Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июл, 2025   |   30 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:35
Қуёш
05:12
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Июл, 2025, 30 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Энг кам маҳр миқдори қанча?

07.02.2025   10712   6 min.
Энг кам маҳр миқдори қанча?

«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр-хотинлик қилиш баробарида аёл ҳақдор бўладиган нарсанинг исмидир.

Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони каримда унга нисбатан «садоқ», «садақа», «ажр», «фарийза», «ниҳла» исмлари ишлатилган. Бизда маҳрнинг ўрнига «қалин», «сут пули» каби иборалар қўлланади.

Баъзи уламолар: «Маҳрнинг ўнта исми бор», деганлар. Бизда «маҳр» исми машҳур бўлганлиги учун шу исмни қўллашни маъқул кўрдик.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади: «Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг» (4-оят).

Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади, агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам.

Берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилади ва маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади. Бу шаръий ҳукм келинларни ҳурматлаш, тақдирлаш ва эркалашнинг муҳим бир кўринишидир.

Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто шундайки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.

Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда ва маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.

Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши.

Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб эрининг берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «...فَالْتَمِسْ وَلَوْ خَاتَمًا مِنْ حَدِيدٍ...». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмоқчи бўлган кишига:

«...Агар бир темир узук бўлса ҳам топ...», – деганлар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Набий алайҳиссалом бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганлари собитдир.

Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар.


Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир

Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу – нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Ушбу маълумотга суяниб, ҳар бир даврдаги маҳрнинг энг оз миқдорини белгилаш осон бўлади. Бунинг учун ўша даврнинг закот нисоби, мазкур миқдорнинг йигирмадан бири аниқланса, энг оз маҳр миқдори чиқади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا مَهْرَ أَقَلَّ مِنْ عَشْرَةِ دَرَاهِمَ. رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ», дедилар (Дорақутний ва Байҳақий ривоят қилганлар).

Агар ўн дирҳам миқдоридан озни айтган бўлса ҳам, ўн дирҳам миқдорини бериш вожиб бўлади.

Маҳр пул бўлиши шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади.

Агар ундан бошқани айтган бўлса, икковларидан бири вафот этганда ёки саҳиҳ хилват бўлганда аталган нарсани бериш вожиб бўлади.

Яъни, эр тараф келинга ўн дирҳамдан оз бўлган маҳрдан бошқани, ўн дирҳам ёки ундан кўпни маҳрга беришни атаган бўлса, бирлари вафот этган чоғида ёки икковлари саҳиҳ хилватда қолганларидан кейин ўшани бериш вожибга айланади.

Саҳиҳ хилват деганда, ақди никоҳдан кейин эру хотин бир жойда холи қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеъликлар бўлмаслиги кўзда тутилади.

Холи жой деганда, ҳамма томони яхши тўсилган, икковларининг изнисиз олдиларига биров кира олмайдиган макон кўзда тутилади.

Ҳиссий монеълик деганда, эр беморлиги туфайли вақтинча жинсий алоқага ярамай турганлиги кўзда тутилади. Шунингдек, аёлнинг фаржида тўсиқ бўлиб, жинсий алоқага монеъ бўлиши ҳам ҳиссий монеъликка киради.

Шаръий монеълик деганда, аёлнинг ҳайзли ёки нифосли бўлиши, иккисидан бири рўзадор ёки эҳромда бўлиши кўзда тутилган.

Табиий монеълик деганда, эр-хотиндан бошқа шахснинг улар билан бирга бўлиши кўзда тутилган.

Ана ўша шартлар тўлиқ бўлиб, саҳиҳ хилват юзага келгандан кейин эрга маҳрни тўлиқ бериш вожиб бўлади, агар хотиннинг айби билан никоҳ бузилса ҳам. Мисол учун, қовушгандан ёки саҳиҳ хилватдан кейин аёл диндан чиқиб, муртад бўлса ҳам, маҳрни тўлиқ олиш ҳаққига эга бўлади.

Шунингдек, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, эр‑хотиннинг бирининг ўлими билан ҳам тўлиқ маҳр вожиб бўлади. Ўлим қовушганларидан олдин содир бўладими, кейинми, барибир.

Жинсий олатнинг кесилган бўлиши, жинсий заифлик ва бичилганлик ман қилувчи омил эмас.

Бундай ҳолатларда ҳам келин-куёв ёлғиз қолсалар, саҳиҳ хилват ҳисобланаверади.

Давоми бор...

"Бахтиёр оила" китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Анқарада Туркий давлатлар уламолари ўзаро тажриба алмашмоқда

23.07.2025   2984   1 min.
Анқарада Туркий давлатлар уламолари ўзаро тажриба алмашмоқда

Шу кунларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Диний идоралари ҳузуридаги Фатво кенгашининг навбатдаги семинари Туркия пойтахти Анқара шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларидан келган мутахассислар иштирок этмоқда.
 

Тадбир Туркий давлатлар ташкилоти котибияти ташаббуси ва Туркия диёнат ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилиш олти кунлик махсус семинар шаклида ўтказилмоқда. 


Мазкур йиғилишда янги ойни кузатиш, намоз вақтлари, тақвим тузиш, озуқа маҳсулотларига қўшиладиган желатин моддасининг ҳукми, сафар масофаси, закот нисобини аниқлашга оид масалалар бўйича ҳар бир юрт вакили ўз тажрибаларини баён қилиб, фикр-мулоҳаза алмашмоқда. Шунингдек, тадбир қатнашчилари Туркия диёнат ишлари бошқармаси иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда. 


Йиғилишдан кўзланган мақсад Туркий давлатлар ўртасида диний-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, фатволар чиқаришда ўзаро якдиллик ва бирхилликни таъминлашдир.   


Ушбу халқаро семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари Ғуломиддин домла Холбоев, Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров, Абдулатиф домла Турсунов қатнашмоқда.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Анқарада Туркий давлатлар уламолари ўзаро тажриба алмашмоқда Анқарада Туркий давлатлар уламолари ўзаро тажриба алмашмоқда