frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Жаннатга кўчадиган рози-ризолик

05.02.2025   12523   3 min.
Жаннатга кўчадиган рози-ризолик

«...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо сураси, 19-оят). 


Бугунги кунга келиб солиҳ эркаклар қатори солиҳа аёллар ҳам камайиб бормоқда. Ачинарлиси, эркакнинг ва оила аъзоларининг яхши муносабатини суиистеъмол қилаётган аёллар бор. Айниқса, эркак оилани сақлаб қолишни истаса, аёл арзимаган сабаб билан ажрашишга ҳаракат қилади. Шундай вазиятларда эрнинг нафсонияти билан ўйнашишдан ҳам тап тортмайди. 

Хизмат юзасидан кўплаб хонадонларда бўламиз. Ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни муросага келтириш вазифамиз. Шундай вақтларда эр-хотин жанжали, қайнона-келин можароси, қудаларнинг низосида бир бурчакда бу ҳолатга жавдираб қараб турган болалар юрагимни эзади. Болага буюмдай муносабатда бўлиб, уни у ёқдан-бу ёққа тортқилаётган катталарни инсофга чақириш осон эмас. Жаҳл чиққанда ақл кетади. Шу норасидаларнинг келажаги учун ҳам оилани асраб қолишга ҳаракат қиламиз. 

2024 йилда Бухоро туманида ажрим ёқасида турган 62 та оила яраштирилди. Шулардан саккизтаси “Кучкумар” маҳалласидаги оилалардир.

Бундан бир йилча аввал бир нафар фарзанди бор эр-хотин ажрашишга қарор қилди. Қайнона кўзида ёш билан бундай дейди: “Ўзи учун овқат тайёрлаб, идишларини ҳам ювмай, хонасига кириб кетади. Ёш-да, юмушларга ўрганиб кетар, десам, бетгачопар, дангасалиги ортиб боряпти. Набирам бор, деб ўғлимни ажрашиш фик­ридан қайтаргандим. Орасидан гап ўтганми, бир куни ҳовлида ўғлим билан қаттиқ жанжаллашяпти. Шунда оилани ажрашиш фик­ридан қайтариш учун уларни келинининг муайян вақтгача онасиникида яшашига кўндирдик. 

Келин бўлган уйида эри, қайнонаси койи­ган бўлса, икки ой ўтар-ўтмасдан дангасалиги боис онаси ва акасидан ҳар куни дашном эшитаверибди. Бир куни ўша келин менга қўнғироқ қилиб, пушаймонлигини, шундай яхши оиласининг қадрига етмаганини айтиб, йиғлади. Ота-онаси уни эрининг уйига олиб борди. Ҳозир оила аҳил, иноқ.  

Ҳанафий мазҳабимизнинг мўътабар манбаларидан бўлган “Дуррул мухтор” китобида бундай дейилади: “Никоҳ ва иймон жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома муайян муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-биридан рози бўлган умр йўлдош­ларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.

Ҳар бир оила ана шундай саодатга эришсин! Мустаҳкам оилалар кўпайсин!

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатда бир бозор бор. Ҳар жума унга (жаннатийлар) келадилар. Сўнгра шамол эсиб, уларнинг юзларию кийимларига мушк сочади ва уларнинг ҳусни жамоли зиёда бўлади. Кейин (уларнинг) ҳусни ва жамоллари зиёда бўлган ҳолда қайтадилар. Аҳллари уларга: “Аллоҳга қасам, биздан кейин ҳусни жамолда янада зиёда бўлибсиз”, дейдилар» (Имом Муслим ривояти). 


Тўхтанор НУРИДДИНОВА,
Бухоро тумани “Кучкумар” маҳалласи отинойиси


"Мўминалар" журналининг 2025 йил 1-сонидан олинди

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Эрҳан Афёнжу: Ўзбекистон – туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган замин

18.08.2026   98209   1 min.
Эрҳан Афёнжу: Ўзбекистон – туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган замин

Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.

Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.

Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.

“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.

Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.

“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.

Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.

Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.

Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари