"Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юртида имконияти чекланган фуқаролар учун ташкил этилган "Қуръони карим ва тажвид" ўқув курсининг навбатдаги босқичи бошланди.
Таъкидлаш жоизки, билим юртида ушбу ўқув курси бир неча йилдан буён самарали фаолият юритиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида минглаб тингловчилар бу даргоҳда Қуръони каримни тўғри ўқиш ва тажвид илмини ўрганишга муваффақ бўлишди.
Давлатимиз томонидан яратилган шароитлар, мадраса раҳбарияти ва устозларининг тинимсиз саъй-ҳаракатлари натижасида мазкур муассаса Қуръон илмини ўрганувчилар учун ҳам юксак даражадаги илм масканига айланган. Айниқса, имконияти чекланган фуқаролар учун алоҳида шароитлар яратилгани таҳсинга сазовор.
Тингловчиларга билим юрти томонидан "Муаллими соний" ва Қуръони карим ҳадя қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков иштирокида билим юрти талабалари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда бугунги кунда Республикамизда бўлаётган катта ўзгаришлар, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида сўз борди. Талабалар одоб-ахлоқ борасида барчага намуна бўлиб, таълим олиш даврида ҳамда келажакда диний-маърифий соҳада хизмат қилиш асносида ҳаётнинг турли синовларига сабр қилишлари ҳақида ўгитлар берилиб, бу борада уламоларимиз ҳаётларидан мисоллар келтириб ўтилди.
– Бугунги кунда ислом билим юртларини тугатиб имом-хатиб бўлиб хизмат қилаётганлар жамиятимизда рўй бераётган янгиланишларни, ўзгаришларнинг туб моҳиятини яхши тушунадиган, илмий салоҳияти юксак бўлиши лозим, – деди Ҳомиджон домла Ишматбеков. – Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз ҳаёти, одамларимизнинг онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни қалбан ҳис этган ҳолда кенг халқ оммасига етказиб беришлари бугуннинг талабидир. Чунки глобал ахборот маконида ҳамма кучлар ўз манфаатлари учун кураш олиб бормоқда. Интернетнинг имкониятларидан кенг фойдаланишни тарғиб қилар эканмиз, унинг фойдали жиҳатларига эътибор қаратиб, зарарли томонларидан огоҳликка чақиришимиз зарур бўлиб бормоқда.
Мулоқот сўнгида юртимиз равнақи, соҳалардаги ислоҳотлар тилга олиниб, бардавом бўлиши, барча мутасаддилар ва устозлар-у ходимларнинг ҳақларига дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати