Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ бундай ҳикоя қилади:
Мен Каъба атрофида тавоф қилаётган эдим. Ҳаж ва умра қилаётган зиёратчиларнинг кўплиги мени ҳайратга солди. Шунда ўзимча: «Кимни ҳажи қабул қилинди экан, бориб уни табрикласам? Кимники рад этилди экан, уни таскин берсам», — деб ўйладим.
Тун бўлди ва тушимда бир овоз: — Эй Молик ибн Динор! Сен ҳаж ва умрачилар ҳақида сўрайсанми? Аллоҳ уларнинг барчасини гуноҳларини кечирди – каттаю кичик, эркагу аёл, қораю оқ ранглисини ҳам. Лекин битта одам борки, унинг ҳажини Аллоҳ рад этди, қабул қилмади. У одамдан Аллоҳ таоло қаттиқ ғазабланган, — деди.
Бу туш менга қаттиқ таъсир қилди. Мен бутун кеча ғамга ботдим ва ўша гуноҳкор одам мен эмасманми, деб хавотир олдим.
Кейинги кеча тушимда яна ўша овозни эшитдим. Лекин бу гал: — У сен эмассан, у одам Хуросондаги Балх шаҳридан. Исми Муҳаммад ибн Ҳорун Балхий, — дейилди.
Эртаси куни Хуросон қабилаларига бориб, Муҳаммад ибн Ҳорун ҳақида сўрадим. Улар ҳаяжон билан: — Вой, сен қандай яхши одам ҳақида сўраяпсан! У Хуросондаги энг диндор, тақводор ва Қуръонни кўп ўқийдиган инсонлардан бири, — дейишди.
Бу гаплар менинг тушимга зид келарди. Шунинг учун мен уни топишни истадим.
— У қирқ йилдан бери кундузи рўза тутади, тунлари намоз ўқийди ва фақат харобаларда яшайди. Биз уни Макканинг харобаларида деб ўйлаймиз, — дейишди.
Уни қидириб харобаларга бордим. Бир пайт уни бир девор ортида кўрдим. У намоз ўқиб турган эди. Унинг ўнг қўли бўйнига боғланган, икки оёғига эса улкан кишанлар боғланган эди.
Менинг қадамларимни эшитиб: — Кимсан? - деди.
— Мен Молик ибн Динорман, — дедим.
— Эй Молик, нима учун келдинг? Агар туш кўрган бўлсанг, менга айтиб бер, — деди.
Мен ҳижолат бўлиб: — Айтишдан ҳаё қиламан, — дедим.
— Йўқ, менга айтишинг керак, — деди.
Мен тушимни айтиб бердим. У узоқ ва қаттиқ йиғлади ва: — Мен олдин жуда кўп ароқ ичар эдим. Бир куни дўстим билан маст бўлиб, уйга қайтдим. Онам тандирда нон пишираётган эди. Менинг мастлигимни кўриб, менга овқат олиб келди ва: «Бугун Шаъбоннинг охирги куни. Эртага Рамазон! Ҳамма рўза тутади, сен эса маст ҳолда юрибсан! Аллоҳдан уялмайсанми?» — деди.
Маст ҳолда онамни уриб юбордим. У менга: «Балога йўлиқ!» — деди. Бу сўзлар менинг ғазабимни келтирди. Мастликда уни кўтариб, қизиб турган тандирга ташладим. Хотиним буни кўриб, мени хонага қамаб қўйди. Тун охирида мастлигим тарқади. Хотинимдан эшикни очишни сўрадим. У менга қаттиқ жавоб қайтарди. — Нега бундай қиласан? — дедим. — Бу сенга оз! — деди. — Нега? — Онангни ўлдирдинг! Уни тандирга ташлаб юбординг, у ёниб кетди! - деди.
Мен тандирга чиқдим ва онамнинг тўлиқ ёниб кетганини кўрдим.
