Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Феврал, 2025   |   29 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:41
Қуёш
06:59
Пешин
12:41
Аср
16:28
Шом
18:16
Хуфтон
19:28
Bismillah
28 Феврал, 2025, 29 Шаъбон, 1446

Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси яқинлашмоқда...

12.02.2025   17042   6 min.
Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси яқинлашмоқда...

Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси: ризқлар тақсимланади, қисматлар белгиланади, гуноҳлар мағфират этилади
 

Эслатма! Бу йилги бароат кечаси 13 февраль пайшанба кунидан 14 февраль жумага ўтар кечасига тўғри келмоқда, иншаАЛЛОҲ.

 

Бароат сўзи қандай маънони англатади?

“Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бундай номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазли ила беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар.

 

Бароат кечаси қандай кеча?

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан:Эй Оиша бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” деб сўрадилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират этади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бароат кечасида нималар содир бўлади?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми? дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.

У зот алайҳиссалом: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бароат кечасида гуноҳлар мағфират қилинади

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади” (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бароат кечасида дуолар қабул бўлади

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: “Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким сўраса, унга берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа”.

 

Бароат кечасида одамлар дўзахдан озод қилинади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бароат кечасида қандай амалларни бажариш лозим?

1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этинг.

2. Истиғфор айтишни кўпайтиринг.

“Астағфируллоҳуллазий лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи”.

3. Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг.

Айниқса,

أَعُوذُ بِعَفْوِكَ مِنْ عِقَابِكَ وَأَعُوذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْكَ جَلَّ وَجْهُكَ لَا أُحْصِي ثَنَاءً عَلَيْكَ أَنْتَ كَمَا أَثْنَيْتَ عَلَى نَفْسِكَ

“Аъузу би афвика мин ъиқобик ва аъузу биризока мин сахотик ва аъузу бика минка жалла важҳука лаа уҳсий санаан алайка анта камаа аснайта ъалаа нафсика” дуосини ўқиш лозим.

4. Тоқатингиз етганича зикрлар, нафл ибодатлар, Қуръон тиловати қилинг.

Хусусан,

سبحان الله والحمد لله ولا إله إلا الله والله أكبر ولا حولَ ولا قوةَ إلا بالله العلي العظيم

“Субҳааналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм” зикрини кўп айтиш тавсия этилади.

5. Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди), дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

 

Бароат кечасини бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.

 

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни бу муборак ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазон ойига соғ-саломат етказсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар

У талоқнинг калитидир

27.02.2025   1560   10 min.
У талоқнинг калитидир

Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар, жамиятдаги етакчи доираларнинг ёш авлодни оилали қилиш борасидаги бурчлари уларни никоҳлаб қўйиш билан чекланмайди. Балки, келинлик ва куёвликка номзод ёшларга никоҳ, оила, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари, оила тутиш сирлари, эр-хотинлик муносабатлари каби нарсаларни ўргатиш ҳам зарур. Бу борада ҳам қилишимиз лозим бўлган ишларимиз анчагина.

Ҳозирги кузатишлар натижасига қараганда, кўпчилик ота-оналар фарзандларини оилали қилиш мақсадида мол-дунё ва сеп йиғадилар, совчилик, қудачилик борди-келдиларини қиладилар ва каттароқ тўй қилиш билан ўз бурчларини адо этган бўлиб, эркин нафас оладилар. Аммо энг муҳим масалалардан бири бўлган нарса – қизларини келинликка, ўғилларини куёвликка тайёрлаш эсларидан чиқиб қолади. Минг афсуски, кўпчилик ёшлар гўшангага оила, эр-хотинлик ҳаёти, уларнинг ўзаро муносабатлари, ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда бурч ва масъулиятлари ҳақидаги динимиз таълимотларидан бехабар ҳолда кирадилар.

Одатда, тўй вақтида ва оилавий ҳаётнинг бошланишида келин-куёвнинг яқинлари, куёв жўралар, келин янгалар уларга қандай қилиб бўлса ҳам умр йўлдошини «гаҳ деса, қўлга қўнадиган қилиб олиш» ҳақида ва бошқа бачкана нарсалардан иборат бўлган маслаҳатларни берадилар.

Бундай маслаҳатлар кўпинча маслаҳатгўйнинг ўта тор, тубан тажрибаларига асосланган бўлади. Яъни қўполроқ қилиб айтганда, ўзига енг бўлолмаган бошқа бировга ёқа бўлгиси келади. Бундай «жайдари» маслаҳатларни ўйласанг, уялиб кетасан, киши.

Аслида, «Эр оилада қандай бўлиши керак?» деган саволларга мазкур маслаҳатлар ҳеч қачон жавоб бера олмайди. Аксинча, улар оилада алоқаларнинг кескинлашувига сабаб бўлади, холос.

Баъзи танишларнинг айтишларича, айрим доираларда келинлик ва куёвликка номзодлар тўй куни ғарбча рақс тушишга бир неча ой давомида катта миқдорда маблағ тўплаб, алоҳида дарс олишар ва машқ қилишар экан. Бир неча дақиқалик ҳавас учун анчагина ҳажмдаги пул, вақт, ҳаракат, ақл, заковат сарфлашар экан.

«Улар ана шу пул, вақт, ҳаракат, ақл, заковатни ўзининг оилавий бахти учун керак бўладиган илоҳий таълимотларни ўрганишга сарфлашса бўлмайдими?» деган ҳақли савол пайдо бўлади. Нима учун ушбу ўта аҳамиятли иш ота-оналарнинг эътиборидан четда қолмоқда?

Бу масалага алоҳида эътибор бериш ҳар бир ота-онанинг бурчидир. Авваллари имкони бўлмаган бўлса, алҳамдулиллаҳ, ҳозир имкони бор. Китоблар чиқиб турибди, маърузалар қилиниб, овоз ёзув воситалари орқали таралиб турибди. Халқаро ахборот тармоғи саҳифаларида ҳам кўплаб маълумотлар бор. Билмаганлар сўраб, ўрганишлари мумкин.

Балки, имконини топиб, келин-куёвлар учун ўқув курслари очиш зарур. Бошқа керакли чораларни кўриб, бу аҳамиятли иш бўйича ҳар бир соҳанинг мутахассислари ўз имконларида бор ҳиссани қўшишлари яхши натижаларга олиб боради, иншааллоҳ. Вақтнинг борида мазкур мутахассисликларнинг фаолиятларини мувофиқлаштириш ва самарали бўлишини таъминлаш керак.

Ўғил болаларнинг тарбиясига оталари катта аҳамият бериб, уларда эркакларга хос бўлган олий сифатларнинг шаклланиши учун ўзларидан талаб қилинадиган барча масъулиятларни шараф билан адо қилишлари, фарзандларини етук кишилар этиб тарбиялаб боришлари лозим.

Шунингдек, қизларнинг алоҳида тарбиялари оналарга топширилади. Уларда етук қиз, келин, уй бекаси, хотин, она бўлиш қобилиятларини оналар тарбиялашлари ва камолга етказишлари талаб этилади.

Маданий меросимизга мурожаат қиладиган бўлсак, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида кўплаб гўзал намуналарни кўрамиз.

Мусулмончиликда катталар, хусусан, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ҳаётий тажрибаларни сўзлашлари одат тусига кириб қолган. Айниқса, келинларга қилинган насиҳатлар китобларимизда кўплаб сақланиб қолган.

Улкан саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюрар эдилар», – деганлар.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ўз қизларига қуйидаги насиҳатни қилган эканлар:

«Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилгувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, зийнатларнинг энг афзали шудир».

Амома бинти Ҳорис исмли аёл ўз қизининг келин бўлиб, куёвнинг уйига узатилишидан олдин саодатли оила асосларини баён қилувчи қуйидаги насиҳатларни қилиб, кузатган экан:

«Эй қизгинам! Агар аҳли фазл ва аҳли одобларга насиҳат керак бўлмаганида, сенга ҳам насиҳат қилмасдим. Лекин насиҳат – ғофилга эслатма, оқилга ёрдамдир.

Агар қиз бола ота-онасининг камбағаллиги сабаблигина эрга берилиши керак бўлганида, сен ҳеч қачон узатилмаган бўлар эдинг. Чунки отангнинг бойлиги, мартабаси етарлидир. Лекин Аллоҳ белгилаб берган ҳаёт қонунларига кўра, аёллар эркаклар учун ва аксинча, эркаклар аёллар учун яратилганлар.

Қизгинам! Энди сен ўзинг ўсган ҳаводан айрилдинг. Ўзинг яйраб-яшнаган ошёндан чиқдинг ва нотаниш жойга бориб, аввал ўзинг билмаган шерикка учрайсан. У энди сенинг хожанг, дўстинг ва маҳбубингдир.

Сен унга чўри бўлсанг, у сенга қул бўлади. Сен унга ер бўлсанг, у сенга осмон бўлади. Сен унинг учун қуйидаги ўн хислатни адо этсанг, оилада масъуд ва бахтиёр ҳаёт кечирасизлар:

1. Қаноат соҳибаси бўл, ундан ҳайиқиб тур. Эринг уйга нима кўтариб келса, хушфеъллик ва одоб-назокат билан қабул қилиб ол, ташаккур айт.

2. Эрингга ҳамиша итоатда бўл, амрларини яхшилаб тингла ва бажар.

3. Эрингнинг назари тушадиган жойларга эътибор қил. У сенда хунуклик кўрмасин. Уй ичи ва ҳовлини ниҳоятда озода ва тартибли тут.

4. Эрингнинг бурнига ҳушёр бўл. Димоғига сендан ёмон ҳид кирмасин, фақат хушбўйлик сезсин.

5. Овқатни вақтида тайёрла, асло кечиктирма. Эринг уйга келиши билан, дастурхон сол.

6. Унинг уйқу вақтини, уйғониш пайтини билиб ол. Чунки очлик ва уйқунинг бузилиши эркакларнинг ғазабини қўзғайди.

7. Хожангнинг моли ва ашёсига эътиборли бўл, исроф қилма, авайлаб асра! Чунки унинг мол-дунёси сеникидир.

8. Эрингнинг қариндоши ва яқинларини иззат-ҳурмат қил. Бу билан хожангни ҳурмат қилган бўласан.

9. Эрингнинг сирларини бошқаларга айтувчи бўлма, унинг ишончини йўқотасан.

10. Хожангнинг амрига осий бўлма, унинг динга тўғри келадиган барча буйруқларини адо қил. Шуни яхши билиб олки, хожанг хафа бўлганда хурсанд кўринишдан, у қувонган пайтда ғамгин бўлишдан ўзингни эҳтиёт қил!»

Куёвларга насиҳат қилиш ҳам ўз ўрнида бўлган.

Аввало, Қуръони карим ва Суннатдаги насиҳатларнинг кўпчилиги эркакларга қаратилганини эслатишимиз лозим. Аммо, шу билан бирга, алоҳида уларга қаратилган насиҳатлар ҳам мавжуд. Мазкур насиҳатлардан баъзиларини тақдим этишга ижозат бергайсиз.

«Сен эр ўлароқ, билки, аёлинг аёл бўлганлиги учун сендан бошқача услуб билан тафаккур ва тасарруф қилади, унинг нафсониятини фаҳмлашинг ва эҳтиромини қозонишинг учун қуйидаги насиҳатларга амал қилишинг керак бўлади:

1. У ҳам сен каби тасарруф қилиши керак деб ўйлама. Чунки у сендан бошқача яратилган.

2. Уни эътиборсиз қолдирма. Унга муҳаббат, меҳр ва омонлик ҳадя эт. Чунки у аёллик табиати ила мазкур нарсаларга муҳтождир.

3. Унинг шикоятларини эътиборсиз қолдирма. Аёл киши ҳар доим маънавий ва меҳрли қўлловни истайди.

4. Унга совғалар тақдим қилишда бахил бўлма, чунки аёл зоти бахил эрни ёқтирмайди.

5. Аҳлини зиёрат қилишига қарши бўлма, агар бунга қарши бўлсанг, унинг муҳаббатини йўқотасан. Аёллар ўз аҳлига кўпроқ боғлиқ бўлади.

6. Гоҳ-гоҳи рашк қилишингни билдириб тур. Бу унинг аёллик иззат-нафсини рози қилиб туради.

7. Унга лутф кўрсат, аёллигини қондириб тур.

8. Унинг айбларини юзига солма. У танқидни ёқтирмайди.

9. Ундан юз ўгирма. Аёл киши ўзига қулоқ тутганни яхши кўради.

10. Унга хиёнат қилма. Аёл учун энг оғир нарса эрининг хиёнат қилишидир.

11. Унинг ўзини ҳам, ҳис-туйғуларини ҳам масхара қилма, чунки у нозик хилқатдир, жароҳатни кўтара олмайди.

12. У сендан талаб қилган нарсани унутма. Акс ҳолда унда «қадр-қийматим йўқ экан» деган тушунча пайдо бўлади.

13. Ундан ёрдамингни аяма. Чунки аёл зоти доимо ўзи ишонадиган ва суянадиган шахсга муҳтождир.

14. Оилавий масъулиятларинг ва ваъдаларингни зинҳор эътиборсиз қолдирма. Уларга амал қилишинг аёлингга бўлган муҳаббатингни ҳис қилдиради.

15. Унинг иккингизнинг муаммоларингизни ҳал қилиш бўйича таклифларини эътиборсиз қолдирма. Агар ундай қилсанг, бу унга аҳамият бермаганлигингни билдиради.

16. Ундан муаммоларни оқилона ва мантиқий ҳал қилишини талаб қилма. Чунки аёл киши одатда кўпроқ отифага – ҳис-ҳаёжонга берилган бўлади.

17. Уйнинг майда-чуйда ишларига кўп аралашма. Бу борада унга ишон. Бу унга уйнинг ҳақиқий бекаси эканини сездириб туради.

18. Уни мақтаб туришдан ғофил бўлма. Унинг кийими, зийнати, пиширган нарсаларини, уй тутишини мақтаб тур. Бу унинг аёллик туйғусини рози қилади.

19. Аёл кишининг ҳомиладорлик, туғиш ва ҳайз каби оғир ҳолатларни бошидан ўтказишини асло унутма. Ўша пайтларда унинг ҳис-туйғуларини янада кўпроқ риоя қилиш лозим.

20. Унинг шахсий ҳурриятини кўп чеклама. Хусусан, ижтимоий алоқаларда.

"Бахтиёр оила" китобидан