ТАОМЛАНИШ СИРЛАРИ (7 қисмдан иборат)ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(2-қисм)
УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:
Зиёфат тугаганидан сўнг дастурхон йиғиб олинди.
Айни шу пайтда менинг кўзим ерда ётган нон ушоқларига тушди ва уни тера бошладим.
Шунда Маъмун менга қарата: “Тўймадингизми?” – деб савол қилди.
Мен: “Тўйдим, лекин дастурхондан тўкилган нон бурдасини кўриб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шариф кўнглимдан ўтди. Ҳаммод ибн Салама Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким дастурхон остидаги тушган нонларни еса, фақирликдан омонда бўлади” деган эканлар”, – дедим.
Шунда менинг ҳадиси шарифга бўлган эътиборим ёки одоб ахлоққа амал қилганимдан хурсанд бўлиб, Маъмун менга 1000 динор совға қилди.
Бир куни пешин намозига одамлар кечика бошлабди. Довуд пайғамбар орқаларига қарасалар, ўнг томонларида ўн бешта ўғиллари, чап томонларида ўн бешта ўғиллари ўтирибди экан.
Шунда сал мақтанчоқликка бўй олдириб:
...Худога Довуд пайғамбарнинг бу ишлари ёқмади. Довуд пайғамбар намоз вақтида “Ассалому алайкум вараҳматуллоҳ!” деб, ўнг томонга салом берганларида ўн бешта ўғиллари жон топширди. Чап томонга салом берганларида, қолган ўн бешта ўғиллари бандаликни бажо келтирди.
Хатосини уққан Довуд пайғамбар алайҳиссалом кўз ёшларини дарё қилиб, Яратгандан кечирим сўрадилар...
Раҳми чексиз Аллоҳ таоло:
У боланинг исми Сулаймон эди. Сулаймон иш буюришга яраб қолган пайтида Довуд пайғамбар унинг қўлига қумғон (обдаста), елкасига сочиқ осиб:
Довуд пайғамбарга келган ёш-қарининг ҳаммаси, сув қуйиб турган Сулаймонга “Юзга кир, болам!”, “Қўлинг дард кўрмасин!”, “Катта олим бўлгин!”, “Подшо бўлгин!”, “Улуғ инсон бўлгин!”, “Умринг узоқ, ризқинг бутун бўлсин!”, деб раҳматлар айтарди.
Бир куни Сулаймон тўққиз ёшга тўлди.
У пайтларда боласи тўққизга тўлгач, уни бир қизга унаштириб қўйиш лозим эди. ...Лекин Аллоҳнинг “болага фақат тўққиз йил умр бераман” дегани Довуд алайҳиссаломнинг эсларида эди.
Бир куни Довуд пайғамбар саҳарда Аллоҳни зикр қилиб ўтирар эдилар... Сулаймоннинг ёши тўққиздан ошди. У энди жон таслим қилиши керак эди. Бунинг тирик қолганининг сабабини сўради ва агар жонини олмайдиган бўлса, болани унаштириш лозимлигини айтди...
Шунда Хақ Таоло:
Ана шундан бошлаб ёш болалар қарияларнинг дуосини олсин, деб, тўй-маросимларда уларга сув қуйдириб қўядиган бетакрор ва беқиёс гўзал урф-одат пайдо бўлибди...
(2 – қисм тугади. Давоми бор...).
Иброҳимжон домла Иномов
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, юртимизда диний таълим сифатини янада ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти илк магистрлари таҳсилни тамомлади
Донишмандларнинг “Агар сизнинг режангиз бир йиллик бўлса — шоли экинг. Ўн йиллик бўлса — дарахт ўтқазинг. Агар бир асрлик бўлса — фарзандларингизга таълим-тарбия беринг” деган ҳикматли гапи бор.
Жамият равнақига, Ватан тараққиётига, халқ фаровонлигига таълим-тарбиячалик хизмат қиладиган бошқа бирор феномен бўлмаса керак. Ҳар бир даврнинг ўзига яраша сармоядорлари, тужжорлари бўлган. Лекин уларнинг номлари тарих саҳифаларида жуда кам учрайди, айримлари изсиз йўқ бўлиб кетган. Лекин умрини цивилизациялар тараққиётига бағишлаган мутафаккирлар, қомусий алломалар, маърифат чироғи остида элини буюк орзулар, нурафшон кунлар сари етаклаган миллат ойдинлари, уламоларнинг номлари асрлар оша барҳаётдир.
Президентимиз лавозимига сайланиши биланоқ барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам улкан ислоҳотларни бошлаб берди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу ҳужжатда қатор устувор йўналишлар, хусусан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва бошқа диний таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, диний таълим муассасалари ҳузурида фуқароларга Қуръони каримни ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этиш белгиланган.