Шундан кейин бутун мол-мулкимни садақа қилдим, қулларимни озод қилдим. Қирқ йилдан бери кундузи рўза тутиб, кечалари намоз ўқийман. Ҳар йили ҳаж қиламан. Ҳар йили сенга ўхшаган бир зот мен ҳақимда шундай туш кўради.
Мен унинг юзига қўлларимни силкидим ва: — Эй бадбахт одам! Сен оташинг билан бутун жаҳонни ёқиб юборишинг мумкин эди! — дедим-да, у ердан кетдим.
Бироқ у менинг кетишимни ҳис қилиб, дуо қиларди: — Эй ғамларни кетказувчи, мушкулларни осон қилувчи Аллоҳ! Менга раҳм қил!
Уйга бориб ухладим. Тушимда яна ўша овоз эшитилди: — Эй Молик! Одамларни Аллоҳнинг раҳматидан умидсиз қилма! Аллоҳ таоло малаул аълодан Муҳаммад ибн Ҳорунга назар солди, унинг дуосини қабул қилди ва унинг гуноҳларини кечирди. Унинг ҳузурига бориб айт: Қиёмат куни Аллоҳ ҳамма махлуқотни йиғади. Зулм қилинган ҳайвонларга ҳам ҳақи олиб берилади. Онаси билан уни ҳам бир ерга жам қилади ва онасининг ҳақини ундириб, унга оташидан тоттиради. Кейин эса уни онаси учун афв этади.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Cавол: Шаъбон ойида рўза тутишни ният қилиб турибмиз. Оғиз очиш ва ёпиш вақтлари ва дуоларини айтиб юборсангиз, илтимос.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Дарҳақиқат, кўплаб ҳадиси шарифларда шаъбон ойида нафл рўза тутишга тарғиб қилинган. Жумладан, Оиша разияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойини жуда ҳам кам (ҳолатларда) рўзасиз ўтказардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай савол бердим: “Ё Расулуллоҳ, мен (Рамазондан ташқари) бирор ойда шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан рамазон ўртасида вақт – шаъбондан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар Роббил оламийнга кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).
Нафл рўза тонг отгандан қуёш ботгунга қадар тутилади. Ҳаво булутли бўлмаганда кўзимиз билан ҳам тонг отиши ва қуёш ботишини била оламиз. Булутли кунларда эса тонг отиши ёки қуёш ботишини аниқлаш қийин бўлса, намоз вақтларини кўрсатувчи тақвимдан фойдаланса ҳам бўлади. Тақвимда “Тонг” деб кўрсатилган вақт оғиз ёпишнинг охирги вақти саналади. Ўша вақтдан кейин еб-ичилса, рўза дуруст бўлмайди. Лекин саҳарликда ухлаб қолган одам ҳеч нарса еб-ичмасдан ҳам нафл рўзани ният қилиб, рўза тутиши мумкин. “Шом” деб кўрсатилган вақт эса оғиз очиш вақтидир. Ундан аввал оғиз очиб юборилса, куни бўйи тутилган рўза бузилган саналади.
Нафл рўзанинг аксар ҳукмлари фарз рўзаникига ўхшайди, фақат ниятда “Тонг отгандан токи қуёш ботгунга қадар нафл рўза тутишни ният қилдим”, дейилади. Оғиз ёпишда махсус дуо йўқ, у пайтда юқорида айтилгандек, ўзбек тилида ҳам ният қилса, бўлади. Ифторлик (оғиз очиш) дуоси қуйидагича:
اَللَّهُمَّ لَكَ صُمْتُ وَبِكَ آمَنْتُ وَعَلَيْكَ تَوَكَّلْتُ وَعَلَى رِزْقِكَ أَفْطَرْتُ، فَاغْفِرْلِى مَا قَدَّمْتُ وَمَا أَخَّرْتُ
Ўқилиши: “Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аълаа ризқика афторту, фағфирлий ма қоддамту ва маа аххорту”.
Маъноси: Аллоҳим, ушбу рўзамни Сен учун тутдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккал қилдим ва берган ризқинг билан ифтор қилдим. Менинг аввалги ва кейинги гуноҳларимни мағфират қилгил. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази