Диний идора тасарруфидаги масжидларда фаолият юритиб келаётган имом-хатиб ва имом ноиблари, отинойилар, "Хадичаи Кубро" мадрасаси муддарисалари 2025 йил 6 январь кунидан бошлаб 1 ой давом этадиган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ва унинг минтақавий филиалларида ташкил этилган 144 соатлик малака ошириш ўқувлари жараёнида 138 нафар соҳа ходимлари тингловчи сифатида малака оширди.
Навбатдаги малака ошириш ўқувлари 3 февралдан бошланиб, унда 129 нафар имом-хатиб ва имом ноиблар тингловчи сифатида иштирок этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкил топганига 35 йил тўлгани муносабати билан Олмаота шаҳрида “Марказий Осиё ва Қозоғистонда Ислом: тарихий анъаналар ва замонавий имкониятлар” мавзусида нуфузли халқаро анжуман ўтказилди. Унда турли давлатлардан келган ислом уламолари иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази директор ўринбосари Ғуломиддин Холбоев ҳам қатнашиб, “Сунъий онг (интеллект) ва унинг ҳукми” мавзусида чиқиш қилди.
Дарҳақиқат, сунъий онг (СО) – одам каби фикрлаб, қўйилган муаммога ечим топишга йўналтирилган бугунги технология. Гарчи у турли ускуна ва жиҳозлар кўринишида бўлса ҳам, қарор қабул қилиш, инсоний хулқ-атворга тақлид қилиш каби қобилиятларга эга.
Ахборот асри деб аталаётган бугунга келиб илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари жуда ҳам тез ва шиддат билан ривожланиб бормоқда. Тараққий этган ўлкаларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш кенгайиб, у кўплаб соҳаларга кириб бормоқда. Ушбу “онг”нинг шаръий ҳукмига аниқлик киритиш замона фақиҳлари олдида турган муҳим вазифалардан. Зеро, ундан мусулмонлар ҳам кенг миқёсда фойдаланмоқда.
Ўзбекистон уламолари вакили Ғуломиддин домла Холбоевнинг чиқиши шу маънода катта қизиқиш билан тингланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати