Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган намунавий-амалий тадбирларнинг навбатдагиси 4 февраль куни Бухоро шаҳрида ўтказилди.
Тадбирлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов ва Обиджон домла Қодиров бошчилигида бўлиб ўтмоқда.
Дастлаб, “Мир Араб” олий мадрасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, вилоят вакиллиги ходимлари, шунингдек, “Ҳаж-2024” ҳожилари ва маҳалла раислари иштирокида йиғилиш ташкил этилди.
Тадбир давомида ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар, шу билан бирга отинойилар ўзларига бириктирилган маҳалла ҳудудидан “Ҳаж-2024” зиёратчисини маънавий-маърифий тадбирларга жалб этишди. Муаммоли хонадонларга кирилиб, ҳол-аҳвол сўралди. Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 160 та оилага, отинойилар 4 тоифага мансуб 16 та оилага, умумий ҳисобда 176 та оилага маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам қилинди.
***
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг Бухорога ташрифи доирасида муфтий ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов Мир Араб олий мадрасаси талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда талабаларга яратилган шарт-шароитлар борасида ҳам сўз бориб, юксак даражада экани ва бунинг шукри фақат илм олиш билан адо этилиши ҳақида сўз кетди.
***
Мир Араб олий мадрасасининг устоз ва талабалари томонидан чиқарилаётган видеочиқишлар сифатини янада ошириш мақсадида овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси зарурий техник жиҳозлар билан таъминланди.
Зайниддин домла Эшонқулов мадрасасидаги тасвирга олиш хонаси билан ҳам танишиб, медиамарказ фаолиятига хайр тилаб дуо қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мир Араб олий мадрасасида Бухоро давлат университети билан ҳамкорликда аллома аждодларимиздан бўлган Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижодини ўрганишга бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Олий мадрасанинг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Мустафо Ходжаев, Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом хатиби Абдуғофур Раззоқов, Бухоро давлат университети Ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчиси Азимжон Ҳамидов, устоз ва талабалар иштирок этди.
Абдуғофур Раззоқов Мир Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, қолдирган илмий мероси, асарларидаги яхшилик, гўзалликка тарғиб масалалари, буюк мутафаккирнинг нафақат туркий, балки, форсий тилда қилган ижодининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўзлади.
Азимжон Ҳамидов эса шоир, адиб, олим, саркарда, йирик давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт йўли, асарлари, Ватан соғинчи тараннум этилган асарларига тўхталди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати