Саудия Арабистони Қироллиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2024 йилнинг декабр ойида 2025 йилдан бошлаб Умра ва Ҳаж амалларини бажариш учун келадиган барча зиёратчиларнинг менингит инфекциясига қарши эмаланганлик тўғрисидаги ҳужжати бўлиши шартлигини талаб қилувчи меъёрий ҳужжат чиқарган эди.
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда «Ҳаж ва Умра зиёратларига боришида менингитга қарши вакцина олиш керак дейилган қарор бекор қилинди, энди вакцина олмасдан Умрага борсангиз бўлади», деган мазмундаги хабарлар кенг тарқалмоқда.
Санепидқўмита ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Қайд этилишича, Саудия Арабистони Умра ва Ҳаж зиёратларига борувчиларда менингит касаллигига қарши эмланганлик ҳақида ҳужжат бўлиши зарурлигини расман бекор қилмаган.
Мамлакатимизга юқумли касалликларни четдан кириб келишини олдини олиш ва эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида зиёратчиларни менингитга қарши эмлаш тавсия этилади, дейилади расмий маълумотда.
Хabar.uz
Шу йил 12 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат ва таклиф-мулоҳазаларини тингладилар.
Мазкур қабул жараёнида фуқаролар томонидан билдирилган шаръий масалалар, масжидлар қуриш, ҳаж ва умра, ишга жойлашиш, оилавий муносабатлар, моддий ёрдам ва соҳани ривожлантиришга оид масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.
Бугунги қабул давомида Андижон, Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона, Жиззах вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари эшитилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.
Ана шундай қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати