"Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юртида имконияти чекланган фуқаролар учун ташкил этилган "Қуръони карим ва тажвид" ўқув курсининг навбатдаги босқичи бошланди.
Таъкидлаш жоизки, билим юртида ушбу ўқув курси бир неча йилдан буён самарали фаолият юритиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида минглаб тингловчилар бу даргоҳда Қуръони каримни тўғри ўқиш ва тажвид илмини ўрганишга муваффақ бўлишди.
Давлатимиз томонидан яратилган шароитлар, мадраса раҳбарияти ва устозларининг тинимсиз саъй-ҳаракатлари натижасида мазкур муассаса Қуръон илмини ўрганувчилар учун ҳам юксак даражадаги илм масканига айланган. Айниқса, имконияти чекланган фуқаролар учун алоҳида шароитлар яратилгани таҳсинга сазовор.
Тингловчиларга билим юрти томонидан "Муаллими соний" ва Қуръони карим ҳадя қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида касбий маҳоратни ошириш, илмий-ижодий, маънавий-маърифий фаолият олиб бориш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида "Устоз-шогирд" мактаби жорий қилинади.
Бу анъанани қайта тиклаш, соҳада хизмат қилаётган ёш кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида Фарғона вилояти вакиллиги томонидан тадбир ташкил этилди. Унда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов ҳамда шаҳар-туман бош имом-хатиблари, тажрибали имомлар иштирок этишди.
Тадбирда таълим даргоҳларини тамомлаб, соҳада фаолият бошлаган ёш имомлар тажрибали, устозларга бириктирилгани, ушбу тизим ёш имомларнинг касбий маҳоратини ошириш, илмий-ижодий, маънавий-маърифий фаолиятни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Устоз ва шогирдларга қўйиладиган вазифалар айтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати