Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Феврал, 2025   |   13 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:22
Пешин
12:42
Аср
16:11
Шом
17:56
Хуфтон
19:10
Bismillah
12 Феврал, 2025, 13 Шаъбон, 1446

Аломатларга боқинг!

5.02.2025   4440   4 min.
Аломатларга боқинг!

Коинотда, атроф-жавонибимизда, тарихда ва ҳатто ўз нафсимизда кечадиган баъзи бир ҳолатлар, ўзгаришлар борки, ана шу ҳолатлар бизларнинг кейинги аҳволимиздан огоҳлантиради. Ушбу ҳолатларни бир сўз билан “аломатлар” (белгилар) деб номланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизларни ана шу аломатлар билан огоҳлантириб туришини баён қилган.
Масалан, инсон туғулганда ҳеч нарсани билмайдиган норасида гўдак бўлади. Аста-секин улғая боради, куч қувватга тўлади, ақл-заковати ортади ва охир оқибат яна кексайиб кучдан қолади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: “Сизларни Аллоҳ яратди. Сўнгра вафот эттиради ҳам. Сизларнинг орангизда энг тубан умр кўришга (кексайиб, заиф ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг ҳеч бирини билмай қоладиган кишилар ҳам бордир. Албатта, Аллоҳ билимли ва қудратлидир” (Наҳл сураси, 70-оят). “Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини хам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир, ақл юргизмайдиларми?!” (Ёсин сураси, 68-оят).

Сочда оқ, суякларда мўртлашиш бошланиши билан инсон огоҳ бўлиши керак. Зеро, бу умрнинг поёнига етиб бораётганлигидан далолатдир. Аллоҳ таоло ушбу аломатлар билан бизларни огоҳлантирмоқда. Демак, энди инсон маъсиятлардан тийилиши, гуноҳларига тавба қилиши, оламларнинг раббиси бўлмиш Аллоҳ таолога юзланиши, охират тадоругини кўриши лозим бўлади.
“Бас, қачонки, у (инсон) вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: “Роббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман”, – дейди” (Аҳқоф сураси, 15-оят). 

Қирқ ёш камолот ёши ҳисобланади. Шу ёшга етишнинг ўзи инсоннинг Роббисига қайтмоқ фурсати келганлигидан далолатдир. Оқил инсон ушбу ёшда тавба йўлига ўтади. “Роббим! Дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим (сочим) оқарди. Эй, Раббим! Мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) бахтсиз бўлган эмасман” (Марям сураси, 4-оят). 

Табиат ҳодисаси бўлмиш зилзилалар ҳам Аллоҳ таолонинг огоҳлантиришларидан бири ҳисобланади. “Қачонки, Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан қимирлаганида, Ер (ўз қаъридаги конлару мурдалардан иборат) “юк”ларини (юзага) чиқариб ташлаганида, ва (қайта тирилишни инкор қилувчи) инсон (даҳшатга тушиб): “Унга не бўлди экан?” – деб қолганида,  – ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар” (Залзала сураси, 1-4-оятлар).

Демак, зилзила ҳам коинотдаги аломатлардан бири бўлиб, инсонга охират кунини эслатади, Аллоҳга тавба қилиб, Унга қайтмоқлик фурсати келганлигига далолат қилади.
Аллоҳ таоло осмон жисмлари бўлмиш Ой ва Қуёшларни ҳам бежиз яратмаган. Уларни коинотда сайр қилдириб қўйганлигининг ўзи ҳам инсоният учун бир огоҳлантириш. Яъни умр ўтиб бораётганлиги, вақт оз қолаётганлигининг аломатидир.

“Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу Азиз (қудратли) ва Алим (билимли зот)нинг ўлчовидир. Биз Ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз” (Ёсин сураси, 38-39-оятлар).

Дарҳақиқат, Ой аввал бошда ҳилол бўлиб кўринади, сўнгра тўлин ой шаклига киради. Ундан кейин яна ҳилол ҳолатида қайтиб тугайди. “Сиздан (эй, Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. “Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир”, – деб айтинг” (Бақара сураси, 189-оят).

        لكل شئٍ إذا ما تم نقصانه    فلا يُغر بطيب العيش إنسان
        هي الأمور كما شاهدتها دول  من سرّه زمن ساءته أزمـــــــــان

Маъноси:
Ҳар нарсаки камолга етгач, нуқсонга учрар,
Айшнинг роҳатига алданма, инсон.
Кўрганингдек, ишлар навбати билан,
Бир гал масрурдирсан, бошқа пайт ғамнок.


Мазкур байтларни Абулбақо ар-Рундий раҳимаҳуллоҳ (601-684ҳ./1204-1285м.) Андалусиянинг мағлубиятини кўрганда айтган экан.
Демак, оқил инсон тарихдан ҳам, табиат ҳодисаларидан ҳам, ҳатто ўзининг хилқатидаги ўзгаришлардан ҳам ўзи учун хулосалар олиши ва бу хулосалар унинг имонининг қуввати ортишига, гуноҳлардан қайтиб, Аллоҳнинг тоатига бўйин эгишга сабаб бўлмоғи лозим.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар

2024 йилда Бухорога 6 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрган (Фоторепортаж)

7.02.2025   7075   1 min.
2024 йилда Бухорога 6 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрган (Фоторепортаж)

Кўҳна ва боқий Бухоронинг бой маданий-тарихий мероси, ўз бағрида бир неча асрлик мозий сир-синоатини сақлаб келаётган маҳобатли ёдгорликлари, зиёратгоҳлари бугун ҳар галгиданда гавжум.
 

Ўтган 2024 йил давомида кўҳна шаҳарга 1 миллион 745 минг 200 нафардан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, уларга кўрсатиладиган хизматлар орқали туризм экспорти 436,3 миллион АҚШ долларига етказилган. Шу билан бирга, республика ҳудудларидан Бухорога 4 миллиондан зиёд маҳаллий аҳоли саёҳат мақсадида ташриф буюрган.


Шаҳарнинг сайёҳлик салоҳиятини яхшилаш мақсадида ўтган йили 74 та жойлаштириш воситаси, жумладан, 17 та меҳмонхона, 15 та хостел, 42 та оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилди.  Шунингдек, ҳудудда 43 нафар янги туроператор-турагент иш бошлаши натижасида уларнинг сони 2023 йилдаги 143 дан 186 нафарга етган.  

Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА

2024 йилда Бухорога 6 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрган (Фоторепортаж) 2024 йилда Бухорога 6 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрган (Фоторепортаж) 2024 йилда Бухорога 6 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрган (Фоторепортаж) 2024 йилда Бухорога 6 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрган (Фоторепортаж)
Ўзбекистон янгиликлари