Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ: «Анас айтади: мусулмонлар Шаъбон ойи кирса, мусҳафлари устига мук тушганча қироатга тушиб кетардилар ва Рамазон рўзаси вақтида заиф ва мискинларга қўллаб-қувватлов бўлиши учун молларидан закотларини чиқарар эдилар», дедилар («Латоифул маъориф» асаридан.
Изоҳ: Ҳубайб ибн Собит шаъбон ойи кирса: «Бу ой қорилар ойидир», дер эди.
Ҳасан ибн Саҳл: «Шаъбон айтаркан: «Ё Роббим, мени икки улуғ ойнинг ўртасида қилдинг, менга нима (улуш) бор?», Аллоҳ унга: «Сенда Қуръон қироатини (кўп ўқилишини жорий) қилдим», дер экан», дедилар.
Мисрлик олим, Ислом ишлари олий ҳайъати аъзоси шайх Холид Жундий DMC фазовий йўлдош телеканалида эфирга узатиладиган «Лаъаллаҳум яфқоҳуун»номли кўрсатувда жумладан: «Закот чиқаришнинг энг афзал вақти шаъбон ойидир. Бу ҳолат саҳобаларнинг ҳаётларида очиқ-ойдин зоҳир бўлган. Шунинг учун ҳам закот чиқаришда улкан ажр-савоблар бор бўлиб, уни комил бажаришда савоблари бир неча баробар зиёда бўлади», деди, ҳамда «...закот фарз ибодат бўлиб, Ислом арконларининг учинчи рукнидир», дея қўшимча қилди.
Савол: Аёл киши рукуда тиззасини букадими ёки эркаклар каби текис тутадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоз ўқишда, аёллар билан эркакларнинг бир нечта фарқлари бўлиб, аёллар сатрлироқ ҳолда намоз ўқишга буюрилганлар. Рукуда ҳам шундай, яъни аёллар рукуда эркаклардан фарқли равишда, тиззаларини бироз букиб руку қиладилар.
Машҳур тобеий Ато ибн Абу Рабоҳ бундай деганлар:
تَجْتَمِعُ الْمَرْأَةُ إِذَا رَكَعَتْ تَرْفَعُ يَدَيْهَا إِلَى بَطْنِهَا وَتَجْتَمِعُ مَا اسْتَطَاعَت. مصنف عبدالرزاق
“Аёл киши руку қилганда, имкон қадар йиғилиброқ, икки қўлини қорнига яқинлаштириб туради” (“Мусаннафи Абдурраззоқ”).
“Фатавои Оламгирия”да бундай дейилган:
وَالْمَرْأَةُ تَنْحَنِي فِي الرُّكُوعِ يَسِيرًا وَلَا تَعْتَمِدُ وَلَا تُفَرِّجُ أَصَابِعَهَا وَلَكِنْ تَضُمُّ يَدَيْهَا وَتَضَعُ عَلَى رُكْبَتَيْهَا وَضْعًا وَتَحْنِي رُكْبَتَيْهَا وَلَا تُجَافِي عَضُدَيْهَا .كَذَا فِي الزَّاهِدِيِّ
“Аёл киши рукуда бироз эгилади, тиззаларига суянмайди, бармоқларини очмайди, балки қўлларини бирлаштириб, тиззаларига қўяди ва тиззаларини бироз букади ва билакаларини танасидан ажратмайди. “Зоҳидий”да шундай дейилган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.