  турибди. Уларни ҳаққига дуолар ижобат бўладиган кунларда дуо қилиш ва борига шукроналар айтиш лозимдир.

Чунки кейинги йилларда янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар қалбимизни яшнатиб, умримизни нурга тўлдирмоқда. Мамлакатимизда азалий қадриятларимиз саналган, муқаддас динимизнинг асосий мезони бўлган ўзгаларга яхшилик қилиш, йиқилганни суяш, кечиримлилик, бағрикенглик, меҳр-оқибат кўрсатиш, эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ишлар кенг қулоч ёзаётгани барчамизга мамнуният бағишламоқда.

 Бу борадаги ишлар муборак Рамазон кунларида янгича мазмун билан бойийди. Маҳаллалар, хонадонлар тоза-озода ҳолга келтирилади. Қариндош-уруғлар, етимлар, бевалар, кекса ва имконияти чекланган инсонлар, беморлар  ҳолидан хабар олинади. Уларнинг кўнглини кўтариш, оғрини енгил қилишга кўмаклашилади. Ўзаро совға-саломлар улашилади. Шу боисдан муборак кунларда кўпроқ шукроналар айтиб, дуолар қилмоқ жоиздир.

Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби кўпайтириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилдилар.

Ҳадиси шарифда рўзадорнинг дуоси мақбулдир, дейилди. Чунки инсон Аллоҳ таоло учун нафсининг орзуларини тарк этгани боисидан дуоси ижобат қилинади. Шунинг учун ҳам бу қутлуғ ойда чин қалбдан, астойидил дунё ва охират саодатини сўраб дуолар қилишимиз, Аллоҳ таолога астойдил тавба қилиб, жонажон юртимизга тинчлик, хотиржамлик, дастурхонларимизга тўкинлик касбу коримизга барака тилашимиз лозим бўлади. Бундай фурсатларни ғанимат билаб, тоат-ибодатларда Аллоҳ таолодан бўладиган мукофотни қўлга киритайлик!

Шу билан бирга Рамазон ойида эзгу амалларни кўпайтириш, муҳтожларга саховат ва меҳр-шафқат кўрсатишнинг ажру улуғдир. Зотан, давлатимиз раҳбари табригида таъкидлаганидек, бугунги муборак кунларда халқимизга хос олижаноблик ва меҳр-мурувват рамзи сифатида нуронийларимиз, ёлғиз ва эҳтиёжманд бўлган опа-сингилларимиз, ака-ука ва фарзандларимизга эътибор кўрсатиш, ҳолидан хабар олиб, дардига малҳам бўлиш, Яратганга ҳам, халқимизга ҳам, албатта, хуш келади.

Бундай хайриялар “Инсон қадри – улуғ” деган олижаноб тамойили асосида бугун жамиятимизда кенг қулоч ёяётгани элимизда эгу фазилатлар ортаётганидан далолатдир. Хусусан, шу кунларда диний соҳа ходимлари Рамазоннинг шукуҳли кунларида кишилар қалбига қувонч улашиши мақсадида, эҳтиёжманд, етим, бева-бечора ва жисмоний имконияти чекланган инсонларни хабар олиб, ифторликлар ташкил этиб, уларга “Рамазон ҳадяларини улашмоқдалар. Бундай меҳр-мурувват тадбирлари ой охиригача давом этади, иншааллоҳ.

Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган ушбу фазилатли кунларда қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Она-Ватанимиз тинч-осойишта, хонадонларимиз файзу баракали ва фарзандларимиз бахту саодатли бўлсин. Ҳақ таоло кексаларимизга узоқ умр, ёшларимизга илму маърифат ва беморларимизга шифои комил берсин. 

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг

биринчи ўринбосари

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фейк хабар тарқатиш ёлғонга шерикликдир

25.06.2025   5641   2 min.
Фейк хабар тарқатиш ёлғонга шерикликдир

Бугунги кунда ахборот тарқатиш имконияти ҳар бир инсонда мавжуд. Биргина сўз, алоқа қурилмаларидаги биргина ҳаракат бутун жамиятда шов-шув, ваҳима келтириб чиқариши мумкин. Англамай, ёки ўйинқароқлик билан, ёки мақсадли ёлғон ахборот тарқатиш ҳоллари кўп кузатилмоқда. Хусусан, дин ва эътиқод каби нозик масалаларда тарқатилаётган фейк хабарлар нафақат шахсий хатолик, балки жамиятга салбий таъсир ўтказувчи умумий масъулият ҳамдир.

Ёлғон гапириш оғир гуноҳлардан саналади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик гуноҳкорликка, фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади”, дедилар. (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Шундай экан, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатиш қатъий ман қилинган.

Фейк хабар тарқатишнинг кўплаб салбий оқибатлари бор:

  1. Жамиятда фитна келтириб чиқаради – нотўғри маълумот одамлар ўртасида ишончсизлик, гумон ва бўлинишларга сабаб бўлади;
  2. Диннинг мавқейини туширади – тўғри тушунчаларни бузиб кўрсатади, эътиқод қилувчиларни адаштиради;
  3. Расмий диний муассасаларга нисбатан иғво ва ишончсизликни келтириб чиқаради – фейк хабарлар баъзан таниқли расмий диний масъуллар номидан сохта фатво ва баёнотлар сифатида тарқатилади;
  4. Жиноятга олиб боради – баъзи ҳолларда фейк хабарлар одамларни тажовузкор ҳаракатларга ундайди.

Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 6-оятда шундай марҳамат қилинади:

“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

Фейк, ёлғон хабарлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини Қуръони карим таъкидламоқда. Демак, ҳар қандай хабарни текшириш ва эҳтиёт билан ёндошиш керак.

Рост хабарни қандай ажратиш мумкин:

  • - Расмий ахборот манбаларига таяниш;
  • - Сарлавҳаси эмас, мазмунига эътибор бериш;
  • - Тарқатаётган шахс ёки саҳтфаларни текшириб кўриш;
  • - Мутахассисларга мурожаат қилиш.

Ҳар бир хабар – тарқатувчи учун ҳам, ундан фойдаланувчи учун ҳам масъулият. Алоқа воситалари ва ижтимой тармоқларга жойлаётган пост билан ё тўғриликни тарғиб қилиш, ёки одамларни чалғитиш мумкин.

Шундай экан, фейк ахборот тарқатиш оғир маънавий жиноятдир. Ҳар бир мусулмон бундай хатарли ҳолатдан ўзини ва бошқаларни сақлаши лозим.

Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо

жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев

МАҚОЛА