Ривоятга кўра, Аллоҳ таоло қиёмат кунида уч юз йил ибодат қилган бандани чақириб: “Менинг раҳматим билан жаннатга кир”, дейди. Банда: “Мен сенга уч юз йил ибодат қилдим, сенинг раҳматинг билан жаннатга кираманми?” деб сўрайди.
Кейин Аллоҳ таоло бандани адли билан сўроқ қилиб, тарозининг бир палласига унинг кўзини, бир палласига солиҳ амалларини қўйишни буюради. Шунда банданинг солиҳ амаллари Аллоҳ таоло берган кўзнинг шукронасига ҳам етмай қолади.
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг неъматлари бисёр. Доим улар ичида бўлганимиз боис гоҳида унинг қадрини билмай қоламиз.
Инсон учун саломатликдан катта неъмат бўлмаса керак. Бироқ, буни бирор жойимиз оғриб, касалликка чалинганимизда кўпроқ ҳис этамиз. Айниқса, бутун борлиқни кўриб, англашимиз учун хизмат қилаётган кўзимиз оғриса борми, унинг нақадар улуғ неъмат эканини янада чуқурроқ англаймиз.
Албатта, шифокору ҳамшираларга бориб, дардимизга даво топганимиздан сўнг фидойи касб эгаларидан миннатдор бўламиз.
Шу йил апрель ойида Самарқанд шаҳар 1-клиникаси кўз касалликлари бўлимида даволаниб, 15 йиллик дардимдан фориғ бўлиб, Аллоҳга беҳад шукроналар айтдим.
Шу ўринда бизга сифатли тиббий хизмат кўрсатган Кўз касалликлари бўлимининг малакали тиббиёт ходимларидан мамнунлигимни алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Чунки тиббиёт масканига қадам қўйишим билан бу ердаги тозалик ва ҳудуднинг манзараси кайфиятимни янада кўтарди. Шунингдек, ушбу шифо масканидаги соҳа ходимлари беморларни нафақат дори-дармонлар билан, балки ширин сўз, меҳрибонлик ва ўз касбига садоқат билан даволашларининг, айниқса, кўплаб инсонларга бепул хизмат кўрсатиб, элнинг дуосини олаётганига гувоҳ бўлдим.
Икки дунё саодатини топиш илинжида мана шундай савоб амалларни бардавом қилаётган юртдошларимизни Аллоҳ таолонинг Ўзи мукофотласин.
Шароф МАРУПОВ,
Самарқанд вилояти, меҳнат фахрийси
? "Ҳидоят" журналидан
Ўтган солиҳлардан бири Аллоҳ таолонинг ушбу: “...Маст ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг...” (Нисо сураси, 43-оят) оятини эшитиб, бундай деди: “Қанчадан-қанча намозхонлар борки, улар хамр ичмаганлар, лекин дунёнинг машғулотлари уларни маст қилиб қўйганидан намозида нима деяётганини билмайди”.
Изоҳ: Демак, инсон нафақат ароқ ёки бошқа маст қилувчи ичимликлардан, балки дунёнинг кўплаб чалғитувчи, ўзига тортувчи ишлари, ташвишлари ва уларни ҳал қилишга бўлган ҳаракатлар натижасида ҳам “маст” бўлиши мумкин экан.
Яъни, инсон шунчалик кўп дунёвий ишларга шўнғиб кетадики, улар унинг фикри-ёдини эгаллаб олади ва оқибатда у Аллоҳга ибодат қилаётганида ҳам дунёни ўйлайверади, намозида нима деяётганини тушунмай қолади.
Шунингдек, дунёга бўлган ҳаддан ташқари муҳаббат ва у билан банд бўлиш инсоннинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатишини, натижада ибодатларнинг қадри ва моҳияти ҳам йўқолиб қолади.
Худди маст инсон каби, бундай киши ҳам ўзининг ҳолатини тўлиқ англаб етмайди ва ибодатнинг ҳақиқий ҳузуридан маҳрум бўлади.
Эслатма: Қуръони каримдаги: “Маст ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг..” ояти ичкилик хусусида нозил бўлган иккинчи оятдир.
Агар биринчи оятда (Бақара сураси, 219-оят) ичкиликда кўп фойда ва зарарлар бор, аммо унинг зарари фойдасидан кўпроқ, дейилган бўлса, бу ерда мусулмонлар учун энг улуғ мақом бўлган намоз ўқиш пайтида маст ҳолда бўлмасликка буюриш билан Қуръон унинг ҳаром нарса эканлигига ишора қилиб, унга нисбатан мўминларда нафрат уйғотмоқда.
Навбатдаги ичкилик тўғрисида келадиган оятда уни ҳаром, деб эълон қилинади. Шариатнинг барча ҳукмлари ана ўша сўнгги оятга асосланади.