“Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасида Республикамиз ҳожилари иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Айтиб ўтиш жоизки, 2024 йилнинг 18 июлидан 2025 йилнинг 6 февралига қадар ўтказилган 65 минг 729 та тадбир доирасида 402 931 нафар юртдошимиз қамраб олинди. Уларнинг оилавий шароитларидан келиб чиқиб, тинчлик қадри ва шукроналик, ёшлар тарбияси, иллатларга барҳам бериш, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар берилди.
Ушбу хайрли ишларга диний соҳа вакиллари билан бир қаторда 11 мингдан зиёд ҳожилар жалб этилган бўлиб, улар маҳаллаларда амалий ишларда кўнгилли равишда иштирок этишмоқда. Низоли оилаларни яраштиришда, ёт унсурлар таъсирига тушиб қолганларни тўғри йўлга қайтаришда муҳтарам ҳожи ота-оналаримизнинг кўмаклари катта бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бухоро шаҳридаги Ёшлар маркази мажмуасида Бухоро вилоятидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Азизбек Қаландаров, Дин ишлари бўйича қўмита бош мутахассиси Зулҳайдар Султонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Муҳаммадамин Насриев, Бухоро вилояти бош имом-хатиби, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир Элов иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар таълим тизимидаги долзарб масалалар, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, ижтимоий тармоқдан тўғри фойдаланиш аҳоли ўртасида маънавий-маърифий муҳитни соғломлаштириш масалаларида нутқ сўзлади.
Айтиб ўтилган мавзулар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, тавсия ва таклифлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати