Азизхўжа домла Иноятов
"Жўйбори Калон" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло айтади: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас» (Раъд сураси, 31 - оят).
Шарҳ: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар...».
Яъни, Аллоҳнинг ваъдаси - қиёмат келгунча уларнинг эс-ҳушини жойига келтирувчи мусибатлар бошларига тушиб туради. Бу мусибатлар уларнинг қилган ишлари туфайли тушади.
«...ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар».
Ёки ўша мазкур эс-ҳушни жойига келтирувчи мусибатлар дунёнинг бошқа жойларига тушади. Ўша кофир ва осий бандалар яшаётган диёрларга яқин жойларга тушади. Токи улар ўша мусибатларни кўриб, ваъз-насиҳат олиб, ўзларига келсинлар ва иймон келтирсинлар.
«Тафсири Ҳилол» китобидан