Учтепа туманидаги 193-мактабда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари устоз Ҳомиджон домла Ишматбеков иштирокида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида аҳоли вакиллари, ёшлар ва хотин-қизлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ушбу учрашувда дунёвийлик, ибодатда кўр-кўрона тақлиднинг салбий жиҳатлари ҳамда неъматлар шукри ила зиёда бўлиши ҳақида, шунингдек, фарзанд тарбияси оиладаги энг олий қадрият эканлиги ва ота-онанинг фарзандларга ўрнак ва ибрат бўлишидаги муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтилди. Маъруза давомида фарзандларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, уларни соғлом эътиқодли қилиб тарбиялашдаги ҳар бир ота-онанинг ўрни каби муҳим мавзуларда ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир сўнгида аҳоли томонидан ижтимоий, ақидавий ҳамда мазҳабсизликнинг салбий оқибатларига доир берилган саволларга атрофлича жавоблар берилди.
@marifiymarkaz
Cавол: Тилла ёки нақд пулим йўқ. Аммо 600 грамм кумушим бор. Шу кумушдан закот бераманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Кумушнинг нисоби икки юз дирҳам, яъни 595 граммга тенг. Кимда шу ва шундан кўп миқдордаги кумуши бўлиб, бир йил ўтган бўлса, қирқдан бирини закот сифатида беради. Тилла ва кумушда қиймат эмас, вазн ҳисобга олинади. Шу сабабли кумушнинг нархи закот нисобига етмаслиги мумкин, аммо вазн жиҳатдан етгани учун закот берилади. Закот беришда, кумушнинг ўзидан ёки қийматидан берса ҳам бўлади (“Бадоъиус-саноиъ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.