Сон эмас, сифат муҳим
Илм даргоҳининг улуғворлиги унинг бинолари ёки талабалари сони билан эмас, балки у ердан етишиб чиқадиган илмли, одобли, Ватани ва миллатига сидқидилдан хизмат қиладиган етук ва салоҳиятли кадрлар билан ўлчанади. Юзлаб учқунлар биргина қуёшнинг зиёсини тўса олмагани сингари чинакам қадр-қиймат сонда эмас, сифатдадир. Янги Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолиятида ҳам асосий мезон таълим сифати, илмий салоҳият, маънавий тарбия ва жамиятга муносиб хизмат қиладиган мутахассисларни вояга етказишда.
Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва Тошкент ислом институти фаолият юритган бўлса, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Бухоро шаҳрида Мир Араб олий мадрасаси, 2018 йилда Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби, 2020 йилда Термиз шаҳрида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси, 2024 йилда Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 4 та олий, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси (шундан иккитаси аёл-қизларга ихтисослашган) фаолият кўрсатмоқда. Уларда таҳсил олаётган икки ярим мингдан зиёд талабага 500 га яқин профессор-ўқитувчи сабоқ бериб келмоқда.
Диний соҳа ходимларининг асосий қисмини ташкил этадиган имом-хатибларнинг билим ва малакаларини янада ошириш, ўрта махсус диний маълумотга эга имом-хатибларни олий диний маълумотли кадрлар билан алмаштириш мақсадида 2019 йилда Тошкент ислом институтида модул таълим тизими жорий қилинди. Мазкур таълим тизимида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган имом-хатиблар танлов асосида ўқишга қабул қилиниб, ишдан ажралмаган ҳолда 3 йил давомида таҳсил олади. Бугунги кунга қадар бу таълим йўналиши бўйича 600 дан зиёд имом-хатиб олий маълумотга эга бўлди.
Президентимизнинг 2023 йил июнь ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғи ижроси юзасидан 2024-2025 ўқув йилида таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, тор йўналишлар бўйича етук кадрларни тайёрлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида магистратура мутахассислиги ташкил этилган эди.
Жорий йилда илк 10 битирувчи “Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти” ва “Ҳадис илмлари” йўналиши бўйича магистратура мутахассислигини муваффақиятли тамомлади. Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг катта мажлислар залида магистрларга тантанали равишда диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, таниқли уламолар, имом-хатиблар, соҳа фахрийлари, педагог-ўқитувчи ва талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов илк битирувчиларни самимий қутлаб, тегишли пул мукофоти сертификатларини ҳар бир магистрга тантанали равишда топширди. Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари битирувчиларни ўқишини муваффақиятли тамомлагани билан муборакбод этиб, катта тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади. Муфтий ҳазратлари илк магистрларнинг ойлик иш ҳақига Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаб берилишини эълон қилди. Битирувчи магистрлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг марказий аппарати, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ишга тақсимот қилинди.
Тарих такрорланиб туради
Ўзбекистон қадимдан буюк алломалар, улуғ мутафаккирлар юрти сифатида эъзозланади, қадрланади. Тарихда юртимиз алломалари бутун дунёга устозлик қилган, жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
2024 йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этган Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ “Юртингизнинг ҳар қадамида улуғ алломаларнинг хоки бор. Бу замин илм ва уламолар юртидир. Энди сизларнинг вазифангиз ана шу буюк меросни қайта тирилтириш ва дунёга танитишдир”, деган эди. Ҳақиқатан, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида бутун дунё Ўзбекистонга, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийларга қандай талпинган бўлса, бугун ҳам Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган юртимизга дунё афкор оммасининг қизиқиши тобора ортиб боряпти.
Халқимизда “Тарих такрорланиб туради”, “Оққан дарё оқаверади” каби ажойиб мақоллар, нақллар бор. Чиндан ҳам IX-XII ҳамда XIV-XV асрларда юксак ақлу заковати, теран тафаккури, бой маънавий-маърифий салоҳияти билан бутун дунёни забт этган буюк аждодларимиз сингари бугун янги Ўзбекистонда таҳсил олаётган ёшлар ҳам боболаримизнинг муносиб издоши сифатида тарихни такрорлашга астойдил киришган. Улар орасида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратура йўналишини тамомлаган ўн нафар иқтидорли битирувчи ҳам бор. Уларни Ўзбекистоннинг етук мутахассислари, Президент кадрлари дея баралла айта оламиз. Келгусидаги фаолиятларига Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи
"Янги Ўзбекистон" газетасининг 2026 йил 6 август сонидан