-67وَإِنِّي الدَّهْرَ أَدْعُو كُنْهَ وُسْعِي لِمَنْ بِالْخَيْرِ يَوْمًا قَدْ دَعَا لِي
Маънолар таржимаси: Мен умрим бўйи тоқатим етганча мен учун бирор кун эзгу дуо қилган кишининг ҳаққига дуо қиламан.
Назмий баёни:
Мен доимо дуода етганча кучим,
Эзгу дуо қилганга мени бирор кун.
Луғатлар изоҳи:
وَإِنِّي – олтита насб қилувчи ҳарфлардан бири, таъкидлаш маъносида келади. اِنَّ га ёпишиб турган мутакаллим ي унинг исми, жумла хабаридир.
الدَّهْرَ – луғатда “замон”, “аср” ва “узун умр” маъноларини англатади. Бу ерда Нозим ўзининг умри муддатини ирода қилган. Зарфликка кўра насб бўлиб турибди.
أَدْعُو – ноқис музориъ феъли. Бу феълда фақатгина و нинг заммасини сукун қилиш қоидаси бор холос.
كُنْهَ – мафъул. Бу калима луғатда бирор нарсанинг аслини, ғоясини ва миқдорини англатиш учун ишлатилади.
وُسْعِي – мутакаллим ي га изофа қилинган. Бу калима луғатда “тоқат” маъносига тўғри келади.
لِ – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.
مَنْ – жор мажрур اَدْعُو феълига мутааллиқ. Бу калима турли маъноларда қўлланилади:
1. Исми шарт. Масалан, مَنْ يَعْمَلْ
2. Исми истифҳом. Масалан, مَنْ أَتَى
3. Исми мавсула. Масалан, (Ҳаж сураси, 18-оят);
4. Накраи мавсуфа. Бунга ушбу матнда келган مَنْ мисол бўлади.
بِ – мафъулун биҳга қўшилиб келган зоида жор ҳарфи.
الْخَيْرِ – жор мажрур دَعَاфеълига мутааллиқ.
يَوْمًا – зарфликка кўра насб бўлиб турибди. Бу калима икки хил маънода ишлатилади:
1. Тонг отгандан қуёш ботгунча бўлган вақт;
2. Мутлақ вақт.
Бу ўринда иккинчи маънода ишлатилган.
قَدْ – “таҳқиқия” маъносида келган.
دَعَا – мозий феъли, фоили مَنْ га қайтадиган яширин هُوَ дир.
لِي – жор мажрур دَعَا феълига мутааллиқ.
Матн шарҳи:
Ўший раҳматуллоҳи алайҳ “мен умрим давомида, хусусан, ушбу ишимнинг сўнгида менга бирор марта бўлсин, эзгу дуо қилган барча дўстларим ҳақларига доимо дуо қилиб юришни ўзимнинг бурчим деб биламан”, – дея ўқувчиларининг ҳақларига дуо қилиб сўзларини якунлаган.
Аллоҳ таоло Ўший бобомизга ва тўғри эътиқодни етказиш йўлида хизмат қилиб ўтган барча уламоларга мўл-кўл мукофотлар ато қилиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин. Бизларни ҳидоятда собитқадам қилиб, гўзал оқибатга эришиш бахтига муваффақ қилсин!
Мана шу ўринда шарҳимиз поёнига етди. Сўнги сўз ўрнида китобни Ўший бобомизнинг услубларига эргашиб назм билан якунлаш маъқул кўрилди:
Амал поёнига етганда алҳол,
Шукр-ла дуога ўтамиз дарҳол:
“Роббимиз Сенгадир ҳамду санолар,
Раҳматлари чексиз Олий Зул жалол”.
Бўлсин салавоту салом баркамол,
Ҳошимий Набийга соҳиби жамол.
У зотнинг суннатин тутган жамоа,
Ҳавзи кавсаридан бўлгайлар хушҳол.
Эътиқод мусаффо бўлса қай бир ҳол,
Суннат, жамоадан айрилмоқ муҳол[1].
Мусаффо эътиқод даъвоси билан,
Ихтилоф-ла ўтган қанча аҳли зол[2].
Амал эътиқод-ла бўлса иттисол,[3]
Жонланар, ташнага етгандек зилол.
Ёки тун қўйнида юлдузлар аро,
Зулматни ёритган тўлин ой мисол.
Шарҳимиз чўзилиб кетди, эҳтимол,
Аммо бари зарур, олмангиз малол.
“Муқийн”[4] лар сафида бўлолган банда,
Дунё охиратда кўрмагай завол.
Аллоҳдан ёлвориб сўраймиз шу ҳол:
Ўший бобомизни раҳматингга ол,
Қилган дуоларин ижобат этиб,
Охиратда бергин саодат навол![5]
Қодир Зотга дуо қилганда алҳол,
Унинг қулига ҳам сўрангиз иқбол.
Сизларга саодат тиларман мудом,
Токи мавжуд экан бу танда мажол!
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!
Кейинги мавзу:
“Бадъул амолий” матни ва назмий баёни.
Шу йил 13 июнь куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Хатмона – 2025” битирув тадбири ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Диний идора раис ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмитанинг таълим бўлими ходими Элёр Алимқулов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, фахрий устозлар, ота-оналар ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.
Дастлаб тадбирни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Маъмуржон Эркаев кириш сўзи билан очиш баробарида битирувчиларнинг 4 йил давомида эришган ютуқлари ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ўз нутқида “Исломда таълимнинг моҳияти” ва “Юртимизда таълим-тарбияга оид амалга оширилаётган ислоҳотлар" мавзусида сўз юритди.
Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг табригини ўқиб эшиттирди.
Сўнгра Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов битирувчилар, уларнинг устоз ва яқинларини табриклади.
Мазкур тадбирда жами 250 нафарга яқин меҳмон қатнашди. Тадбир сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тасарруфидаги “Вақф” ҳайрия жамоат фонди тарафидан 11 нафар билим юрти мударриси тақдирланди. “Кўкалдош” ўрта махсус ислом юрти тарафидан эса 21 нафар талабага йил сарҳисоби бўйича мақтов ёрлиқлари топширилди.
Маълумот ўрнида 2024-2025 ўқув йилида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом юртини жами 72 нафар битирувчи тамомлади. Шунингдек, таълим муассасасида 16 июндан бошлаб икки ҳафта мобайнида якуний имтиҳонлар ўтказилади.
Тадбири якунида Ҳомиджон домла Ишматбеков юртимиз ривожи ва халқимиз равнақини тилаб хайрли дуолар қилиб берди.
Саидазимхон САИДАКРАМОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси