Мадинаи мунавваралик бўлган қисса соҳиби шундай сўз бошлайди: “Мен ўттиз етти ёшни қаршилаган қирчиллама йигит эдим. Оилам ва болаларим бор эди. Аллоҳ ҳаром қилган ишларнинг ҳар турини қилиб кўрганман. Жума ва ҳайит кунларигина жамоат билан намоз ўқирдим. Бунга сабаб менинг нобакор кишиларни улфат тутганим эди. Менинг Марвон исмли ўғлим бўлиб, у туғма кар-соқов эди. Ўғлим иймон ифорини Қуръон ҳофизаси бўлган онасидан олган.
Бир куни қош қораяётган пайти хамтовоқларим билан нималар қилишимиз тўғрисида режа тузиб ўтирган эдим. Шомга азон айтиб қолди. Ўғлим менга: “Отажон, нима учун намоз ўқимаяпсиз?” деган ишорани қилди ва қўлини осмонга кўтариб: “Аллоҳ сизни кўриб турибди”, дея таҳдид ҳам қилгандай бўлди (гоҳида ўғлим менинг баъзи ҳаром ишларни қилаётганимнинг гувоҳи бўлиб қоларди). Кейин у олдимда шом намозини ўқиди, сўнг Мусҳафни келтириб, бир оят устига қўлини қўйди: «Эй ота! Ҳақиқатан, мен сенга Раҳмон (томони)дан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга яқин бўлиб қолишингдан қўрқаман...».
Бу Марям сурасининг 45-ояти эди. Ўғлим ҳўнграб йиғлади. Унга қўшилиб мен ҳам йиғлаб юбордим. Кейин у менинг бошимдан ва қўлимдан ўпди-да, ишора ила: “Отажон, тупроққа қўйилмасингиздан ва азобнинг чангалида қолмасдан илгари намоз ўқиб қолинг”, деди. Мени қандайдир кучли қўрқув тутди, чироқларни ёққани турдим. У бўлса: “Чироқларни қўйинг, Масжиди Набавийга борайлик”, дея ишора қилди. Ўғлим иккимиз Масжиди Набавийга бордик. Мен ҳали ҳам қаттиқ қўрқувда эдим.
Равзаи муборакка кирдик, у ер одамлар билан тўла эди. Шу орада хуфтон намозига азон айтилди. Ҳарами шарифнинг имоми Қуърондан ушбу оятни қироат қилди: «Эй имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманглар. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида эди, сизлардан бирор киши (туҳматдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир!»[1]. Ўзимни йиғидан тутиб тура олмадим. Марвон ҳам менга қўшилиб йиғлаган кўйи кўз ёшларимни артди.
Биз уйга қайтдик. Ўша кеча ҳаётимдаги буюк бир кеча бўлди, гўё онадан қайта туғилгандек эдим. Раҳмоннинг дарвозасига қадам қўйиб, шайтоннинг йўлидан юз ўгирдим.
Марвон аҳли аёлимга ва қолган фарзандларимга бўлган воқеани айтиб берди. “Отам Ҳарами шарифда намоз ўқидилар”, дея ишора қилди. Аёлим бу хабардан бағоят хурсанд бўлди.
Ҳозирда, Аллоҳга шукурки, намозларнинг бирортасини қолдирмай жамоат билан адо этяпман. Ўғлим сабаб иймон лаззатини ҳис этдим. Ҳаётимиз гўзаллашди. Оиламизга қут-барака кирди...
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Нур сураси, 21-оят.
Савол: Масжидул ҳаромда намозларни жамоат билан ўқиб, кейинги намоз вақтини кутиб ўтирганимизда, айрим ҳожиларимиз ётган ҳолда ухлаб қолиб, кейинги намозга азон айтилганда, таҳорат қилмай намоз ўқишаётганига гувоҳ бўлдим.
Бунинг хукми динимизда қандай? Чунки ухлаш таҳоратни бузади деб ўқиганмиз ва шунга амал қиламиз. Ёки масжидул ҳаромда айрим ҳукмлар ўзгарадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳанафий мазҳабига кўра, бирор нарсага суяниб, ёки ёнбошлаган ҳолда ухлаш таҳоратни синдиради. Бу ҳукм масжидул ҳаромга ҳам тегишли. Сиз айтган ҳожилар ерга ёнбошлаган ҳолда ухлаган бўлсалар, таҳоратлари синади. Лекин кўзини юмиб, ухламасдан, зикр қилиб ётадиганлар ҳам бўлади. Агар шундай қилган бўлсалар, табиийки таҳоратлари синмайди.
Масжидул ҳаромда дунёнинг турли нуқтасидан келган зиёратчилар ибодат қилади. Уларнинг ичида илмли инсонлар билан бир қаторда ибодатга энди кирган, шаръий ҳукмларни яхши ўзлаштирмаганлар ҳам бўлади. Уларнинг қилаётган ишини кўриб, анавилар қиляпти-ку, демак, нотўғри эмас эканда, деб қилиб кетавермаслик керак.
Қолаверса, у ерда турли мазҳаб одамлари ибодат қилади. Айрим мазҳабларда ухлаш, бадандан қон чиқиш каби ишлар таҳоратни синдирмайди. Аммо бизнинг мазҳабимизда ҳар иккиси ҳам таҳоратни бузади ва бунга уламоларимиз бир қанча ҳадисларни далил ўлароқ келтирганлар.
Шу боис, улуғ маконларга ибодатга отланаётган одамлар: хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлсин, шаръий ҳукмларни билиб олиши ёки биладиган одам ҳамроҳлигида бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда ибодат қиламан деб, гуноҳга ботиши ҳеч гап эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.