Шу йилнинг 6 феврал куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўрта махсус диний таълим муассасаларининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича янги тайинланган мудир (директор) ўринбосарлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, раис ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳамда Таълим ва илмий-тадқиқот, Кадрлар ва Ички назорат бўлимларидан вакиллар иштирок этди.
Тадбирда янги тайинланган ходимлар ҳам таништирилиб, таълим муассасаларида маънавий-маърифий йўналиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Янги раҳбар ходимларга керакли тавсиялар берилиб, хусусан, ёшларнинг ахлоқий ва маънавий тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, уларга миллий ва диний қадриятларимизни сингдириш, замонавий таълим усулларидан самарали фойдаланиш масалалари эслатиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тўй инсон ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлиб, у фақат икки инсоннинг бирлашуви эмас, балки янги оила пойдеворининг қўйилишидир. Ислом бу борада аниқ йўриқлар бериб, никоҳни енгиллаштириш, ортиқча исрофгарчиликдан қочишга чақирган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳни енгиллаштириш ва маънавий жиҳатдан бой қилишга чақирганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафийя розияллоҳу анҳо билан тўй қилганларида, валима таоми сифатида савиқ (қовурилган буғдой ёки арпа уни) ва хурмо тортдилар» (Ибн Можа, 1909-ҳадис).
Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўй маросимларини ортиқча дабдаба билан эмас, балки оддий ва баракали таомлар билан ўтказганлар. Тўй маросимининг асосий мақсади исрофгарчилик қилиш эмас, балки никоҳнинг эълон қилиниши ва мўминларнинг бир-бирига дуолар қилишидир.
Бугунги ҳолат
Афсуски, бугунги кунда бу тамойиллар аксинча амалга оширилмоқда. Ҳозирги ўзбек тўйларига назар ташласак, ҳаддан ташқари дабдабали маросимлар, юзлаб меҳмонлар, қимматбаҳо либослар ва ортиқча харажатлар билан ўтмоқда. Кўп ҳолларда тўй ўтказиш учун қарз олиш, банкдан кредит олиш ёки ортиқча мажбуриятларни бўйнига олиш ҳоллари ҳам учраб туради.
Нима қилишимиз керак?
1. Никоҳни осонлаштириш: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Никоҳнинг энг баракали бўлгани энг осон ва энг енгил қилингани» (Ибн Ҳиббон, 4163-ҳадис).
2. Исрофгарчиликдан воз кечиш: Тўй маросимлари ортиқча чиқим ва риё учун эмас, балки барака, дуолар ва оилавий бахт учун бўлиши керак.
4. Жамиятни хабардор қилиш: Бу борада уламолар, имомлар ва катталар ёшларга тўғри йўналиш беришлари, никоҳ ва тўй тамойиллари ҳақида тушунтиришлари зарур.